12:11 / 28.04.2023
7744

ОАВ: "Шимолий оқим"да портлаш бўлган жой яқинида Россия махсус кемаси аниқланган

Россиянинг сувости операциялари учун мўлжалланган SS-750 кемаси газ қувурларидаги портлашлардан бир неча кун олдин "Шимолий оқимлар"га яқин жойда бўлган, деб хабар беради Даниянинг Information нашри.

Фото: Reuters

2022 йил сентябрида "Шимолий оқим" ва "Шимолий оқим 2" қувурларида рўй берган портлашлардан тўрт кун олдин воқеа жойида Россиянинг SS-750 махсус кемаси кузатилган. Бу маълумотни Дания қуролли кучлари қўмондонлиги тасдиқлади, деб хабар беради Information нашри 28 апрел, жума куни.

Қўмондонликнинг таъкидлашича, 2022 йил 22 сентябр куни Борнҳолм оролидан шарқда бўлган Дания патрул кемаси Россия кемасининг 26 та суратини олган. Шу билан бирга, у тасвирлардан фойдаланиш имконини тақдим этишдан бош тортди, чунки улар "разведка характерига эга" ва "разведка ишининг бир қисмидир".

SS-750 махсус кемаси сув остида ишлаш учун мўлжалланган ва бортида AS-26 Priz типидаги мини-сувости кемаси мавжуд.

"Европа" таҳлилий маркази эксперти, Дания ҳарбий разведкаси собиқ зобити Жейкоб Каарсбонинг таъкидлашича, кема газ қувурларини портлатиш бўйича операцияни амалга оширишга қодир. Швецияда ҳам фуқаролик хизматида, ҳам ҳарбий разведкада ишлаган, Россия разведка хизматлари ва Россия ҳарбийларининг сувости фаолияти ҳақида китоблар ёзган таҳлилчи Йоаким фон Браун ҳам шундай фикрда.

Шу билан бирга, мустақил даниялик тадқиқотчи Оливер Александрнинг қайд этишича, назарий жиҳатдан кема бошқа сабабларга кўра ҳам ҳудудда бўлган бўлиши мумкин. "Аммо ўша пайтда бу ерда бўлганлиги - ўзига хос жиҳат", деди у.

Top