Норвегия – Англия 2:2
Голлар: Шелдеруп, 36 (1:0). Беллинҳэм, 45+2 (1:1). Беллинҳэм, 93 (1:2)
Норвегия: Нюлан, Айер, Ҳеггем (Эстигор, 91), Волфе (Педерсен, 90), Рюэрсон (Эурснес, 60), Берге, Берг, Эдегор, Шелдеруп (Бобб, 68), Сёрлот (Нуса, 68), Ҳоланд (Странн Ларсен, 106)
Англия: Пикфорд, Стоунс, Гейи, О`Райли (Спенс, 86), Конса (Рожерс, 89), Райс (Эзе, 46), Андерсон, Беллинҳэм (Бёрн, 111), Гордон (Жеймс, 71), Мадуэке (Сака, 46), Кейн
Огоҳлантириш: Айер, 117
Англия ва Норвегия – бир бирига яқин бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Географик ва маданий томондан ҳам, футбол борасида ҳам. Бундай боғлиқликни кўриш учун скандинавлар жамоаси таркибига қараш етарли, Англияга қарши ўйинда бошланғич таркибда тушган 11 футболчидан олти нафари, жумладан, жамоанинг асосий юлдузлари – Эрлинг Ҳоланд ва Мартин Эдегор АПЛда тўп суради.
Ушбу иккисини футбол оламидагилар анчадан буён яхши танийди, норвеглар жамоасининг бу турнирдаги ўйинлари эса кўпчилик учун янгилик бўлди. Столе Солбаккен шогирдлари 1/8 финалда Бразилияни ҳақли равишда мағлуб этди ва гап ўша ўйинда Ҳоланд дубл қайд этганида ҳам эмас – норвеглар рақибдан яхшироқ ўйнади ва ўз вазиятларидан фойдаланди.
Англия эса турнир давомида барча ўйинларда ҳам ўз даражасида ўйнай олмади. Плей-оффда Конго ДР ва Мексикага қарши кечган ўйинларда «Уч шерлар» кўп ҳолатларда концентрацияни йўқотди ва турнирни тарк этиш хавфи остида қолди. Фақат футболчиларнинг индивидуал маҳорати эвазига британлар нисбатан осонроқ рақибларни таслим эта олди. Норвегия эса хатолардан фойдаланадиган ва ўзи кам хато қиладиган, бошқа даражадаги рақиб эди.
Ўйиннинг биринчи бўлимининг катта қисмида икки жамоа ҳам эҳтиёткорлик билан ўйнашга қарор қилди. Норвеглар тўпни инглизларга топширишди ва 4-5-1 схемасида жойлашиб, тўп узатиш мумкин бўлган барча йўлакларни ёпишди. Англия эса тўпга ва ҳудудларга эгалик қилди, лекин Нюланд қўриқлаётган дарвоза томон яқинлаша олмади – инглизлар тўпни у қанотдан бу қанотга ошириб, Мадуэке ва Гордоннинг дриблингларига ҳамда олисдан йўлланадиган зарбаларга таянди. Аммо бу иш бермади.
Шу туфайли 35-дақиқагача мухлислар зерикиб қолишди: икки жамоа атиги битта зарба берди ва яққол голли вазиятлар юзага келмади. Жамоадошлари Ҳоланд ва Кейнга тўпни етказиб бера олишмади.
Аммо бу каби ўйинларда кўп кузатилганидек, битта эпизод барчасини ўзгартириб юборди. 36-дақиқада Ҳарри Кейн ҳимоядан чиқишда тўпни олдирди, тўпга эга чиққан Эдегор олдинга юрди ва чап қанотда ўзини таклиф этган Шелдерупни пас билан таъминлади, ёш вингер эса жарима майдонига кириб бориб, кучли зарба йўллаб, турнирнинг энг чиройли голларидан бирига муаллифлик қилди.











