Жаҳон | 23:01 / 29.04.2023
32948
2 дақиқада ўқилади

Пригожин ўқ-дори берилмаса, вагнерчиларни Бахмутдан олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилди

Шунингдек, у «Вагнер» маълум бир вақтдан кейин фаолиятини тўхтатади» деди. 

Фото: Видеодан кадр

«Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга, агар ўқ-дорилар тақчиллиги муаммоси ҳал этилмаса, жангчилари Бахмутни тарк этиши билан таҳдид қилди. 

Пригожин бу ҳақда «ҳарбий мухбир» Семён Пеговга берган интервьюсида гапирди. 

«Агар ўқ-дорилар тақчиллиги тўлдирилмаса, ё уюшқоқлик билан чекинишга, ё қолиб, ўлиб кетишга мажбур бўламиз. Аммо қўрқоқ каламушлардек қочмаймиз. Катта эҳтимол билан биз ҳарбийларнинг бир қисмини ушбу ҳудуддан олиб чиқишга мажбур бўламиз», деди у. 

Пригожин ўз интервьюсида Шойгуга сўнгги муддат сифатида 28 апрелни белгилаганини айтган. Интервьюнинг ўзи 29 апрель куни Пегов каналида эълон қилинган. 

Пригожиннинг сўзларига кўра, Украина Қуролли кучларининг қарши ҳужуми 15 майдан кечикмай бошланади ва бу Россия учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Шунингдек у интервьюсида «Вагнер» «маълум бир вақтдан кейин фаолиятини тўхтатади» деган.

Мавзуга оид