Спорт | 13:51 / 27.04.2023
36823
20 дақиқада ўқилади

Англияда чемпионлик интригаси ўлдирилди, Испанияда «Барса» ҳам ютқазди. Европада кун ўйинлари

Европа футболида чоршанба оқшомида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: CATHERINE IVILL/GETTY IMAGES

Гвардиола жамоаси олтин ўйинда ғалаба қозонди, барчаси Ҳоланднинг суперрекорди билан якунланди.

АПЛ. 33-тур
Манчестер Сити — Арсенал 4:1

Голлар: Де Брюйне (7, 54), Стоунз (45+1), Ҳоланд (90+4) — Ҳолдинг (86).
Манчестер Сити – Эдерсон, Уокер, Стоунз, Диаш, Аканжи, Гундўған (Маҳрез, 72), де Брюйне (Алварес, 80), Родри, Грилиш (Фоден, 87), Силва, Ҳоланд.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Ҳолдинг, Габриэл, Зинченко, Жака (Жоржиньо, 60), Парти, Эдегор (Смит-Роу, 71), Сака (Нелсон, 80), Мартинелли (Троссар, 60), Жезус (Нкетиа, 80).
Огоҳлантиришлар: Диаш (45), Грилиш (75), Парти (76), Родри (88).

Энг яхшилар жанги

«Арсенал» ва «Манчестер Сити» бир неча ойдан буён АПЛ чемпионлиги учун курашдаги асосий икки даъвогар сифатида кўрилади, аммо «шаҳарликлар» фақат сўнгги ҳафталарда турнир жадвалида пешқадамга яқинлашиб олди. Бу ўйин олдидан парадоксал вазият юзага келди: «Арсенал» беш очколик фарқ билан олдинда жойлашган, аммо йўқотилган очколар бўйича «шаҳарликлар»нинг вазияти яхшироқ эди, чунки жамоада иккита захира ўйини бор. Шунинг учун «Этиҳад»даги ўйинда мезбонларни эмас, лондонликларни фақат ғалаба қониқтирарди.

Ундан ҳам ажабланарлиси, собиқ раҳбарининг жамоасига қарши Микел Артета ҳеч қандай глобал янгилик ўйлаб топмади: «Арсенал» мутлақо кутилмаган таркибда майдонга тушди. Бошланғич таркибдаги асосий ва ягона ўзгариш — ўтган турда «Саутҳемптон»га қарши ўйинни ўтказиб юборган Жаканинг майдонга қайтиши бўлди.

Аммо бу испаниялик мутахассис «Сити»га умуман тайёрланмаганини англатмайди. Аксинча: «Арсенал» тузилмаси ўзгарди ва футболчилар шундай тизилдики, майдоннинг алоҳида участкаларида, айниқса прессинг чоғида сон жиҳатдан устунликка эришиш мумкин эди. Бу модел иш бериши мумкин эди, агар Гвардиола ҳам тактик ўзгаришларга қўл урмаганида.

Пепдан сюрприз

2023 йилги «Манчестер Сити» нимаси билан ажралиб туради? Биринчи навбатда, албатта, Ҳоланднинг аномал самарадорлиги билан. Иккинчиси — қанот ҳимоячиларидан қайси биригадир ҳаракатлантирувчи рол берилиши: Стоунс, Аке, Люис ёки Аканжи доимий равишда ҳужум бошланишида қанотдан таянч зонага ўтади, «шаҳарликлар» схемаси 3-2-5 кўринишида трансформация бўлади. «Сити» бу йилдаги ҳар бир ўйинда шундай трюкни амалга оширди ва барча бунга кўникди. Артета жамоасини рақибнинг айнан шундай тактикасига тайёрлаганди.

Гвардиола эса шундай бўлишини биларди ва бундай тактикадан воз кечди.«Сити»нинг барча тўрт ҳимоячиси тўп дарвозадан ўйинга киритилаётганида ўз позицияларида қолишди ва ўз ўзидан «Арсенал» форвардларини чалкаштириб юборди. Бундай схема мезбонларга кенгроқ ўйнаш ва меҳмонларнинг тажовузкор босимидан осонлик билан чиқиб кетиш имконини берарди. Натижада лондонликлар олдинги чизиқда ҳеч қандай устунликка эга бўла олмади.

Албатта, «Сити» футболчилари ҳам одатий прессингни унутмаган «Арсенал» бунга ҳам тайёр эмасдек кўринди. Ўйин бошланганидан кўп ўтмай Артета гол ўтказиб юборишга яқин келди ва футболчилар жуда асабий кўринарди. Де Брюйненинг голи ўйиннинг мантиғидан келиб чиқди, гарчи у фақат еттинчи дақиқага келиб урилган бўлса ҳам.

Рэмсдейлнинг сейвлари

«Сити»нинг биринчи самарали ҳужуми Гвардиола бу ўйин учун тактикани қандай ўзгартиргани ҳақидаги иллюстрация вазифасини ўтади — мезбонлар юқори прессингдан хотиржамлик билан чиқишди ва «Арсенал»ни жазолашди. Классика: рақибга унинг жарима майдонида босим қилинганида, ортда бўш зоналар пайдо бўлиши муқаррар. «Сити» эса бундан фойдаланди — Ҳоланд ва Де Брюйне иштирокидаги тезкор қарши ҳужум ҳисоб очилиши билан якунланди.

«Шаҳарликлар» учун барчаси идеал кечди, голдан кейин улар суръатни туширишди ҳам. «Арсенал» эса бўлим давомида ўйинни қайта қуришга уринди, аммо ўхшамади. Лондонликлар ҳар сафар бир хил хатони такрорлайверишди — ортда жуда кўп тешиклар юзага келди ва «Сити» мамнуният билан бу жойлардан ҳужумга ўтиб кетаверди. Бернарду Силва қулай вазиятдан фойдалана олмади, Де Брюйне танаффусга қадар дублни расмийлаштириши мумкин эди. Ҳоланд эса ҳет-трик имконига эга эди, аммо ўзида вазиятлардан фойдаланишда муаммолар ҳам бўлишини кўрсатиб берди.

Биринчи бўлим охиригача Рэмсдейл «Арсенал»ни ўйинда қолдирди — «канонирлар» дарвозабони шу куни жамоа сафидаги энг яхши футболчи эди. Ҳимоя позицияларни йўқотган чизиқни ушлай олмаганида, ҳужумчилар эса олдинда нимадир ўйлаб топишга беҳуда уринаётганида, Рэмсдейл Ҳоланд ва унинг шериклари йўлини тўсиб чиқди. Аммо биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда «Арсенал» дарвозабони ҳам, бош ҳакам Майкл Оливер ҳам ожиз қолди — у аввалига офсайд қайд этганди, аммо VAR аралашувидан кейин Уайт дарвоза чизиғига Стоунсдан кўра бир неча миллиметрга яқинроқ бўлгани ойдинлашди — 2:0.

Ҳоланднинг узоқ кутилган голи

Артета танаффусда футболчиларни алмаштирмади ва бекор қилди. «Сити» эса оғриқли нуқталарга босим қилишда давом этди, Ҳоланд эса дунёга у Рэмсдейлга яккама-якка вазиятларни бой берадиган футболчи эканини кўрсатишда давом этди. Аммо норвегиялик ҳужумчи гол ура олмаса ҳам, фойдали ҳаракатлар амалга оширди — 54-дақиқада айнан Эрлинг яна бир бор Де Брюйнега ассистентлик қилди. Бу сафар гол «Арсенал» етакчиси Мартин Эдегорнинг тўп йўқотиши туфайли содир бўлди, бу вазиятда «Сити» прессинг ҳам қилмаётганди.

Ҳисоб 3:0 кўринишига келгач, амалда барча масала ҳал бўлди. «Сити» ҳаддан ташқари кучли эди, ҳисоб эса майдондаги воқеаларни идеал даражада акс эттирарди. Артета, албатта, қатор алмаштиришлар амалга оширди, аммо бу кучлар мувозанатига деярли таъсир кўрсатмади. Охир-оқибат футболчиларнинг асаблари дош бермай қолди: 75-дақиқада Грилиш ва Парти муштлашиб кетишига бир бахя қолди ва уларнинг иккисига ҳам сариқ карточкалар кўрсатилди.

«Арсенал» барибир битта гол билан жавоб қайтара олди. Қизиғи, уни марказий ҳимоячи Ҳолдинг жарима майдони чизиғи атрофидан йўллаган зарбаси билан урди — бу оқшом меҳмонларга айнан шундай ностандарт юришлар етишмаётганди.

Аммо якуний сўзни барибир чемпионлар айтишди: Ҳоланд ўйиндаги сўнгги зарбаси билан ниҳоят дарвозага йўл топди ва якуний ҳисобни ўрнатди. Бу унинг АПЛдаги рекорд даражадаги 33-голи бўлди. АПЛда 38 турлик тақвим бошланганидан буён ҳеч бир футболчи бунча гол ура олмаганди. Мавсум 42 турдан иборат бўлган даврда Энди Коул ва Алан Ширер 34 тадан гол уришган, Ҳоландда эса бу рекордни ҳам янгилаш учун ҳали етти ўйин бор.

4:1 — «Сити» ҳамон турнир жадвалида иккинчи ўринда, аммо энди уларга яна чемпион бўлишга ҳеч нарса тўсқинлик қила олмаслиги тайин. Энди мавсум бошида бўлгани каби ҳеч ким қаторасига тўртинчи ўйинда ғалаба қозона олмаган «Арсенал»ни чемпионликка даъвогар сифатида кўрмаяпти. Лекин жамоа 2016/17 йиллар мавсумидан буён илк бор ЕЧЛда ўйнаши аниқ бўлди.

«Ливерпул» еврокубок учун курашда, «Челси» чўкмоқда

Вест Ҳэм — Ливерпул 1:2
Голлар:
Пакета (12) — Гакпо (18), Матип (67). 
Вест Ҳэм – Фабиански, Цоуфал, Зума, Агерд, Крессуэлл, Соучек, Райс, Пакета, Бенраҳма (Корне, 70), Боуэн, Антонио (Ингз, 70).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, Матип, ван Дейк, Робертсон, Ҳендерсон (Алкантара, 59), Фабиньо, Жонс (Милнер, 84), Салоҳ, Жота (Диас, 59), Гакпо (Нунес, 78).

«Вест Ҳэм» ҳам, «Ливерпул» ҳам сўнгги вақтларда ҳужумкор ўйин намойиш этмоқда, шунинг учун ўйин старти воқеаларга бой бўлгани ҳеч кимни ажаблантирмади. Рақиблар бир-бирининг дарвозаси томон узоқ масофалардан зарбалар йўллади. Гакпо пастки бурчакни аниқ нишонга олиб, ҳисобни тенглаштирганидан сўнг Александр-Арнолд ўз одатига кўра АПЛнинг энг яхши ассистентлари рўйхати бошига чиқди. Ундаги голли узатмалар сони еттитага етди, шундан бештаси апрел ойида амалга оширилган. Бу бир ой учун ҳисобланганда, клубнинг янги рекорди бўлди.

Аммо ўйин давомида Александр-Арнолд ассистентлар рўйхатидаги етакчиликни бой берди, аммо бу уни ранжитмагани аниқ. Робертсон бурчакдан узатган тўп голга айлангач, шотландиялик ҳимоячидаги ассистлар сони саккизтага етди. Унинг узатмасини эса бошқа бир ҳимоячи дарвозага йўллади — Матип тўпни тўсин остидан киритиб, жамоаси ғалабасини таъминлади. Бу ғалаба эвазига «Ливерпул» жорий мавсумда илк бор сафар ўйинларида биринчи бўлиб гол ўтказиб юборган ҳолда ғалабага эришди. Энди Юрген Клопп жамоаси еврокубокка йўлланма берувчи бешинчи ўринни эгаллаб турган «Астон Вилла»дан йўқотилган очколар бўйича яхшироқ вазиятда. Бу — жамоанинг энг яқин ориентири. Жамоа шу руҳда давом этса, ЕЧЛга йўлланма берувчи ўринлар учун курашиши ҳам мумкин.

Челси — Брентфорд 0:2
Голлар:
Аспиликуэта (37, автогол), Мбеумо (78). 
Челси – Аррисабалага, Аспиликуэта (Обамеянг, 46), Силва, Чалоба, Фофана, Чилуэлл, Ковачич, Канте, Галлаҳер (Мудрик, 46), Фернандес (Фелиш, 79), Стерлинг (Мадуэке, 79).
Брентфорд – Райя, Роэрслев, Йоргенсен, Ми, Пиннок, Генри (Хики, 90+1), Йенсен (Баптист, 62), Янельт, Оньека (Дамсгор, 62), Висса (Мбеумо, 62), Тоуни (Шаде, 83).
Огоҳлантиришлар: Йенсен (46), Фофана (72), Генри (73).

Грэм Поттерни Унаи Эмери келгач бутунлай бошқача ўйин кўрсата бошлаган «Астон Вилла»га уйда мағлуб бўлинганидан кейин ишдан бўшатишганди. Лекин Бирмингҳемдагилар мавсум ўртасида тизимли қарор қабул қилганди, «Челси» раҳбари Тодд Боэлининг бу қарори ҳам тушунарсиз бўлди. У Фрэнк Лэмпардни «Стэмфорд Бриж» вақтинча мураббий сифатида қайтариб, у сеҳрли таёқча билан барчасини ўзгартиришини кутганмиди?

Амалда бутунлай тескариси бўлди. Фақат бир ўйинда вақтинча мураббий сифатида ишлаган Бруно Салтори «Ливерпул»га қарши дуранг қайд этганди — бу жамоанинг сўнгги вақтлардаги нисбатан энг кучли ўйини бўлиб қолди. Лэмпард даври эса — тўлиғича қора чизиқдан иборат. Кўклар бу турга қаторасига тўрт ўйинда мағлубиятга учраган ҳолда етиб келишди, навбатдаги ўйин ҳам Аспиликуэтанинг автоголи билан давом этди.

«Бу «Челси»нинг апрел ойидаги иккинчи голи» — ижтимоий тармоқларда шундай заҳарханда қилишди. Лэмпард иложсизликдан ҳатто Обамеянгнинг борлигини эслаб қолди ва иккинчи бўлим бошида ҳимоя вакиллари сонини қисқартириб, уни майдонга ташлади. Аммо жамоа хаёли «Барселона»да бўлган, январ ойида эса еврокубок заявкасидан четда қолдирилган ҳамда нафсониятига зарба берилган габонлик ҳужумчидан гол кутишга ҳақлими? Умуман олганда, мўъжиза содир бўлмади ва кўклар қаторасига бешинчи ўйинда ютқазишди — бунақаси ўттиз йилдан буён кузатилмаганди.

Испания: «Райо» «Барса» учун даҳшатли туш, «Атлетико»нинг ғалабали юбилейи

Атлетико — Мальорка 3:1
Голлар:
Де Паул (45+2), Мората (47), Карраско (77) — Настасич (20).
Атлетико – Грбич, Молина, Хименес, Эрмосо, Витцел, Карраско, Коке (Кондогбиа, 79), Де Паул (Саул, 63), Лемар (Барриос, 63), Гризманн, Мората (Корреа, 79).
Мальорка – Райкович, Маффео, Настасич (Санчес, 46), Ҳажикадунич, Копете, Коста, Дани Родригес, Морланес (Ндиайе, 56), Баба, Анхель Родригес (Ли Кан Ин, 56), Пратс (Мурики, 55).

Дам олиш кунларида «Барселона»га қарши ўйинга қадар «Атлетико» 13 ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этганди, аммо энди мадридликларда муваффақиятсиз серия бошланадигандек кўринганди. Бу ўйинда майдон эгаларри жуда тез гол ўтказиб юборишди, «Мальорка» бош билан урилган голлар сони бўйича «Севилья» билан тенглашиб олди (10 тадан). Шундан кейин вазиятларни кўкка совуриши босқичи бошланди. Арбитр 11 метрлик нуқтани кўрсатганида ҳам «матрасчилар»га бу мавсумда илк бор пеналти ижро этиш имконияти насиб қилмади, видеотакрор бош ҳакамнинг хатосини тўғрилади.

Аммо Диего Симеоне жамоаси шу куни 120 йиллигини нишонлаётганини эслаб қолди ва биринчи бўлим охирида ва иккинчи бўлим бошидаги голлар билан ўйинда бурилиш ясади. Танаффус арафасида меҳмонлар ҳимоячиларининг кетма-кет хатоларидан кейин дарвозабон тўпни қайтарганди, амм Гризманн тўхтаб қолмади ва Де Паул учун гол ташкиллаштириб берди. Иккинчи бўлим бошланиши билан Мората  Молинанинг қанотдан узатмасидан кейин боши билан идеал зарба берди. Миллий чемпионатда уч йилдан буён «иккинчи қават»дан гол урмаган форвард «Мальорка» ҳимоячиси Настасич мажбуран алмаштирилганидан максимал даражада фойда чиқариб олди.

Ниҳоят қарши ҳужумда яккама-якка ҳолатга чиқиб кетган Феррейра-Карраско дарвозабонни алдаб ўтиб учинчи голни урди ва ўйинга амалда нуқта қўйди. Бу эпизод ҳам ла лиганинг энг яхши ассистенти (10) Гризманнинг саъй-ҳаракатлари билан юзага келди. Айни вақтда француз — жорий чемпионатда голлари ва голли узатмалари сони иккита рақамда ифодаланиши билан мақтана оладиган ягона футболчи бўлиб турибди. Антуан савиядаги фарқни кўрсатмоқда, унинг жамоаси эса энди «Реал»ни атиги икки очколик фарқ билан таъқиб этмоқда.

Райо Вальекано — Барселона 2:1
Голлар:
А.Гарсия (19), Ф.Гарсия (53) — Левандовски (83).
Райо Вальекано – Димитриевски, Балиу, Лежен, Катена, Фран Гарсия, Паласон, Алваро Гарсия (Сальви Санчес, 80), Унаи Лопес (Чаваррия, 80), Оскар Валентин (Мумин, 89), Трехо (Сисс, 63), Камело (де Томас, 89).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Алонсо (Алба, 57), Араухо, Балде, де Йонг (Гарсия, 79), Педри (Кессиэ, 68), Гави (Торре, 79), Рафиня, Торрес (Фати, 57), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Балде (32), Алба (34), Гави (36), Рафиня (61), Димитриевски (90).

Агар «Атлетико» «Камп Ноу»да 17 йилдан буён ғалаба қозона олмаётган ва ўтган турда ҳам шу статистикани бузмаган бўлса, «Райо Вальекано» — Хави учун ҳақиқий бош оғриғидир. Кўк-анорранглилар Мадрид чеккасидан бўлган ушбу жамоага сўнгги бор 2021 йил январида гол урганди. Аммо бу Испания Кубогида бўлганди, чемпионатда эса «асаларилар» икки бор 1:0 ҳисобида ғалаба қозонган ва жорий мавсумнинг биринчи даврасидаги ўйинда голсиз дурангни сақлаб қолишган.

Уйдаги ўйинда эса «Райо» илк дақиқалардан ғалаба учун майдонга тушганини кўрсата бошлади. Ўтган йил апрелида ҳам «Барса» дарвозасини ишғол этган ва биринчи даврада «Реал»га ҳам гол урган Алваро Гарсиянинг бу ўйиндаги голидан аввал ҳам Тер Штеген жамоани қийин вазиятда қутқаришига тўғри келди. Дарвоза ишғол этилганига қадар ҳам мезбонлар муайян рақибга идеал даражада тайёрланишганини намойиш этишди. Ўзига хос усули билан рақибни тўхтатишга уринган Гавининг қаршилигини айтарли ҳис қилмаган Камельо осонлик билан шеригини голли вазиятга чиқарди. Иккинчи бўлим бошида де Йонгнинг майдон марказидаги хатосидан кейин мезбонлар иккинчи голни ҳам уришди. Марказда олдинга қочиб кетган Фран Гарсия «Реал»га ўтиши ҳақидаги гаплар бежиз эмаслигини исботлади.

«Асаларилар»нинг дарвозаси эса ўйин охирига қадар яхши қўриқланди, аммо охирги декадада Левандовски барибир имкон топди, у биринчи бўлимда Димитриевски билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмаганди. Қолган вақт ичида меҳмонлар иккинчи голни ура олишмади ва мағлубиятга учрашди. Шунга қарамай «Барса» асосий таъқибчисидан 11 очколик фарқ билан ортда бормоқда.

Италия: Индзаги — плей-офф қироли

Италия Кубоги. Яримфинал, жавоб ўйини
Интер — Ювентус 1:0
Гол:
Димарко (15). 
Интер – Онана, Думфрис, Дармиан, Ачерби, Бастони, Димарко (Гозенс, 78), Мхитарян, Чалхонўғли (Гальярдини, 82), Барелла (Брозович, 68), Жеко (Лукаку, 68), Мартинес (Корреа, 78).
Ювентус – Перин, Де Шило, Бонуччи (Данило, 68), Алекс Сандро, Бремер, Костич (Милик, 46), Ди Мария, Рабио, Локателли (Паредес, 63), Миретти (Погба, 79), Киеза.
Огоҳлантиришлар: Локателли (59), Мхитарян (90).
Биринчи ўйин — 1:1.

Яримфиналнинг Туринда кечган биринчи ўйини охирида жанжал юзага келган, дарвозабон Ҳанданович, шунингдек ўйиндаги голларга муаллифлик қилган Лукаку ва Куадрадо қизил карточка олишганди. Бу ўйингача «Интер» дарвозасига Онана қайтди ва «нерадзурри»нинг биринчи рақамли дарвозабони меҳмонлардаги кам сонли имкониятлардан гол урилиши эҳтимолини нолга туширди.

Биринчи бўлимда гол ўтказиб юборилгач, Массимилиано Аллегри ўйинга ўзгартиришлар киритишга киришди, иккинчи бўлим бошида майдонда Милик қиёфасида иккинчи классик марказий форвард пайдо бўлди. Аммо у ҳам, Влаҳович ҳам «Интер» сафида мавсумдаги бешинчи голини урган ҳимоячи Димаркога жавоб қайтара олишмади. Аксинча, мезбонлар устунликни ошириши мумкин эди, аммо Жеконинг голи офсайд туфайли бекор қилинди, Мхитаряннинг зарбасини Перин қайтарди, Мартинес қанотдан дарвозабон ҳудудига узатилган тўпга етиб кела олмади.

Симоне Индзаги плей-офф ўйинлари бўйича мутахассис эканини яна бир бор кўрсатиб қўйди. Ички чемпионатдаги муваффақиятсизликлар учун танқидларга нишон бўлган ушбу мутахассис Чемпионлар лигасида ҳам, Италия Кубогида ҳам ўзини кўрсатмоқда. Ўтган йили «Интер» «Кекса синьора»ни финалда мағлуб этганди (4:2). Энди эса — тарихда илк бор яримфиналдаги «дерби Италия»да ғолиб чиқди, жамоа бунгача бу босқичда азалий рақибига барча бешта дуэлни бой берганди. «Нерадзурри» ушбу турнирдаги сўнгги рақибни пайшанба куни «Кремонезе» ва «Фиорентина» жамоалари ўртасидаги иккинчи яримфинал ўйинидан кейин билиб олади. Аммо финалга бу жамоалардан қайси бири чиқмасин, фаворит аён.

Кун статистикаси

  • АПЛнинг жорий мавсумида 11 нафар дарвозабон пеналти қайтарган, «Брайтон»да эса икки дарвозабон ҳам — Санчес ва Стил бунга эришган, уларнинг иккинчиси чоршанба оқшомида «Ноттингҳем»га қарши ўйинда ўзини кўрсатди, аммо ўйинни қутқара олмади.
  • Де Брюйне АПЛдаги голлари сонини 64 тага етказди ва «Манчестер Сити»нинг энг яхши тўпурарлари рўйхатида Яя Турени ортда қолдириб, учинчи ўринга кўтарилди. Белгиялик футболчи учун «Арсенал» севимли рақиб — у саккиз бор ушбу жамоа дарвозасига гол киритган, бошқа исталган рақибга кўпи билан 5 та урган.
Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид