Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Алишер Усмоновнинг матбуот хизмати «Бавария»да ўтказилган тинтувларни асоссиз деб атади
Россиялик миллиардер Алишер Усмоновни «Бавария» клуби билан фақат футболга бўлган муҳаббат ва ҳурмат боғлаб туради. Россиялик тадбиркорнинг матбуот хизмати унга нисбатан қўзғатилган иш доирасида Мюнхеннинг «Бавария» клуби қароргоҳида тинтув ўтказилишига шундай изоҳ берди.
Германия чемпионлиги учун ўйиндан олдин олиб борилган тинтув прокурорларнинг «Бавария»ни эмас, балки «Боруссия» мухлиси эканини англатади, дейилади матбуот хизмат хабарида. Унинг баёнотини Forbes келтирди.
Шу билан бирга, матбуот хизмати Мюнхендаги «Альянц Арена» стадиони ва «Бавария» футбол клуби қароргоҳида ўтказилган тинтувларни «Германия прокуратурасининг ҳаддан ташқари муносабати» мисоли деб атади.
28 апрель куни Германиянинг Bild нашри Федерал жиноят полицияси бошқармаси терговчилари ва маҳаллий полиция ходимлари Усмонов иши бўйича Мюнхенда тинтув ўтказганини ёзган эди. Миллиардер Германияда солиқ тўлашдан бўйин товлаш ва пул ювишда гумон қилинмоқда.
Терговчилар пул ювиш иши бўйича далил қидирган, деб ёзди газета. Тинтувлар натижасида улар далил топа олдими ёки йўқми, номаълум.
«Усмонов ҳеч қачон Германия қонунларини бузмаган, унинг маблағларининг келиб чиқиши мутлақо шаффоф, Германияда унинг таъқиби очиқ сиёсийдир», деб таъкидлади унинг матбуот хизмати.
Усмоновни «Бавария» билан фақат «футболга бўлган муҳаббати ва бу буюк клубга бўлган ҳурмати» боғлаб туради. Унинг «Бавария» ўйинларини томоша қилиш учун боргани пул ювишда иштирок этганини исботлайди деган фикрлар кулгили», деб қўшимча қилди матбуот хизмати.
2022 йил кузида немис полицияси Усмоновнинг Германиядаги вилласида рейд ўтказди. Тинтув Тегернзе кўли қирғоғидаги Роттах-Эгерн курорт шаҳарчасида жойлашган виллада бўлиб ўтган. Усмонов 2022 йил 28 февраль куни бошқа бир қанча россиялик миллиардерлар қаторида Европа Иттифоқи санкцияларига учраган эди.
Reuters агентлигининг хабар беришича, санкцияларнинг четлаб ўтилиши бўйича олиб борилаётган суриштирувдан қатъи назар, немис терговчилари пул ювиш ҳолатларини ҳам текширмоқда. Иккинчи терговни Франкфурт прокуратураси ўтказяпти. Унинг маълумотларига кўра, россиялик тадбиркорлардан бири (унинг номи келтирилмаган) 2017-2022 йиллар оралиғида миллионлаб еврога тенг бўлган бир қанча операциялар орқали пул келиб чиқишини яшириш учун «компаниялар ва корпорацияларнинг кенг ва мураккаб тармоғидан» фойдаланган.
Ўз навбатида, Германиянинг Spiegel журнали хабарига кўра, Мюнхен солиқ идораси Усмоновни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда. Уни немис солиқ тўловчиси деб ҳисоблаяпти, чунки у 2014 йилдан буён асосан Тегернзе кўлидаги вилласида ёки Мюнхенда истиқомат қилган. Гап 555 миллион евро миқдоридаги солиқ ҳақида кетмоқда.
Тегернзе соҳилидаги Роттах-Эгерн шаҳарчасида Усмонов билан боғлиқ тўртта вилла бор. Май ойида Германия Яшиллар партияси вакиллари уларни мусодара қилишга чақирган эди. Шундан сўнг Усмоновнинг матбуот хизмати Роттах-Эгерндаги мулк «тўлиқ шаффоф ва қонуний» тарзда оилавий трастга ўтказилганини, тадбиркорнинг ўзи эса Украинадаги инқирозга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини ва Россия президенти Владимир Путинга яқин бўлмаганини таъкидлади.
Усмоновнинг ўзи Германиянинг TZ нашрига «ҳеч қачон олигарх бўлмаганини» ва «ҳалол пулга» виллалар сотиб олганини айтди.
Мавзуга оид
07:03 / 07.05.2026
«ПСЖ» қаторасига иккинчи йил финалга чиқди
22:20 / 29.04.2026
ПСЖ ва «Бавария» футбол шаъни учун жанг қилиб, биргаликда ғолиб бўлишди
14:07 / 29.04.2026
Финалдан олдинги финал. «ПСЖ» ва «Бавария» тарихий ўйин ўтказди
23:03 / 19.04.2026