Россиянинг Украинага бостириб киришига 370 мингга яқин ҳарбий жалб этилган - MMC
Россия армияси Украина билан урушда 369 минг шахсий таркиб ва 5900 тага яқин оғир қуроллардан фойдаланяпти. Бундай маълумотлар Military Media Center (MMC) - Украина Мудофаа вазирлиги қошида фаолият юритувчи платформа томонидан тақдим этилган.
ММС маълумотларига кўра, Россия армияси Украинага бостириб киришда 48 та бригада ва 122 та полкдан фойдаланмоқда.
ММС таҳлилчилари фикрича, Кремлнинг бу урушдаги режаси Украина раҳбариятини куч билан музокараларга кўндириш бўлиб қолмоқда.
«Душманнинг асосий мақсади - Бахмут, яъни бу шаҳар устидан тўлиқ назорат ўрнатиш бўлиб қолмоқда. Душман минтақанинг бошқа шаҳарлари - Авдийивка ва Маринкани ҳам эгаллашга уринишда давом этади», - дейилади хабарда.
Бундан олдин The Wall Street Journal Эрон сўнгги 6 ой ичида Россияга 300 мингдан ортиқ артиллерия снарядлари ва миллион дона патронлар етказиб берганини маълум қилганди.
Нашрнинг таъкидлашича, Эрон қуроллари Россия Федерациясига Каспий денгизидаги юк кемаларида келган.