Жаҳон | 21:07 / 24.04.2023
15140
2 дақиқада ўқилади

Туркиядаги зилзиладан жабр кўрганларга янги уйларни топшириш бошланди 

Табиий офат ҳудудида жами 507 минг хонадон ва 143 минг хусусий уй қурилиши режалаштирилган. 

Фото: Anadolu Agency

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ғозиантеп ва Қаҳрамонмараш вилоятларида зилзиладан жабр кўрганларга янги хонадонларни топшириш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда Anadolu хабар берди. 

Туркия Президенти маросим иштирокчиларини Рамазон ойи билан табриклаб, янги эгаларига калитларни топширди. 

Эрдўған зилзилалардан жабр кўрган фуқароларни қўллаб-қувватлаш давом этишини таъкидлаб, янги уй эгаларига калитларни топширди. 

«6 февралдаги даҳшатли зилзилалардан 15 кун ўтиб, янги хусусий уйларнинг пойдевори қўйилди. Табиий офат ҳудудида жами 507 минг хонадон ва 143 минг хусусий уй қурилади. Уларнинг 319 мингтаси бир йил ичида фойдаланишга топширилади. 60 мингга яқин хонадоннинг пойдевори қўйилди. Бу иш узлуксиз давом этмоқда. Бизнинг вазифамиз – зилзиладан жабр кўрган фуқароларни барча қулайликларга эга янги, замонавий уйларга тезроқ кўчириш», деди президент. 

Эрдўғаннинг айтишича, Ғозиантепда режалаштирилган 50 минг хонадонга қўшимча равишда яна 50 минг хонадон қурилади. Шунингдек, табиий офат ҳудудидаги барча шаҳар ва қишлоқларнинг инфратузилмаси янгиланади. 

6 февраль куни Қаҳрамонмарашда 7 баллдан юқори бўлган иккита зилзила содир бўлган эди. Оқибатда, 5 мингдан ортиқ бинолар вайрон бўлди. Қурбонлар сони 50 мингдан ошди. 

Зилзилаларнинг моддий зарари икки триллион турк лирасини (105 миллиард доллардан ортиқ) ташкил этди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид