Жаҳон | 16:10 / 27.04.2023
16116
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: Украина энди ўз ҳудудларини озод этиш учун етарлича қуролларга эга

НАТО бош котиби маълум қилишича, алянс Украинага ваъда қилинган ҳарбий техникаларнинг деярли ҳаммасини етказиб бериб бўлган.

Фото: Ukrainian Presidential Press Service/Handout via REUTERS

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украинанинг Шимолий Атлантика алянсидаги иттифоқчилари ва ҳамкорлари Киевга ваъда қилинган техникаларнинг деярли барчасини - 1550 та зирҳли транспортёр ва 230 танк, шунингдек «улкан миқдордаги ўқ-дорилар»ни етказиб берганини маълум қилди.

«Украинага ваъда қилинган жанговар машиналарнинг 98 фоизидан ортиғи аллақачон [Украина қўмондонлиги ихтиёрига] етказиб берилган», деди Столтенберг пайшанба куни Брюсселда Люксембург бош вазири Ксаве Беттел билан учрашувдан кейинги қўшма брифинг чоғида.

Бош котибнинг сўзларига кўра, юборилган техникалар ва Украина қуролли кучлари эҳтиёжлари учун етказиб берилган снарядлардан келиб чиқиб, эндиликда Украина армияси Россия қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудудларини озод этиш учун зарур техник имкониятларга эга.

Унинг айтишича, ҳозирда ҳар бирида бир неча минг ҳарбий хизматчидан иборат тўққиз зирҳли бригада жиҳозланган ва ўқитилмоқда. 

Столтенберг сифат борасидаги камчиликларини сон билан қоплашга уринаётган Россия армиясининг имкониятларини камситмаслик кераклигини қайд этган. «Россия тобора кўпроқ фуқароларни сафарбар қилишда давом этмоқда ва Бахмут учун жангларда россияликлар катта йўқотишларга дош беришга тайёр эканликларини кўрсатишди», дея тушунтирди у. 

У бир кун олдин Украина президенти Володимир Зеленский ва Хитой раҳбари Си Жинпинг ўртасида бўлиб ўтган телефон мулоқотига ҳам тўхталган. Унинг сўзларига кўра, НАТОдагилар икки сиёсатчининг бир йилдан ошиқ вақт ичидаги - кенг кўламли уруш бошидан буён илк бор амалга оширилган мулоқотини олқишлайди, аммо Хитой ҳамон Россия босқинини қоралаб чиқмаганига эътибор қаратилган.

Мавзуга оид