Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ журналистлар ва хорижий талабалар учун виза қоидаларини кучайтирди
АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги хорижий журналистлар, талабалар ва алмашинув дастурлари иштирокчилари учун виза тартибига янги чекловлар жорий қилди. Янги қоидаларга кўра, айрим виза тоифалари бўйича мамлакатда бўлиш муддати чекланади ва уларнинг мақоми устидан назорат кучайтирилади.
Маълум қилинишича, ўзгартишлар I, F ва J тоифали визаларни қамраб олади. АҚШ маъмуриятига кўра, янги тартиб мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мазкур виза эгаларининг АҚШда бўлиб туриш давомида ўз мақомига риоя этишини самарали назорат қилишга қаратилган.
Аввал амалда бўлган қоидаларга мувофиқ, ушбу тоифадаги виза эгалари АҚШга келиш мақсади сақланиб турган давр мобайнида мамлакат ҳудудида бўлиши мумкин эди. Масалан, хорижий журналист оммавий ахборот воситасида фаолиятини давом эттираётган ёки талаба Америка олий таълим муассасасида таҳсил олаётган бўлса, унинг мамлакатда бўлишига рухсат этиларди. Кўпчилик ҳолларда мазкур визалар учун аниқ амал қилиш муддати белгиланмаган эди.
Янги тартибга кўра, хорижий журналистлар АҚШга ишлаш мақсадида энг кўпи билан 240 кун муддатга кириши мумкин бўлади. Зарур ҳолларда ушбу муддатни узайтириш имконияти сақлаб қолинади.
Шу билан бирга, Хитой фуқаролари учун мазкур муддатни 90 кун билан чеклаш таклиф этилмоқда.
Хорижий талабалар ҳамда алмашинув дастурлари иштирокчилари эса АҚШда ўқиш ёки дастур давомийлиги доирасида, бироқ тўрт йилдан ошмаган муддат давомида бўлиши мумкин.
АҚШ маъмурияти ушбу ўзгаришлар мамлакатга кириш ва вақтинчалик бўлиб туриш тартиби устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.