Ўзбекистон | 21:14 / 26.04.2023
9715
21 дақиқада ўқилади

Энергетика ислоҳоти – кимдан ўрнак олиш керак?

Энергетика соҳаси бўйича халқаро эксперт Равшан Хўжанов Kun.uz'га тақдим этган мақоласида Европа ва Ўзбекистон энергетика бозорларини таҳлил қилади, электр энергия истеъмоли ва аҳоли даромадларини солиштиради.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати энергетика соҳасини яхшилаш бўйича кўплаб тўғри қадамлар ташламоқда: қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш (бу билан қазиб олинадиган ёқилғига қарамликни камайтириш, экологик вазиятни яхшилаш мумкин), энергетика тизимларининг самарадорлигини ошириш, энергия сарфини камайтириш, аҳоли ўртасида энергияни тежаш маданиятини ривожлантириш, электрон ҳисоблагичларини ўрнатиш (электрон ҳисоблагичлар энергия сарфини тўғри ўлчаш ва тўловларни қулай қилиш, коррупция ва товламачиликлардан холи амалга ошириш имконини беради) – шулар жумласидан.

ГДР ва ГФР бирлашганда

Мен Германиянинг собиқ ГДР ҳудудида бир муддат яшаганман. Бир пайтлар бу ерда ИЭС тизими собиқ совет тизимига ўхшаш эди, икки Германия бирлашгандан кейин энергия тизими нолдан янгиланди. 2022 йилда Германиянинг умумий электр энергияси истеъмоли 483,9 млрд кВт·соатни ташкил этди, бу – дунёдаги бешинчи кўрсаткич. Ўзбекистонда эса умумий электр энергияси истеъмоли 65 млрд кВт·соатни ташкил этган (дунёдига 61-кўрсаткич), Германия Ўзбекистондан 7,4 баравар кўпроқ электр энергия истеъмол қилган.

Германияда ва Ўзбекистонда электр истеъмоли

Германия ва Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли тақсимоти бир-биридан фарқ қилади. Германияда истеъмолнинг энг катта улушига ишлаб чиқариш ва саноат (42%), шунингдек, уй хўжаликлари (27%) тўғри келади. Ўзбекистонда электр энергияси истеъмолининг энг катта улушини ишлаб чиқариш (44%) ва транспорт (27%) эгаллайди.

2022 йил ҳолатига кўра, Германия аҳолиси 84,3 миллионга яқин, Ўзбекистонда эса 36 миллиондан ошиб кетди. Гарчи, Ўзбекистонда аҳоли сони камроқ бўлса-да, Германияда аҳоли жон бошига энергия истеъмоли ва тўлови Ўзбекистонга қараганда сезиларли даражада юқори. Германияда электр энергияси ва иш ҳақи ўртасидаги фарқ Ўзбекистон билан солиштирганда сезиларсиз эканига бир қанча омиллар мавжуд. Бу икки давлатнинг иқтисодий ривожланиши, технологик даражаси ва инфратузилмасидаги фарқлар билан боғлиқ. Германияда ўртача иш ҳақи эса Ўзбекистонникидан анча юқори, бу эса қўшимча электр харажатларини қоплаши мумкин. Аммо икки давлатдаги иқтисодий вазиятни тўлиқ таққослаш учун ишсизлик, инфляция, ижтимоий нафақалар ва бошқалар каби бошқа омилларни ҳам ҳисобга олиш зарур.

Германияда маиший истеъмолчилар учун электр энергия нархи Ўзбекистонникидан сезиларли даражада юқори. Ўтган йили Германияда маиший истеъмолчилар учун электр энергиянинг ўртача нархи 1 кВ·соат учун ўртача 0,35 еврони, Ўзбекистонда бу эса ўртача 0,035 еврони ташкил қилган.

Германия ва Ўзбекистонда минимал даромад

Германияда иш берувчилар ўз ходимларига тўлашлари керак бўлган энг кам иш ҳақи бор. 2023 йилдан бошлаб Германияда энг кам иш ҳақи соатига 12 еврони ташкил қилиб, тўлиқ иш куни (кунига 8 соат) ишлайдиган ходим ойига камида 1920 евро олиши керак. Ўзбекистонда эса тахминан 100 еврони ташкил этади. Нега 100 евро деяпман? Чунки Ўзбекистонда кўпчиликнинг қўшимча даромади бор.

Бир қанча омилларни ҳисобга олганда, харажатлардан кейинги қолган сумма икки давлатда бир-бирига яқинлашиб қолиши мумкин. Зеро Германияда Ўзбекистонга қараганда жуда катта сарф-харажатлар бор: деярли барча ижарада туради, коммунал ва электр ва иссиқлик энергия харажатлари мавжуд юқори. Германияда 1 хонали ижара нархи энг юқори бўлган шаҳарлар – Мюнхен (1280€), Франкфурт (1035€), Берлин (960€). Энг паст ижара нархлари Бремен (690€) ва Лайпцигда (590€).

Германияда турмуш даражаси дунёдаги энг юқори кўрсаткичлардан бири бўлиб, яшаш нархи бошқа Европа мамлакатларига қараганда ўртачадан паст. Германияда ўртача оила ойига тахминан 2500€ сарфлайди, шундан тахминан 920€ коммунал тўловлар учун, тахминан 390€ озиқ-овқат учун, 325€ транспорт учун ва 240€ дам олиш учун ва тахминан 630€ бошқа харажатлар учун ажратилади.

Германияда ижтимоий ҳимоя

Германияда йилига 14 109€дан кам маош оладиган аҳоли кам даромадли гуруҳга киради (бу гуруҳга аҳолининг тахминан 15% киради). Аёллар эркакларга қараганда камбағаллик чегарасидан бироз кўпроқ даромад олишади. Қашшоқлик чегарасидан паст даромадга эга бўлган бошқа ижтимоий гуруҳларга ёлғиз ота-оналар (27%), ишсизлар (74%) ва таълим даражаси паст одамлар (25%) киради.

Энергия истеъмолига чуқурроқ назар

Германияда электр энергиясининг асосий истеъмолини саноат (42%), уй хўжаликлари (29%), транспорт ва кўчаларни ёритиш каби бошқа мақсадлар (29%) ташкил этади.

Ўзбекистонда электр энергиянинг асосий истеъмолчилари саноат (45%), уй-жой коммунал сектори (31%), қишлоқ хўжалиги (9%) ва бошқа мақсадлар (15%) ҳисобланади. Ҳар икки давлатда саноат электр энергиясининг асосий истеъмолчиси ҳисобланади. Бироқ Ўзбекистонда уй-жой коммунал сектори ва қишлоқ хўжалиги ҳам электр энергиясининг салмоқли қисмини истеъмол қилади.

Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur) маълумотларига кўра, 2022 йил май ҳолатига кўра, Германияда ишлаб чиқариш манбаларининг умумий ўрнатилган соф қуввати 232 ГВтни, шу жумладан эксплуатация 218 ГВтни ташкил этган.

Таъкидлаш жоизки, мавжуд электр станцияларининг ўрнатилган қувватлари таркибида (218 ГВт – диаграммага қаранг): 61,8% муқобил энергия манбалари, жумладан, шамол, қуёш, геотермал электр станциялари, биомасса ва чиқиндиларни ёқувчи электр станциялари; 6,7% ГЭС ва ГАЭС ташкил этади. Шундан кўринадики, муқобил энергиянинг умумий улуши 68,5% ни ташкил қилади. Органик ёқилғиларни (жами 27,9%) ёқувчи ИЭСларнинг соф ўрнатилган қувватлар таркибида 50,2 фоизини кўмир, 45,1 фоизини табиий газ ва 4,8 фоизини суюқ ёқилғи ташкил этади. Атом энергетикасининг улуши (учта реактор) 1,9% ни ташкил қилади.

Германия энергетика бозорининг катта қисми хусусий компаниялар қўлида бўлиб, йирик саноат корхоналари Энергетика вазирлигидан электр энергиясини сотиб олади. Ўз навбатида, аҳоли энергияни кичик хусусий фирмалардан олади. Электр энергияси учун тарифларнинг сони кўп, улар оддий аҳоли учун мўлжалланган.

Германия энергия бозори 900 га яқин иштирокчини ўз ичига олади. Аммо яқиндан бери йирик корпорациялар ва компанияларни бирлаштириш тенденцияси кузатилиб келинади. Германиянинг 8 та йирик энергетика компаниясидан иккитаси – Viad ва Veba бирлашиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.

Илгари Ўзбекистонда электр энергия истеъмоли учун тўловларни аҳолидан ундиришда қийинчиликлар бўлган бўлса, электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) лойиҳаси амалга оширилгач, тўлов ҳажми 80-90 фоизга етди.

Германияда пул ундирмалари аҳолининг банк ҳисобидан автоматик тарзда ечиб олинади. Олдиндан бир йил учун тўлаган истеъмолчилар учун чегирмалар мавжуд бўлиб, масалан, агар беш кишилик оила бир йил учун олдиндан 6000 кВт тўловни амалга оширса, уларга тўланган сумманинг 15 фоизгача чегирма ёки 300 евро бонус берилиши мумкин. Аммо олдиндан сотиб олинган лимитидан ошиб кетган тақдирда электр энергия истеъмоли учун икки баравар кўпроқ тўлашга тўғри келади.

Оилам билан Германияга илк бор келганимда Дрезден марказида 3 хонали квартира ижарага олган эдик. Электр ва ҳоказолар учун ҳар доим менинг банк ҳисобимдан белгиланган миқдор ечилган. Йил охирида мен бир йил учун тахминан 800 евро қўшимча тўлашим керак бўлган. Кейинги йил эса тежамкорлигим сабаб тахминан 150 евро қайтариб беришди ёки келгуси ойлар учун тўловни мендан соқит қилишди. Мазкур 10 қаватли уйда қарийб 6 йил яшаганимдан кейин, худди шу уйнинг хона ичидаги иссиқлик йўқолишини олдини олувчи изоляция қилинган 5 хонали уйига кўчдим (қизиқ томони, шарқий Германиядаги қурилган уйлар собиқ совет давридаги уйлар каби қурилган бўлиб, Ўзбекистондаги қурилган уйлардан ҳечам фарқ қилмайди).

Немислар тежамкорликка интилувчи халқ бўлгани учун, энергияни тежашни ҳам давлат, ҳам уйларни ижарага берувчи хусусий компаниялар қўллаб-қувватлайди.

Аввалги уйимда фаслнинг совуқ ва илиқ кунларида ҳам иситиш тизимидан фойдаланган бўлсам, изоляция қилинган уйда қишнинг совуқли кунларида ҳам деярли иситиш тизимидан фойдаланмадим. Бинонинг ташқи деворлари изоляцияси шарофатидан ёзнинг жазирама кунларида ҳам уй ичи салқин бўлди.

Германияда панелли уйларни иссиқлик изоляция қилиш

Мана бу ердан тариф ҳисоб-китобидан фойдаланган ҳолда харажатларни тахминий баҳолаш ёки электр энергиясини етказиб бериш учун мақбул тарифни топиш мумкин.

Германияда электр энергиясининг ўртача нархи минтақа, провайдер ва тариф тури каби кўплаб омилларга боғлиқ. Уч кишилик оила йилига ўртача 2500 кВт·соат электр энергия (0,34€) истеъмол қиладиган бўлса, бу ойига 200 кВт·соатни, йиллик харажат эса 850 еврони ташкил қилади.

Маиший истеъмолчилар учун тарифлар 2 турдан иборат:

истеъмол қилинадиган энергиянинг 1 кВт·соат нархи (истеъмолга боғлиқ) – электр энергиясини ишлаб чиқариш ва узатиш учун компенсация сифатида хизмат қилади;

етказиб бериш учун ўзгармас тўлов – электр энергиядан фойдаланиш тарифи (истеъмолга боғлиқ эмас) ва тармоқ компаниясининг умумий электр тармоқларига улаш жойларини ишчи ҳолда ушлаб туриш хизматларини қоплаш, шунингдек, ҳисобга олиш ва кўрсаткичларни олиш асбоблари билан таъминлаш; йилига ўртача 50-100 еврони ташкил этади.

Германияда электр энергия нархи сўнгги йилларда кескин ўсишда давом этмоқда. Германия Федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, 2021 йилда маиший истеъмолчилар учун электр энергиясининг ўртача нархи бир кВт·соат учун 31,9 центни ташкил этган. Бу 2020 йилга нисбатан 5,5 фоизга ошган. 2022 йилнинг апрел, май ва июн ойлари ҳолатига кўра, Германиянинг 826 та йирик электр таъминотчилари электр энергияси нархлари ошишини эълон қилган. Verivox таққослаш портали маълумотларига кўра, тарифлар ўртача 19,5 фоизга ошди, бу эса 13 миллионга яқин уй хўжаликларига ўз таъсирини кўрсатди. Мисол учун, 2022 йил апрел ойида Германияда коммунал энергия провайдерлари 1 кВт учун 45-50 цент атрофида тарифларни таклиф қилишган эди. Бу қайта тикланадиган манбалардан энергия ишлаб чиқариш ва тақсимлаш нархининг ошиши, шунингдек, энергетика секторига солиқ ва йиғимларнинг ошиши каби турли омиллар билан боғлиқ. Бундан ташқари, Германия ва бошқа Европа давлатлари Россиядан табиий газ импортини камайтириш сиёсати газ ва электр энергияси нархининг ошишига олиб келди. Шунга қарамай, Германия ҳукумати электр энергияси нархининг ошишини жиловлаш, жумладан солиқ сиёсатини ислоҳ қилиш ва самаралироқ энергия технологияларини ривожлантиришни рағбатлантириш йўли билан чоралар кўрмоқда.

Ўтган йили Европа Иттифоқининг статистика идораси – Евростат биринчи марта Европа мамлакатлари учун электр энергияси нархларини эълон қилди.

Жадвалдаги рейтингга кўра, ЕИ давлатларидан электр энергиясининг энг паст нархи Болгария бўлиб, бир кВт·соат учун 11 евроцентни ташкил этади, бу Ўзбекистоннинг турмуш даражасига яқин бўлган давлатдир.

Европа ҳукуматлари атом электр станцияларидан қисман ёки тўлиқ воз кечиб, қайта тикланадиган энергияни ривожлантиришни изчиллик билан қўллаб-қувватламоқда. Аксарият фуқароларнинг розилигини олган ушбу қўллаб-қувватлашнинг бир усули – электр энергияси нархини оширишдан иборатдир.

Ҳозирги ҳолатда Германия электр энергия бозорида анъанавий электр станциялари учун электр энергияни ишлаб чиқаришнинг жорий харажатлари тегишли тўлиқ юкланиш соатлари ва ёқилғи ҳамда CО2 сертификатлари учун нархлар қуйидагича: 2018 йилда қурилган қўнғир кўмирли ИЭСларда 1 кВт·соат электр энергиянинг ишлаб чиқариш таннархи 4,59-7,98 центгачани ташкил этади. Йирик тошкўмир ИЭСларида 6,27-9,86 центгача, газ турбинали ИЭСларда эса энг юқори нархга 12-29 центга тенг бўлди. Бироқ, сўнгги воқеалар ортидан 1 кВт·соат газ нархи 20 центгача кескин ошиб кетди. Газ ва буғ турбинали (ГБУ) электр станцияларида ишлаб чиқариш таннархи 1 кВт·соат учун бироз яхшироқ 8-13 центни ташкил қилмоқда. Бироқ, харажатлар ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. Бу харажатларни ИЭСларнинг юқори самарадорлиги билан қоплаб бўлмайди. Охирги йилларда маиший истеъмолчилар ва кичик бизнес субъектлари учун электр энергияси нархи 60 фоиздан ортиқ ошди.

Германия истеъмолчилар учун электр энергия нархи бўйича Европада Дания ва Белгиядан кейин учинчи ўринда туради. Немис оиласи соф даромадининг тахминан 2 фоизини электр энергиясига сарфлайди. Ҳисоблаш қуйидагича амалга оширилди: Германияда ўртача даромад 2023 йилда 27.416 еврони (фарзандсиз, солиқ синфи 1) ташкил этади (Манба: Statistisches Bundesamt – Destatis); киши бошига электр энергияси нархи ~ 500 eврога тўғри келади, яъни 600€/27.416€=1,8% ёки соф иш ҳақининг 2% дан сал кўпроқ, кунига атиги 1,7 еврони ташкил этади.

Бироқ, кунига 1,7 евро ҳам кўп оилалар учун оғир юкдир. Регулятор – Федерал тармоқ агентлигининг статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда 235 минг хонадон учун (2020 йилда 230 минг хонадон) электр энергияси тўланмаганлиги сабабли тўхтатилган. 2019 йилда 289 минг хонадон электр энергиясидан узилган. 2021 йилда 4,0 млн истеъмолчиларнинг қарзи 100 евродан ортиқ бўлгани учун ва бошқа барча қарзларни ундириш усуллари (масалан, эслатма ёки огоҳлантириш – Zahlungserinnerung, Mahnung) фойда бермаган тақдирдагина электр энергия узилиши ҳақида огоҳлантиришлар юборилган. Бу Германиядаги барча уй хўжаликларининг тахминан 10 фоизни ташкил қилади. Сув таъминотидан фарқли ўлароқ, электр энергия таъминотидан узилишни судда асослаш ва техник жиҳатдан амалга ошириш осонроқ. Бундан ташқари, электр энергия таъминотининг қайта тикланиши қўшимча 200 евродан ортиқ харажатларга олиб келади.

Европада турмуш даражаси ва тарифлар

Дунёдаги сўнгги глобал воқеалар инфляцияга олиб келди, бу ўтган йилларга қараганда анча юқоридир. Аммо унинг ортидан минимал ставкаларнинг ошиши кузатилди.

Бутун дунё пандемия ва Украинада давом этаётган уруш оқибатлари билан курашмоқда. Инфляция эса рекордларни янгиламоқда. Муаммоларга қарамасдан, аксарият давлатлар энг кам ойлик иш ҳақини ошириш ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг ажралмас қисми, ҳатто мана шундай оғир даврда ҳам буни эътибордан четда қолдирмаслик керак деган фикрга келган.

Европада турмуш даражаси Ўзбекистон билан солиштирганда албатта сезиларли юқори. Бироқ охирги пайтда бизнинг ресторанларимиз ва кийимларимиз уларникидан фарқ қилмай қоляпти. Европаликларнинг катта қисми, масалан, қишда квартирасини етарлича иситишга молиявий томондан қодир бўлмай қоляпти, йилнинг совуқ кунларида уй ичида иссиқ кийим ва пайпоқ кийиб юришга мажбур бўлишяпти.

Ўзбекистондаги марказлаштирилган иситиш тизими аслида ҳашаматдир. Немис профессор устозим йўлда йўқотиладиган иссиқлик учун ҳам пул тўлашимиз керак, шунинг учун иссиқликни тежаш учун уйда қалинроқ кийиниб юриш керак деган эди. Европада ҳамма нарса жой-жойига қўйилган, аммо эвазига ҳар бир фуқарога катта миқдорда солиқ солинади.

Энг малакасиз европаликлар солиқлардан кейин қанча маош олишларини солиштириш жуда қизиқ.

Дунё мамлакатларидаги энг кам иш ҳақи (солиқ тўлагандан кейин ҳам) сиз хавотирсиз сарфлашингиз мумкин бўлган пул миқдори аниқ эмас. Биринчидан, сиз ижара (ёки ипотека), соғлиқ суғуртаси, бола учун боғча-мактаб учун тўлашингиз керак бўлади. Шундан кейингина озиқ-овқат учун бирор нарса қолади, бу ҳам қиммат дўконларида харид қилиш учун эмас.

Қуйида Европанинг алоҳида давлатлари учун энг кам иш ҳақи келтирилган (2023):

Изоҳ: Юқоридаги энг кам ойлик иш ҳақларини солиштирганда шуни ҳисобга олиш керакки, мамлакатда иш ҳақи даражаси бир қанча муҳим омиллардан иборат. Ишсизлик даражаси, ЯИМ, ҳаёт даражаси ва миллий иқтисодиётнинг ҳолати шулар жумласидан.

Яна шуни унутмаслик керакки, юқори даромадлар одатда юқори солиқларга олиб келади. Шундай қилиб, ҳар бир нарсанинг афзалликлари ва камчиликлари бор.

Руминия электр энергия нархи ошиши даражаси бўйича ЕИда иккинчи ўринда туради. Европа статистика бюроси бошқа мамлакатларда ҳам нархлар ошганини эълон қилди. Чехияда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси нархи 2022 йилнинг биринчи ярмида 2021 йилнинг иккинчи ярмига нисбатан 38 фоизга, Руминияда эса 32 фоизга ошди. Бу билан ўсиш 11,6 фоизни ташкил этган қўшни Кипр давлатини ортда қолдирди. Руминиядан кейин сафда Греция, Австрия ва Латвия туради.

Руминияда электр энергия нархининг ўсиш рейтингида иккинчи ўринда бўлишига қарамай, руминияликлар 2017 йилда электр энергияси учун ЕИдаги энг паст тарифлардан бирини тўлашган. 100 кВт·соатнинг нархи 12,5 еврони ташкил этган. Болгарлар камроқ (атиги 9,8 евро) тўлаган бўлса, иккинчи ўринда литваликлар, венгерлар ва хорватлар турибди. Аммо сотиб олиш қобилиятини ҳисобга оладиган бўлсак, венгерлар қўшни Дания, Белгия ва Германиядан кейин ЕИдаги энг қиммат энергиядан бирини истеъмол қиладилар. Руминияда 2021-2022 йилларда ўртача иш ҳақи 660 евро атрофида.

Болтиқбўйи

Ўтган йили июн ойида Болтиқбўйининг барча учта давлатида: Латвия, Литва ва Эстонияда электр энергия қимматлашди. Электр энергия нархи 1 кВт·соат учун Литвада 35%га, Латвияда 33%га, Эстонияда 15% га – 76,91 еврогача ошди. Нархнинг ошиши биринчи навбатда энергия маҳсулотлари нархининг ошиши билан боғлиқ.

Шунингдек, Болтиқбўйи мамлакатларида электр энергияси истеъмоли 5 фоизга, яъни 529 ГВт·соатгача ошган. Эстонияда у 8 фоизга, 1173 ГВт соатгача ошган. Литвада ва Латвияда – 3 фоизга -225 ГВт соатгача ва 131 Гвтгача ошган.

Болтиқбўйи давлатларида жорий йилнинг март ойи охирида электр энергияси ишлаб чиқариш 3 фоизга ошиб, 378 ГВт·соатни ташкил этди. Литвада ишлаб чиқариш ҳажми 14% га камайиб, 199 ГВт·соат ташкил этди. Латвияда ишлаб чиқариш 38 фоизга ошиб, 209 ГВт·соатни ташкил этган бўлса, Эстонияда 29 фоизга камайиб, 98 ГВт·соатни ташкил қилди.

Ўтган йилнинг бутун ёзи давомида Болтиқбўйи мамлакатларида электр энергияси нархи ошган бўлиб, сўнгги йиллардаги бир нечта рекордлар ўрнатилди. Иссиқ об-ҳаво электр энергиясига бўлган талабнинг ошишига олиб келди. Шу билан бирга, қурғоқчилик туфайли ГЭСлар сув омборларида сув сатҳининг пасайиши кузатилган. Россиянинг энергия ресурслари бу мамлакатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади.

Сўнгги икки йилда Болгарияда инфляция даражаси пасайиб бормоқда: 2019 йилдаги 2,5 фоиздан 2020 йилда 1,2 фоизгача; 2021 йил учун бу даража бироз юқори бўлди – 2,8%. Болгарияда маошлар бутун Европага қараганда анча паст. 10 баравар фарқ аҳоли турмуш даражасидаги катта тафовутдир. Шу йилнинг биринчи чорагида Болгарияда энг кам иш ҳақи 399 евро ёки 435 доллар, 2022 йилда эса 363 еврога етган.

Латвияда энг кам иш ҳақи 620 еврони, Литвада эса ойига тахминан 840 еврони ташкил этади. Агар бирор киши ойига минг евродан кўпроқ маош топса, бу жуда яхши кўрсаткич ҳисобланади. Мамлакатда 2022 йилда энг кам иш ҳақи 549 еврони ташкил қилган.

Туркияда электр энергиянинг нархи доимо ўзгарувчан бўлиб, бир хилда ушлаб туриш имконияти йўқ. Бу (шахсий эҳтиёжлар ёки ишлаб чиқариш учун) куннинг вақти, истеъмол ҳажмига боғлиқ. Бироқ, ўртача нархни ҳисоблаб чиқиш мумкин. Оддий аҳоли учун бу 1 кВт·соат учун тахминан 9 евроцентни ташкил қилади. Туркия таҳлилий агентликлари маълумотларига кўра, Туркияда 2023 йил апрел ойида ўртача иш ҳақи 475 еврони ташкил қилган.

Солиштирганда

Юқоридагилардан келиб шуни хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистондаги йирик шаҳарлар билан баъзи Европа давлатларидаги аҳоли иш ҳақи даражаси ва энергия харажатларида фарқ жуда катта эмас. Бироқ солиштирганда бизда электр энергия тарифи жуда паст.

Электр энергия тарифларини ошириш Ўзбекистон энергетика саноати даромадларини ошириш ва хорижий инвесторларни жалб қилиш ҳамда эркин бозор яратилишига замин бўлиши мумкин. Бунда аҳоли даромадлари даражаси, энергия бозоридаги рақобат, энергетика инфратузилмаси ҳолати ва бошқалар каби кўплаб омилларни ҳисобга олиш керак. Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш узоқ муддатли мақсадларда тежамкорроқ бўлиши мумкин.

Қилинадиган ишлар: адолатли энг кам иш ҳақини белгилаш, аҳолининг кам таъминланган қатламига электр энергиясидан арзонроқ фойдаланишни таъминлаш учун субсидиялар ажратиш, янги замонавий юқори ва паст кучланишли электр узатиш линияларини барпо қилишни давом эттириш, электр энергияси нархларини тартибга солиш, солиқ сиёсати ва бошқа чоралар.

Соҳада ислоҳотларнинг амалга оширилиши нафақат иқтисодиётда, балки аҳолининг электр энергия истеъмоли соҳасида турмуш даражасини яхшилаш, барча қатламлар учун ишончли, самарали ва арзон энергиядан фойдаланиш имконини беради.

Равшан Хўжанов,
халқаро энергетик-эксперт, Германия қуёш энергияси ассоциацияси ва Александр Гумболдт жамғармаси аъзоси.

Мавзуга оид