Жаҳон | 20:08 / 27.04.2023
35959
6 дақиқада ўқилади

Эрдўған сайлов арафасида оммавий чиқишларини бекор қилди. У билан нима бўлмоқда?

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 25 апрел оқшомида, жонли эфирдаги интервюси вақтида оғриб қолганидан кейин кетма-кет иккинчи кун барча сайловолди чиқишларини бекор қилди.

Фото: EPA

Буларнинг барчаси 14 май куни бўлиб ўтадиган парламент ва президентлик сайловларига бир неча ҳафта қолганида содир бўлмоқда. Ижтимоий сўровлар шуни кўрсатмоқдаки, президентлик учун рақобат жуда қизғин кечади ва президент Эрдўған ҳокимиятга келганидан йигирма йил ўтиб сайловларда илк бор ютқазиши мумкин.

27 апрел куни Туркия президентининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими директори Фахриддин Олтин президентнинг оммавий чиқишлари шифокор маслаҳати билан бекор қилинганига қарамай, президент соғлиғида муаммолар борлиги ҳақидаги ижтимоий тармоқлардаги хабарларни рад этди.

Туркия соғлиқни сақлаш вазири ҳам шу куни президент соғлиғига тўхталиб ўтди.

«Мен уни бугун эрталаб кўрдим. У яхши. У юқтирган инфекциянинг оқибатлари камайган», дея ССВ раҳбари Фахриддин Хўжанинг сўзларидан иқтибос келтирган маҳаллий нашрлар.

Ўзи нима бўлди?

Эфирдаги узилиш

25 апрел куни кечқурун Эрдўған Туркия телеканалларидан бирига интервю берди. Бу президент сайлови арафасида одатий ҳол. Тўғри, трансляция режалаштирилганидан бир ярим соат кечроқ бошланди, бироқ аввалига бу ҳеч кимда шубҳа уйғотмади.

Аммо бошловчининг навбатдаги саволидан кейин бироз тўхташ юз берди. Камера интервю олувчига қаратилди ва томошабинлар ўша пайтда Эрдўған билан нима содир бўлаётганини кўрмади. Аммо эфирда узилиш борлиги аниқ эди ва кадр ортидан оғринган товушлар эшитилди. Жонли эфир тўхтаб, реклама роликлари бошланиб кетди.

Эфир 20 дақиқадан сўнг қайта тикланди. Эрдўған энди бемалол гапирди ва «қорни қаттиқ оғриётгани» ҳамда «ҳатто дастурни бекор қилиш ҳақида ўйлагани»ни айтди.

Интервю шундан кейин ҳам давом этди, лекин 12 дақиқадан кейин тугади.

Туркиянинг 69 ёшли президенти юраги билан боғлиқ муаммоларнинг кучайиши фонида юрак хуружига (инфаркт) учраган бўлиши мумкинлиги ҳақида тахминлар пайдо бўлди. Расмийлар бу тахминлар нотўғри экани, аслида президент ошқозон гриппи билан касаллангани, ҳозирда аҳволи яхшилиги ҳақида тезлик билан хабар беришди.

Бироқ 26 апрел кунига режалаштирилган бир неча ташвиқот тадбирлари, шунингдек, шу куни тўртта телеканал томонидан эфирга узатилиши керак бўлган катта интервю бекор қилинди.

Шунингдек, Эрдўған узоқ кутилган, Туркиянинг биринчи атом электр станцияси — «Оққую» очилишига ҳам келмайдиган бўлди. Бу Россия ва Туркиянинг қўшма лойиҳаси ҳисобланади.

Ушбу очилиш маросимида Россия президенти Владимир Путин ҳам видеоалоқа орқали иштирок этиши ҳақида олдиндан хабар берилганди. Аммо Эрдўған шахсан иштирок этишни режалаштирганди. Кейинроқ у ҳам видеоформат орқали иштирок этиши маълум бўлди. Аммо бу ерда барчаси силлиқ кечмади.

«Оққую»нинг очилиши Анқара вақти билан соат 13:30 га белгиланган эди, бироқ у бир неча соатга кечиктирилди.

Кун давомида Эрдўған Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказгани хабар қилинди. TRT Haber телеканалига кўра, томонлар Украинадаги уруш ва «ғалла келишуви»ни муҳокама қилган.

Кейин эса Эрдўған ва Путин видеоалоқа орқали «Оққую» АЭСга ядро ёқилғисини етказиб бериш маросимида иштирок этаётгани акс этган видеолар намойиш этилди.

Фото ва видеоларда у анча толиққани кўриниб туради.

Мухолифат етакчилари, жумладан, унинг сайловдаги асосий рақиби Камол Қиличдорўғли ҳам Эрдўғанга тезроқ тузалиб кетишини тилаган.

Ғалаба қозониш имконияти

BBC мухбири Олга Просвирова шарҳи

Эрдўғаннинг соғлиғи қандай бўлишидан қатъи назар, бу унинг сайловлардаги имкониятларига салбий таъсир кўрсатиши даргумон. Унинг тарафдорлари «ошқозон гриппи»дан қўрқмайди, балки буни президент маъмурияти кўрсатишни хоҳлагандек қабул қилади: Эрдўған қаттиқ меҳнат қилмоқда, мамлакат келажаги ҳақида тинмай қайғуряпти ва ҳатто ўз соғлиғини ҳам унутмоқда.

Тўғри, Эрдўғаннинг ғалаба қозониш имкониятлари ҳақида гапиришга ҳали эрта. Унинг рейтинги ҳамон юқори, аммо рақиби Қиличдорўғлининг рейтингидан паст.

14 майга белгиланган президентлик сайловларига кўп вақт қолмади. Фото: EPA

Бунинг сабаблари кўп, лекин энг асосийларидан бири – иқтисодий инқироз бўлиб, мутахассислар буни ҳақли равишда инсон томонидан яратилган инқироз деб атайди. Ушбу инқироз Эрдўған иқтисодий сиёсатининг тўғридан тўғри натижасидир. Тўғрироғи, унинг пул-кредит сиёсати борасидаги ўзига хос қарашлари оқибати. Унинг ўзига хос иқтисодий сиёсати Туркияда транспорт ва озиқ-овқат каби зарурий маҳсулотлар нархини ошириб юборди.

Ва кейин олдини олиш мумкин бўлмаган ҳодиса — даҳшатли зилзила содир бўлди. Ўн минглаб одамлар ҳалок бўлди, миллиондан ортиқ киши бошпанасиз қолди. Эрдўған ва унинг тарафдорлари ҳалокат учун жавобгарликни қурилиш компанияларига юклашга ҳаракат қилди. Улар ҳалокат жуда жиддий бўлганига қурувчилар зарур стандартларга риоя қилмаганини сабаб қилиб кўрсатди.

Баъзилар, асосан Эрдўғаннинг ашаддий тарафдорлари бундай тушунтиришларни қабул қилди. Лекин содир бўлган воқеаларда ҳукуматни айблаётганлар улуши анча кўпроқ. Мухолифат ҳам коррупция ва сифатсиз қурилиш стандартларига йўл қўйгани учун ҳукуматни айблади.

Зилзила туфайли Туркия кўрган зарар, БМТ маълумотларига кўра, 100 миллиард доллардан ошади.

Президентлик пойгасида ким ғалаба қозониши ва парламентда кўпчилик ўринни қўлга киритишидан қатъи назар, Туркияни қийин кунлар кутмоқда. Зилзила оқибатлари ва мамлакатдаги иқтисодий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда Туркия, мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш учун кўплаб соҳаларда туб ислоҳотларга муҳтож.

Мавзуга оид