6 июлга ўтар кечаси ва тонгда жаҳон чемпионатининг 1/8 финал босқичида яна икки учрашув бўлиб ўтди. Бразилия турнирнинг кашфиёт жамоасига айланган Норвегияга ютқазди (1:2) ва турнирни тарк этди, Англия эса турнир мезбонларидан бири Мексикага қарши ўта оғир ўйин ўтказди ва қийинчилик билан ғалаба қозонди (3:2). Энди ушбу ғолиб жамоалар кейинги босқичда яримфинал йўлланмаси учун ўзаро ўйин ўтказади.
Неймар кеч қолди
Бразилия – Норвегия 1:2
Голлар: Ҳоланд, 79 (0:1). Ҳоланд, 90 (0:2). Неймар, 90+10 – пеналти (1:2)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Гимараэс, 14’
Бразилия: Алиссон, Габриэл Магаляйнс, Маркиниос, Дуглас Сантос, Данилу Луис, Каземиро, Гимараэс (Эдерсон Силва, 79), Мартинелли (Данилу Сантос, 67), Райан (Неймар, 67), Винисиус Жуниор, Куня (Эндрик, 58)
Норвегия: Нюланд, Айер, Ҳеггем, Волфе (Эстигор, 90+5), Рюэрсон (Эурснес, 63), Берге, Берг, Эдегор, Нуса (Бобб, 46), Сёрлот (Шелдеруп, 46), Ҳоланд
Огоҳлантириш: Неймар, 90
Бразилия Норвегияга қарши бешинчи ўйинида ҳам ғалаба қозона олмади. Карло Анчелоттининг сеҳри иш бермади. Ҳоланд ўз дубли билан Бразилияни уйига қайтариб юборди.
Бразилия плей-оффнинг олдинги босқичида Япония билан ўйинда камбэк амалга оширган ва кўпчилик яна Карло Анчелоттининг магияси ҳақида гапира бошлаганди. Айнан мураббийнинг футболчи алмаштиришлари ва тактик ечимлари иккинчи бўлимда вазиятни ўзгартирганди.
Навбатдаги ўйинда у Японияга қарши ўйиндаги ғалаба голи муаллифи Габриел Мартинеллини илк бор бошланғич таркибга киритди. Аммо у ўзининг доимий амплуаси ҳисобланган чап қанот ҳужумида эмас, ҳужумчи ортида тушди.
Норвегия бош мураббийи Столе Солбаккен эса муваффақиятли таркибни алмаштирмади ва унинг шогирдлари ўйинни ҳужумкор бошлади. Ўйин стартидаёқ Эдегор бошлаган ҳужумни Берг аниқ зарба билан якунлади, аммо бу ҳужум давомида Сёрлот офсайдга тушиб қолгани панд берди.
Кейин эса норвегияликлар ҳужумда тўп йўқотиши бразилияликларнинг тезкор қарши ҳужумига сабаб бўлди, бу ҳужумда Куня пеналти ишлади. Аммо нуқтага яқинлашган Бруно Гимараэс дарвозабонни алдай олмади.

Скандинавлар тўпга эгалик қилишда давом этди, жанубий америкаликлар эса омадини қарши ҳужумлардан излади ва бир неча яхши вазиятларга эга бўлди, аммо Нюланд ишончли ўйнашда давом этди ва биринчи бўлимнинг энг яхши футболчисига айланди.
























