Жаҳон | 09:21 / 07.03.2026
1726
4 дақиқада ўқилади

Литва Европадаги посилкалар портлаши иши бўйича беш кишини айблади

Тергов 2024 йилда Европада юз берган посилкалар портлашлари сериясига Россия ҳарбий разведкасининг алоқадорлигини аниқлади. Литвадаги судда айбланаётганлар орасида Россия, Украина ва Литва фуқаролари бор.

Фото: AP

Литва 2024 йилда Европада содир бўлган посилкалар портлашлари серияси муносабати билан беш нафар шахсга айблов эълон қилди, деб маълум қилди мамлакат бош прокурори ўринбосари Артурас Урбелис 6 март, жума куни. Гумонланувчилар орасида Россия, Украина ва Литва фуқаролари бор. Уларга “терроризм” бўйича айблов қўйилган.

2024 йилда Германия, Буюк Британия ва Полшада DHL ҳамда DPD етказиб бериш хизматлари орқали ташилган посилкалар портлаган эди. Литва прокуратураси ва жиноят қидирув полицияси ўтган йили бу жиноятлар Россиянинг ҳарбий разведкаси билан боғлиқ бўлган Россия фуқаролари томонидан ташкил этилгани ва бошқарилганини аниқлаган. Литва махсус хизматлари, шунингдек, тўртта посилка Россиянинг АҚШга йўналтирилган юк рейсларида портлашлар уюштириш мақсадидаги фитнанинг синов босқичи қисми бўлганини маълум қилди.

Посилкалардан бири Бирмингҳэм яқинидаги DHL омборида ёниб кетган, яна бири эса самолётга юкланишидан бевосита олдин Лейпциг аэропортида ёнган. Терговчилар, шунингдек, АҚШ ва Канадага юборилган иккита посилкани ҳамда Амстердамда худди шу йўналишларга мўлжалланган яна иккита посилкани аниқлаган.

Жами ҳисобда Литва ва Полшада Россия ҳарбий махсус хизматлари манфаати йўлида ҳаракат қилган, деб тахмин қилинаётган 22 нафар гумонланувчи аниқланган. Иккита иш аллақачон ҳар икки мамлакат судларига топширилган — суд жараёнлари жорий йилда бўлиши кутилмоқда. Европа адлия тизими маълумотига кўра, гумонланувчилар Россия, Латвия, Эстония, Литва ва Украинада ёлланган бўлиб, кўпинча “ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан заиф аҳволдаги” одамлар орасидан танланган. Уларга кўрсатмалар мессенжер орқали берилган, вазифалар улар ўртасида тақсимланган, тўлов эса криптовалюта орқали амалга оширилган.

Буюк Британияда Бирмингҳэмдаги ёнғин иши бўйича 38 ёшли Руминия фуқароси қўлга олинган — у Станстед аэропортига учиб келганидан кейин ушланган ва ҳозиргача тергов остида қолмоқда.

“Россиянинг давом этаётган душманлик ҳаракатлари миллий хавфсизлигимизга таҳдид солмоқда. Шу боис ҳукумат бу фаолиятни жиловлаш учун мувофиқлаштирилган чораларни кўрди — мудофаа харажатларини ошириш, разведка ходимларини мамлакатдан чиқариб юбориш, ГРУга қарши санкциялар жорий этиш, ноқонуний молиявий оқимларга зарба бериш ва уларнинг кўплаб агентларини жавобгарликка тортиш”, — деди шу муносабат билан Британия ҳукумати вакили.

“Миллий хавфсизлик — ҳукуматнинг энг биринчи бурчидир, ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорларимиз Британия фуқароларини ҳимоя қилиш учун ўз ихтиёридаги барча восита ва ваколатлардан фойдаланишда давом этади”, — дея ишонтирди у.

Ўз навбатида, Буюк Британия терроризмга қарши полицияси комиссари ўринбосари Вики Эванс европалик ҳамкасбларининг ишини “чиндан ҳам ажойиб” деб атади ва айнан шу иш доирасидаги ҳамкорлик “Россия ҳарбий разведкасининг бутун Европа бўйлаб содир бўлган бир қатор ҳодисаларга алоқадорлигини биргаликда аниқлаш” имконини берганини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид