Ўзбекистон | 14:00 / 26.04.2023
8436
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланмоқда

Жорий йил 19 апрель куни Тошкент шаҳрида Хитой Халқ Республикасининг “Shandong Port Group” компанияси раҳбарияти бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасида транспорт-логистика соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси кўмагида Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси ва “Shandong Port Group” компанияси томонидан ташкил этилди.

Тадбирда Шаньдун провинциясининг йирик портлари раҳбарлари, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон халқаро автомобилда ташувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Иқтисодиёт ассамблеяси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Тадбир давомида “Shandong Port Group” компаниясининг Хитойнинг Шандон вилоятидаги денгиз портлари салоҳияти тўғрисида юртимиз тадбиркорлари учун тақдимот бўлиб ўтди.     

Шаньдун порт гуруҳи 2019 йил август ойида Шаньдун провинциясининг асосий портлари: Циндао, Жичжао, Яньтай ва  Бохай порт гуруҳини бирлаштириш орқали ташкил этилган. Холдинг 12 бизнес сегментида фаолият юритади: юк ташиш, савдо, логистика, илмий-техник тараққиёт, асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш, хорижда ривожланиш, инвестицияларни бошқариш, порт қурилиши, шаҳар ва саноат интеграцияси, круизлар, маданият ва туризм, касб-ҳунар таълим ва соғлиқни сақлаш.

2022 йил охирида гуруҳ терминалларининг ўтказиш қуввати 1,6 миллиард тонна юкга етди, контейнерларни ташиш ҳажми эса 37 миллион TEUʼдан ошди. Компаниянинг 21 та йирик порт ҳудуди, 360 та ишлаб чиқариш жойлари ва 320 дан ортиқ контейнер ташиш йўналишлари мавжуд. Бош қароргоҳи Циндао шаҳрида жойлашган бўлиб, гуруҳ ходимлари сони 60 минг кишидан ошади    

Тадбирда Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти ва тадбиркорлик фаолияти учун яратилган кенг имкониятлар, иқтисодий эркинлик яратиш ва тадбиркорликни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотлар, республикамизнинг туризм салоҳияти, логистика ва транспорт соҳаларида Хитой билан ҳамкорлик истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, форум иштирокчилари эътиборига Шаньдун портлари ва Ўзбекистоннинг инвестициявий салоҳияти тўғрисида тақдимот ва видеороликлар намойиш этилди.

Бундан ташқари, бизнес-форум доирасида В2В музокаралари ҳам бўлиб ўтди, унда тадбиркор ва инвесторлар тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш, манфаатлар кесишган нуқталарни топиш ва логистика соҳасида янги истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ташқи савдо айланмаси 2017 йилда 4,8 миллиард АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2022 йилда 8,9 миллиард АҚШ долларига етди ва шу орқали 185 фоизга ўсди. Жумладан, экспорт ҳажми 23,4 фоизни, импорт ҳажми эса 134,7 фоизни ташкил этди.

Реклама

Мавзуга оид