Жаҳон | 23:08 / 25.04.2023
15798
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Молия вазирлиги Қозоғистонни Россияга ёрдами туфайли санкциялар хавфи ҳақида огоҳлантирди 

Хавф Қозоғистон Республикасига нисбатан ҳам, Қозоғистон компаниялари ва банкларига нисбатан ҳам ортиб бораётгани айтилди. 

Фото: Depositphotos

АҚШ Молия вазирининг молиявий жиноятлар бўйича ёрдамчиси Элизабет Розенберг сўзларига кўра, Россияга қўйилган чекловларни четлаб ўтишга ёрдам бераётган Қозоғистон банклари ва компанияларига қарши иккиламчи санкциялар хавфи кучаймоқда. У Остонага ташрифи чоғида шундай огоҳлантириш берди. 

«Хавф Қозоғистон Республикасига нисбатан ҳам, Қозоғистон компаниялари ва Қозоғистон банкларига нисбатан ҳам ортиб бормоқда. Биз Россия санкциялардан ҳам, экспорт назоратидан ҳам четлаб ўтиш учун жуда кўп ҳаракат қилаётганини ва улар бу саъй-ҳаракатларда жуда муваффақиятли бўлганини жиддий қабул қилишимиз керак», деди Розенберг. 

Унинг таъкидлашича, АҚШ томони қозоғистонлик ҳамкасблари, ҳукумат ва хусусий сектор вакиллари билан мавжуд хавф-хатарларни, «шунингдек, Россиянинг санкциялардан қочишдаги ёрдами билан боғлиқ ҳолда юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни аниқлаш мақсадида мулоқот олиб бормоқда». 

Қозоғистон Украина босқини туфайли Россияга қарши жорий этилган санкцияларни қўллаб-қувватламади. Шу билан бирга, Остона Россияга санкциялардан қочишга ёрдам бермаслигини бир неча бор таъкидлаган. 

28 февраль куни Қозоғистонда Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди ва АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Музокаралар чоғида Тлеуберди республиканинг Россия иқтисодиётига қарамлигини, шунингдек, Қозоғистон Россиядан ҳеч қандай таҳдид кўрмаётганини таъкидлаган эди. 

Мавзуга оид