Литва парламенти ноқонуний муҳожирлар чиқариб юборилишини қонунийлаштирди
Чегарани ноқонуний бузганлар фавқулодда ҳолат ёки хорижликларнинг катта оқими билан боғлиқ инқирозли вазиятда қўлга олиниши ва депортация қилиниши мумкин.
Литва парламенти чегарани ноқонуний кесиб ўтган муҳожирларни чиқариб юборишни қонунийлаштирувчи мунозарали қонунни қабул қилди. Вилнюсдаги Сеймда 25 апрел, сешанба куни “Давлат чегараси ва уни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонунга тегишли ўзгартиришлар киритиш учун 86 депутат овоз берди, 8 нафари қарши, 20 нафари эса бетараф қолди. Қонун 3 майдан кучга кириши керак. Бу вақтгача уни президент Гитанас Науседа имзолаши лозим.
Германиянинг dpa агентлиги маълумотларига кўра, қонун кучга киргандан сўнг, чегарани ноқонуний бузганлар фавқулодда ҳолат ёки чет элликларнинг кўп оқими билан боғлиқ инқирозли вазиятда қўлга олиниши ва депортация қилиниши мумкин. Ушбу қоида чегара ҳудудларида ва қуруқликда 5 километргача бўлган масофада амал қилади.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, уларнинг фикрича, халқаро ҳуқуқни бузувчи чораларни қонунийлаштирадиган ҳужжатни кескин танқид қилди.
Европа Кенгашининг Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссари Дуня Миятович Литвани бошпана изловчиларга нисбатан халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирди. У қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бўйича қаттиқ огоҳлантирди.Халқаро қонунларга кўра, мигрантлар бошпана сўраш ҳуқуқига эга ва бошпана сўрамоқчи бўлганларни ҳаёти ёки фаровонлиги хавф остида бўлиши мумкин бўлган жойларга юбориш тақиқланади. Литва Инсон ҳуқуқлари маркази Науседани қонун лойиҳасига вето қўйишга чақирди.