– Муҳаммадсолиҳ ака, аввало мана шу ташриф ҳақида, Ўшда “Бобур” номидаги ўзбек академик драма театрининг қайта очилиши ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Бугун ҳаммамиз учун, икки қардош халқнинг санъатсевар мухлислари учун қувончли кун. Театр ишлаб турган жойда маданият бўлади, маънавият таралади. Давлатлараро муносабатларни мустаҳкамлашда ҳам санъатнинг ўрни беқиёс.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур театрни тўлиқ қайта қуриб, қирғизистонлик қардошларга тақдим қилиши, бу даргоҳда икки давлат санъат усталарининг ҳамкорликдаги лойиҳаларини намойиш этишлари таҳсинга сазовор. Бугунги ташриф баҳона жуда кўп қадрдонлар билан ҳам учрашдик, мириқиб суҳбатлашдик.

– Истаймизми, йўқми, сиз билан суҳбатда “Темир хотин” спектакли ҳақида савол берилмай қолмайди. Умуман бу спектакль нега айнан Фарғона театрида саҳналаштирилган ва унда Қўчқорвой образига сизнинг танланишингиз тарихи қандай?

– Адиб Шароф Бошбеков “Темир хотин” пъесасини ёзгандан кейин уни Фарғона театри жамоаси олдида ўқиб берган. Ҳаммага ёқиб, шу ерда саҳналаштиришга қарор қилинган. Мен ҳам тинглаб туриб, “Қўчқорвой ролини менга беришса, ўйнаган бўлардим” деган ният туғилди. Лекин роллар бўлинган рўйхатда менинг исм-шарифим чиқмади. Режиссёримиз Олимжон Салимовга бу ҳақда айтганимда “Муҳаммадсолиҳ, мен ҳам бу ҳақда ўйлагандим. Аммо драматург Шароф ака бу фикрни маъқулламади. “Мен Қўчқорвойни озғин, қорамтир, эзгин қиёфадаги инсон деб тасаввур қилганман. Муҳаммадсолиҳ семизгина йигит экан, бу ролга тўғри келмайди” деб айтди”, дея жавоб берди.

Шароф ака жойлашган меҳмонхонага ўзим бордим ва шундай дедим: “Шароф ака, ҳамма қўчқорлар ҳам қора, озғин бўлавермайди-ку. Оппоқ, тўла қўчқорни ҳам бошқалар қатори бир синаб кўринг. Агар ёқмасам, шу онда ўзим четга чиқаман” дедим. Шароф ака гапларимга кулиб, розилик берди.

Синовлар бошланганда қарасам, Қўчқорвойни олишга беш киши даъвогар, мен энг охиргисиман. Битта-битта репетиция қила бошлашди, ҳаммага биттадан кўриниш беришган. Менга келганда кўрсатиб бердим. Дарров яна бир саҳна кўринишида синаб кўришди. Кейин бошқаларни тўхтатиб қайта-қайта синай бошлашди. Шунда мендан олдинги даъвогарлар ҳаммасини тушуниб қолишди. Бири ҳатто овоз чиқариб “Э, бу ролни биз ўйнамаслигимиз аниқ бўлди”, деб бақириб чиқиб кетди.

Саҳналаштирдик, кейин телевизорда кўрсатилди. “Наврўз” узлуксиз марафони қайта кўрсатилганида эса бутун республика кўрди. Шу тарзда қаерга борсам Қўчқорвой бўлиб кетдим. Шундан бери Қўчқорвой ака, ёки “Тошкентга саёҳат”даги бой образини эслаб Бой ота деб чақиришади. Машҳурлик қизиқ-да, мени бирор марта “ГАИ” тўсмаган, кўриб қолишсаям “Ҳа, Қўчқор ака”, деб салом беришади. Мухлисларнинг борига шукр.