Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фронтдаги вазият: Бахмут ҳимоячилари снарядларни тежамоқда, улар Ғарб ёрдами сусайишидан хавотирда
BBC нашрининг мудофаа масалалари бўйича мухбири Жонатан Бил бир неча ойдан бери шиддатли жанглар давом этаётган Бахмут шаҳрига ташриф буюрган ва украиналик ҳарбийлар билан суҳбатлашган.
Бир йил олдин командир Володимир ва унинг жангчилари ўзларининг БМ-21 «Град» тизимининг барча 40 стволидан бараварига ўқ узган. Энди эса улар Россия нишонларига фақат бир марта бир нечтагина ракета отиш имкониятига эга.
«Бизга ўқ-дорилар етишмаяпти», дея тушунтиради Володимир.
Унинг бўлинмаси, 17-танк батальони, Россия бир неча ойдан бери эгаллаб олишга уринаётган Бахмут шаҳри чеккасида умидсиз равишда мудофаа уюштираётган Украина қўшинларига ёрдам бермоқда.
Рус қўшинлари катта йўқотишлар эвазига ўз мақсадига яқинлашмоқда.
Журналист ва бўлинма кичик ўрмонда яшириниб турганда, Володимир ўз ракета мажмуаси билан русларнинг 15 километр узоқликда жойлашган миномёт позициясига ўт очиш тўғрисида буйруқ олган.
Унинг одамлари машинани пана қилиб турган шохларини олиб ташлайди. Улар тахминан бир километр масофадаги очиқ майдонга боради ва тезда ўқ отиш масофасини ҳисоблаб чиқишади.
Мажмуа ракеталари стволлари нишон томон йўналтирилади, душман устида учиб юрган Украина дрони мўлжал аниқлигини баҳолайди.
Биринчи ракета нишондан тахминан 50 метрга ўтиб кетади, шунинг учун улар ўзларининг баландлик бурчагини ўзгартиради, яна иккита ракета отилади ва тезда дарахтлар орасидаги бошпанага қайтилади. Бу сафар улар нишонни аниқ олганди.
Бироқ, Володимир улар бундан кўпроғини қила олмаслигидан хафа бўлади. «Биз у ерда ҳалок бўлаётган йигитларимизни кўпроқ қўллаб-қувватлашимиз мумкин эди», дейди у.
Унинг сўзларига кўра, Украинанинг «Град» тизимлари учун ўз ўқ-дорилар захираси аллақачон тугаган, шунинг учун улар бошқа давлатлардан етказиб бериладиган ракеталарга таянмоқда. Володимирнинг айтишича, ракеталар Чехия, Руминия ва Покистондан келади. У Покистондан келаётган ўқ-дорилар унчалик сифатли эмаслигидан шикоят қилган.
Уруш қанчалик узоқ давом этса, Украина шунчалик кўпроқ қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришни сўрамоқда. Ҳозир асосий эътибор йирик ҳужумга тайёргарлик кўришга қаратилган. Аммо, шу билан бирга, украиналиклар ҳали ҳам ўз позицияларини ушлаб туриш учун улкан ресурсларни сарфлаши керак.
Яқинда замонавий қурол-яроғлар – танклар ва зирҳли транспортлар етказиб берилганига қарамай, Украина ҳали ҳам ўзининг эски, совет давридаги арсеналларига таянмоқда.
Самолётлар, дронлар ва ракеталарни уриб туширишга қодир Россияда ишлаб чиқарилган «Бук» ҳаво мудофаа тизими Украина ҳарбийлари томонидан ҳамон юқори қадрланади. BBC журналистига фронт чизиғидан орқароқ жойлашган «Бук» тизимларидан бирини кўрсатишган, у ҳам ўрмонга яширилган.
Ушбу юқори технологияли қурол Россиянинг осмондаги устунлигининг олдини олишга ёрдам берган.
«Бук» командири Йозеф журналистга бу тизим руслар учун биринчи рақамли нишон эканини айтган. Бу комплексни ҳимоя қилишнинг пухта шароити сабабини тушунтиради. Радар гумбазига эга узун машина камуфляж тўри билан қопланган ва чуқур хандаққа туширилган. Унинг юқорисида иккита кулранг ракета бор. Одатда «Бук» ўзи билан тўртта шундай рекетани олиб юради.
Фото: EPA
Апрел ойи бошида интернетда АҚШ махфий ҳужжатлари тўплами тарқалди. Унда уруш ҳақидаги батафсил разведка маълумотларини тасвирловчи хариталар, графиклар ва фотосуратлар бор эди.
Журналист Йозефдан АҚШ махфий ҳужжатларида айтилган «Бук» учун ракеталарнинг ўткир етишмовчилиги рост ёки ёлғонлигини сўраган.
«Йўқ, бу ҳақиқат эмас», деган Украина командири. Аммо унинг тан олишича, «Бук»ни сақлаш қийин ва Украинага бундай тизимлар кўпроқ керак.
«Бизда бу тизимлар етарли эмас. Тизимларнинг эҳтиёт қисмлари бузиляпти, лекин бизда улар йўқ, чунки уларни ишлаб чиқарадиган заводлар Украинада жойлашмаган», дея қўшимча қилган Йозеф.
Йозеф нафақат, АҚШ разведкаси ҳисоботларининг баъзи қисмларига қўшилмайди, балки бу ҳужжатларда ҳақиқатан ҳам бирор бир махфий маълумот бўлганига шубҳа қилади.
«Нега биз америкаликлардан хафа бўлишимиз керак? Улар русларда 20 йилдан бери мавжуд бўлган маълумотларни эълон қилгани учунми? Беъманилик!» деган украинлик командир. Унинг фикрича, Россия ҳар доим Украина қуролли кучларининг имкониятларини билган.
Аммо Россия ҳалигача Украинанинг кутилаётган қарши ҳужуми вақти ва жойини билмайди. Ушбу ҳужум Украина ҳудудларни қайтариб олиш ва 1300 километр узунликдаги фронтда Украина кучларига босимни юмшатиш учун хизмат қилади. Ҳужум қаерда содир бўлишидан қатъи назар, Россия ўз кучларининг бир қисмини ўша ерга йўналтириши мажбур бўлади.
Украина ҳам қарши ҳужумни амалга ошириш учун янги бўлинмаларни қуроллантириши ва техника билан жиҳозлаши керак. Ҳар икки томон фронтни озиқ-овқат билан таъминлашда қийинчиликларга дуч келмоқда.
Бахмут яқинидаги бошқа бир участкада Украинанинг 80-бригадаси қўшинлари Россиянинг олдинга силжишини тўхтатиш учун кунига юзлаб артиллерия снарядларини сарфламоқда.
Улар Ғарб томонидан тақдим этилган баъзи қуроллардан аллақачон фойдаланяпти. Сергей ва унинг қўл остидаги аскарлар Британияда ишлаб чиқарилган L119 енгил артиллерия қуроли билан ишламоқда. Аммо Сергейнинг айтишича, улар ҳам ўқ-дориларни тежаши керак. Унинг сўзларига кўра, улар кунига ўртача 30 та снаряд сарфлайди.
«Айни пайтда бизда шахсий таркиб етарли. Лекин бизга ўқ-дорилар керак. Ўқ-дорилар энг муҳими», дейди Сергей.
Журналист Сергейдан «бу йил Украина учун бурилиш нуқтаси бўладими» дея сўраган.
«Агар биз бу йил ҳужумга ўтиб, еримизни қайтариб олсак, ғалаба қозонамиз. Аммо бу содир бўлмаса, урушни яна беш-ўн йил давом эттириш учун бизда ресурслар бўлмайди», деган у.
«Град» командири Володимир янада очиқроқ гапирган. «Мамлакат ҳам, иқтисодиёт ҳам чарчади», деган у.
Ва у бу йилги жанг майдонидаги ҳаракатлар Украинага ҳал қилувчи ғалабани келтирмаса, Ғарбнинг қўллаб-қувватлаши сусайиши мумкинлигидан хавотирда.
«Биз шунингдек, ғарблик иттифоқчилар бизга ёрдам беришдан чарчаб қолишидан қўрқамиз», дейди Володимир.