09:03 / 26.04.2023
5721

Европарламент: Боку халқаро мажбуриятларни бузди

ЕИ-Арманистон ҳамкорлиги, ЕИ-Озарбойжон ҳамкорлиги ва ЕИ-Гуржистон ассоциацияси парламент қўмиталари Озарбойжон Лочин йўлаги бўйича халқаро мажбуриятларига “ҳурматсизлик кўрсатди” деб эълон қилди.

Фото: Getty Images

25 апрел, сешанба куни Европарламентда Озарбойжон томонидан Лочин йўлагида назорат-ўтказиш пункти ўрнатилиши юзасидан жиддий хавотир билдирилди. Бу ҳаракат салбий оқибатларга олиб келади ва уни “2020 йил 9 ноябрдаги ўт очишни тўхтатиш декларациясини очиқдан-очиқ бузиш” ва “Халқаро суднинг 2023 йил 22 февралдаги мажбурий қарорига ҳурматсизлик ҳаракати” сифатида кўриш мумкин. Бу ҳақда Европарламентнинг Жанубий Кавказ бўйича делегацияси раҳбари Марина Кальюранд, Европарламентнинг Арманистон бўйича доимий маърузачиси Андрей Ковачев ва Европарламентнинг Озарбойжон бўйича доимий маърузачиси Желяна Зовко қўшма баёнотида айтилган.

Суд қарорида Озарбойжонга “одамлар, транспорт воситалари ва товарларнинг Лочин йўлаги бўйлаб икки йўналишда тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш учун барча чораларни кўриш” топшириғи берилган”, деб таъкидлайди Европарламент депутатлари.

Улар 2022 йил 12 декабрдан бери йўлакнинг Озарбайжон томонидан блокадаси давом этаётганини, бу эса Тоғли Қорабоғ аҳолиси учун ҳуманитар қийинчиликлар туғдираётганини ва тинчлик истиқболига путур етказаётганини эслатади. 

"Биз Бокуни зудлик билан йўналишни ўзгартиришга ва Тоғли Қорабоғ можаросини тинч йўл билан ҳал қилиш ҳамда халқаро мажбуриятлар ва меъёрларга риоя қилиш мажбуриятини олишга чақирамиз. Европа Иттифоқи томонларга барча келишмовчиликларни музокаралар йўли билан ҳал қилишда ёрдам беришга тайёр”, — дейилади ҳужжатда.

Top