Жаҳон | 15:40 / 28.04.2023
14242
6 дақиқада ўқилади

Бахмутда жангчиларни қутқараётган шифокорлар ва Миколайивга зарба оқибатлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 428-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Владимир Путин аннексия қилинган ҳудудлар аҳолисини, агар Россия фуқаролигини қабул қилмаса, депортация қилишга имкон берувчи фармонини имзолади. Улар 2024 йил 1 июлга қадар қарор қабул қилишлари керак.
  • Европа Кенгаши Парламент ассамблеяси (PACE) украиналик болалар мажбуран Россияга олиб кетилганини геноцид сифатида тан олди. Ассамблеядагиларнинг ҳисоблашича, бундай кўчиришдан мақсад «барча алоқаларни ва уларнинг украинча ўзига хосликларини йўқ қилиш»дан иборат бўлган.
  • РФ мудофаа вазирининг моддий-техник таъминот ишлари бўйича ўринбосари Михаил Мизинцев истеъфога чиқарилган. Мудофаа вазирлиги бу ҳақда расман маълумот бермади. Ҳарбий мухбир Александр Сладковга кўра, унинг ўрнига шу вақтгача Росгвардия раиси ўринбосари бўлиб ишлаган Алексей Кузьменков тайинланган. Бундан ташқари, Сладковнинг ҳисоблашича, яқин вақтлар ичида вазирликда навбатдаги истеъфолар рўй бериши мумкин, чунки «кучишлатар тузилмалар блокида кураш бевақт кескинлашмоқда. Кремл Мизинцевнинг истеъфоси тўғрисидаги хабарларни изоҳлашдан бош тортди.
  • АҚШ разведкаси РФ мудофаа вазирлиги шартнома асосида 415 минг кишини ёлламоқчи эканидан хабар топди. Шундан 115 минг кишини урушга жўнатиш мўлжалланган. Россия томони бу маълумотга муносабат билдирмади.

Миколайивга зарба

Миколайив области ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Кимга кўра, 27 апрелга ўтар кечаси Россия қўшини шаҳар бўйлаб «Калибр» русумли тўртта ракета учирган. Зарбалар оқибатида хусусий уй вайрон бўлган, кўп қаватли турар жой биноси ва тарихий бино (айнан қайсилигига аниқлик киритилмаган) шикастланган. Бир киши ҳалок бўлгани ва 23 киши яраланган — улар орасида бир бола ҳам бор.

«Жануб» оператив қўмондонлиги матбуот маркази раҳбари Наталья Гуменюкнинг аниқлик киритишича, Миколайивга зарба Қора денгиз акваториясидан туриб берилган. Россия мудофаа вазирлиги ўз сводкасида маълум қилишича, тунда Россия қўшини «душман захира кучлари дислокация қилинган пунктлар бўйлаб юқори аниқликдаги қуроллар билан зарбалар йўллаган».

Қуйида Миколайивга зарба оқибатлари акс этган суратлар.

Россия зарбасидан кейин Миколайивдаги тарихий бинода чиққан ёнғин
Украина ФВДХ / Reuters / Scanpix / LETA
Отишмалар чоғида вайрон бўлган хусусий уй
Украина қуролли кучлари / EPA / Scanpix / LETA

Яқинлари билан видолашаётган украин аскарлари

Донецк областининг Краматорск вокзалида ўз яқинлари билан хайрлашаётган украин жангчилари
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press

Украина қуролли кучларининг Бахмут атрофидаги дала ҳоспитали

Донецк областининг Бахмут шаҳри учун жанглар давом этмоқда. Украина ҚК Шарқий қўшинлар гуруҳи спикери Сергей Череватийнинг маълум қилишича, Украина армияси ҳамон Бахмутга ўқ-дорилар, озиқ-овқат, аскарлар учун анжомлар, дори-дармонлар етказиш, шунингдек, шаҳардан ярадорларни олиб кетиш имконияти сақланиб қолмоқда. У «россияликларда доим [Бахмутни эгаллаш бўйича] қатор дедлайнлар бўлиши»га урғу қаратган:

Аввалига — 1 майгача эди, энди 9 майга ўзгарди, айниқса улар эндигина устун кела бошлагани учун. Аммо бизнинг қўмондонларимиз ва аскарларимизнинг қаҳрамонлиги, жасорати, профессионализми, матонати кўплаб ойлар мобайнида уларнинг барча дедлайнларини бекор қилиб келмоқда.

РФ мудофаа вазирлигининг 27 апрел кунги сводкасида айтилишича, «штурм отрядлари Бахмутнинг шимолий-ғарбий, ғарбий ва жанубий-ғарбий қисмларидаги тўртта квартални эгаллаб олган, Ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари эса рақибни шаҳарнинг шимолий ва жанубий чеккаларида танг аҳволга солиб қўйган». Украина томони бу баёнотга муносабат билдирмади.

Украина ҚК жангчилари ярадор қуролдошини Бахмут атрофидаги дала ҳоспиталига олиб кетмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий шифокорлар ярадор аскарларга тез тиббий ёрдам кўрсатишмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Лвив областидаги қишлоқда ғалаба ёдгорлиги снос қилиниши

Лвивдан тахминан 70 километр масофада жойлашган Чернево қишлоғида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба шарафига ўрнатилган советлар монументини демонтаж қилаётган ишчилар. Инқилобгача бўлган Россия ва СССР билан боғлиқ бўлган ёдгорликларни снос қилиш ишлари Украинада кенг кўламли босқиндан аввалроқ бошланганди, 2022 йил 24 февралидан кейин эса бу жараён оммавий тус олди. Ўтган йил мобайнида Александр Пушкиннинг 30 га яқин ҳайкаллари, шунингдек Екатерина II, Александр Суворов, Георгий Жуков ва совет жангчиларининг 20 га яқин ҳайкаллари бузиб ташланган.
Pavlo Palamarchuk / Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ўққа тутилиши оқибатлари 

Москва томонидан тайинланган маъмуриятга кўра, 27 апрел куни Украина ҚК Донецк областидаги шаҳар ва қишлоқларни, жумладан Донецк шаҳрини 35 бор ўққа тутган. Пантелеймоновка посёлкасида бир аёл ҳалок бўлгани айтилган. Украина ҚК бош штаби ўз сводкасида бу ҳужум ҳақида тилга олмаган.
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Петербург шаҳри ва областда уруш фонидаги ҳаёт 

Мактаб ўқувчилари россиялик ҳарбий, Украинадаги урушда ҳалок бўлган, вафотидан кейин президент томонидан Жасорат ордени билан тақдирланган Максим Ульяновга ўрнатилган ёдгорликка гул қўйишмоқда. Фотосурат Ленинград областининг Кингисепп шаҳрида Ульянов ўқиган мактабда олинган.
Антон Ваганов / Reuters / Scanpix / LETA
Санкт-Петербург аҳолиси Дўстлик Боғида. Билбордда — «Россияга хизмат қилиш — ҳақиқий иш» шиори остида шартнома асосида ҳарбий хизмат ўташ ҳақидаги реклама
Дмитрий Ловецкий / AP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид