Евродепутатлар 11 феврал, чоршанба куни Украинага молиявий ёрдам пакети учун овоз берди. У пакетга 2026–2027 йилларда мамлакатнинг молиявий эҳтиёжларини қоплаш учун 90 млрд евро миқдоридаги қўллаб-қувватлаш кредити (Ukraine Support Loan), шунингдек Украинани қўллаб-қувватлаш механизми (Ukraine Facility)га ўзгартиришлар ва ЕИнинг 2021–2027 йилларга мўлжалланган кўп йиллик молиявий доирасига тузатишлар киради. Бу тузатишлар ЕИ бюджетига кредит учун кафолат сифатида хизмат қилиш, фоизлар тўлови ва қарзга хизмат кўрсатиш бўйича бошқа харажатларни қоплаш имконини беради.
Энди мазкур қонунчилик ҳужжатлари ЕИ кенгаши тасдиғига юборилади. Расмий журналда эълон қилинганидан бир неча кун ўтгач, ЕИ кенгаши қарори кучга киради ва Еврокомиссия Ukraine Facility механизмни ишга тушира олади — Киевга биринчи траншни апрел ойи бошидаёқ тўлаш учун.
Европарламентнинг ўта ўнг гуруҳи — “Суверен миллатлар Европаси” Украинага молиявий ёрдам ажратилишини издан чиқаришга ҳаракат қилди ва овоз беришни кечиктиришни таклиф қилган резолюция лойиҳасини тайёрлади.
Украина ЕИ қўллаб-қувватлашига лойиқ, аммо “бу 90 млрд еврони Россия тўлаши керак”, — деди ушбу гуруҳ вакили, немис евродепутати Ханс Нойхоф. “Биз ҳаммамиз биламизки, Россия ҳеч қачон буни қилмайди ва музлатилган Россия активлари ҳам бу молиялаштириш учун ҳеч қачон ишлатилмайди”, — дея қўшимча қилди у.
Ўта ўнг кучлар тайёрлаган ҳужжатда Украина учун ёрдам пакети бўйича овоз беришни 24 февралгача қолдиришга чақириқ бор эди. “Еврокомиссия европалик фуқароларга ҳақиқатни айтиши керак: бу қарз эмас, балки европалик солиқ тўловчилар тўлайдиган пул — (Украина президенти Володимир. — таҳр.) Зеленский ҳокимиятда қолиши учун”, — деди немис сиёсатчиси.
Шу билан бирга, сиёсий гуруҳлар ва тегишли қўмиталар номидан чиққанлар овоз беришни кечиктиришга қаратилган қонун лойиҳасига қатъий қаршилик билдирди. “Украина ҳеч қачон бугунгидек бизга кучли эҳтиёж сезмаган — қиш ўртасида Россия унинг шаҳарлари, электр станциялари ва аҳолисини бомбардимон қилаётган бир пайтда. Бу — бизнинг бурчимиз ва хавфсизлик соҳасидаги манфаатимиз. Шунинг учун биз Украинани қўллаб-қувватлашни қабул қилишимиз ва Кремлнинг саботажи учун овоз бермаслигимиз керак!” — деб ҳамкасбларининг қарсаклари остида либераллар гуруҳидан франциялик евродепутат Натали Луазо чақириқ қилди. Якунда ўта ўнгларнинг резолюция лойиҳаси сессиядаги овоз беришда қўллаб-қувватланмади.
ЕИ бюджети кафолати остида эркин бозорларда қарз олиш ҳисобига Украинага 90 млрд евро миқдорида кредит шаклида молиявий ёрдам ажратиш қарори Европа етакчиларининг Брюсселдаги саммитида 2025 йил 18 декабр куни қабул қилинган. Уни 27 аъзо давлатдан 24 таси қўллаб-қувватлади. Венгрия, Словакия ва Чехия кредитда иштирок этишга қарши чиқди, аммо қарорнинг ўзини қўллаб-қувватлади.









