Жамият | 14:56 / 30.04.2023
45118
9 дақиқада ўқилади

“Жаҳлим чиқса, аёлимни тепкилаб кетаверардим” – турмуш ўртоғини уриб, фарзандлари ўлимига сабабчи бўлган эркак ҳикояси

“Зарб натижасида ҳомила нобуд бўлибди. Роса афсусландим, лекин кеч эди. Ўзим пиширган ош дедими, кетиб қолмади. Бир ургандан кейин қўл кетиб қолаверар экан. Ундан кейин ҳам жаҳлим чиқса хотинимни тепкилаб кетадиган бўлиб қолдим. Барибир кетмайди, мени яхши кўради, деб ишончим комил бўлган эди”.

Фото: Kun.uz

Инсон борки, хато қилади. Кимдир хатосидан сабоқ олади, кимдир эса йўқ, яна кимдир эса кеч англаб етади. Бугунги қаҳрамонимиз хатосини кеч англаб етган инсонлардан. Қуйида ҳикояни унинг ўзидан тинглаймиз.

“Оилада уч ўғил, икки қиз эдик. Акам Афғонистондан бир қўлидан айрилиб қайтган. Шунгами, онам акамни жуда эҳтиётларди. Акамни уйлантирганимиздан сўнг мен армияга кетдим. У вақтлар ҳозиргидан кўпроқ муддат хизмат қилинарди. Хизматдан қайтгунимча иккинчи акам уйланган, катта акамнинг иккинчи фарзанди дунёга келаётганда келинойим вафот этган экан.

Қайтганимдан сўнг бир йил у-бу ишларни қилиб юрдим. Яхши кўрганим бор эди. У ҳам менга бефарқмасди. Оиламдагилар катта акам иккимизни уйлантиришга ҳаракат бошлашганда кўнглимдагини айтдим. У пайтлар негадир  бундай нарсаларга жуда ёмон ишдек қарашарди, негалигини билмайман. Онам олиб бермайман деди. Мен уйлансам фақат шу қизга уйланаман деб туриб олдим.

Аслида-ку, онамнинг ҳам келинликка тайин номзодлари йўқ эди. Қайсарлигимдан жаҳллари чиқарди. Отам айтганини оберамиз, тамом, деди. Шундай қилиб оиламизга қўшалоқ келин келди. Бир ҳовлида уч овсин яшай бошлади. Акаларим иккиси онамнинг хоҳиши билан уйлангани учунми, уларнинг хотинига онам у қадар қаттиқ турмасди.

Лекин менинг хотинимга жуда қаттиқ турарди. Ўшанда ёш эдим, ғўр эдим. Мен ҳам рафиқам онамнинг барча айтганини қилиши керак, деб ҳисоблардим. Аслида ҳам шундай эди. Аёлим магазинда ишларди. Рашким келиб, у ердан бўшатиб олдим. Фабрикага ишга кирди. Иш вақти бўлгунча молларнинг тагини тозалаб, емини бериб, сигирларни соғиб кетарди. Бу ишларни ундан бошқа ҳеч ким қилмасди. Лекин шунда ҳам доим гап эшитарди.

Ичим ачиса ҳам ўзимни бефарқдек тутардим. Бир нима десам, онам ҳаммаям севиб уйлансин экан-да, энди она керакмасми, деб гапирарди. Бу эса менинг суяк-суягимдан ўтиб кетарди. Аёлим билан кулиб гаплашолмасдик. Онам ўшанда мени қизғанганми ёки ғаши келганми, билмайман, хуллас, эркак киши унақа бўлмайди, хотин қули, деб қаттиқ гапирди. Алам устида аёлимни калтакладим.

Ҳушидан кетгунча урдим. Ҳушидан кетганда қаттиқ қўрқиб кетганман. Ўлдириб қўйдимми деб. Лекин “бунинг артист, рол ўйнаяпти, атайлаб ётволди”, каби гаплардан кейин турғизмадим ҳам, қарамадим ҳам. Ўшанда жоҳилга айлангандим. Уришга урдим-у, қўрқдим. Кетиб қолса-чи, акалари келиб жанжал қилса-чи, нима қиламан, деб ўйладим. Бир неча соатдан кейин ўзига келди. Қорнини ушлаб додлаб йиғлади, букчайиб туролмай қолди. Докторга олиб бордим.

Ҳомиладор бўлган экан. Зарб натижасида ҳомила нобуд бўлибди. Роса афсусландим, лекин кеч эди. Бир неча кун шифохонада ётганидан сўнг уйимизга қайтди. Қайтмаслигига ишончим комил эди. Тўғриси, ўшанда роса ич-ичимдан хурсанд бўлдим. Ўзимни унинг олдида айбдор ҳис қилардим.

Ўзим пиширган ош дедими, кетиб қолмади. Бир ургандан кейин қўл кетиб қолаверар экан. Ундан кейин ҳам жаҳлим чиқса хотинимни тепкилаб кетадиган бўлиб қолдим. Атай қилмасдим, бироқ ўша пайтда ўзимни бошқаролмасдим. Барибир кетмайди, мени яхши кўради, деб ишончим комил бўлганди. Бу орада синглимни чиқардик. Онам хотинимнинг сепидаги барча идиш-товоқларни олиб синглимга бериб юборди. Хотиним қайтариб оламан, нега бир оғиз сўрашмайди дея гап бошлаганди, овозингни ўчир, ўзим обераман сенга ўшани, дедим. Калтак ейишдан қўрқдими, шу билан жим бўлди.

Келинларнинг ичида фақат менинг хотиним топганини онамга олиб келиб берарди. Лекин онам унга тушлиги учун ҳам пул бермасди. Мен арава судрардим, топганимни онамга берардим. Унга беркитиб пул бериш хаёлимга ҳам келмаган.

Бу орада хотиним қандли диабет касаллигига чалиниб қолди. Докторлар унга яхши қаров кераклигини айтарди. Шу сабабли ҳам қизимиз операция билан туғилди. Ундан кейинги эгиз фарзандларим яна аҳмоқлигим туфайли туғилмасданоқ нобуд бўлди. Ичим ачиса ҳам аёлимни тушунмасдим. Балки, тушунишни истамагандирман. Топганимизни қўлларига тутсак ҳам онам бизга алоҳида чиқиб кетинглар, бу ерда аканг қолади, дедилар.

Хотинимнинг ҳамма тиллаларини сотиб, камига уйдагиларидан қарз кўтариб “дом” олдик. Ўша пайтда ўзимни етимдек ҳис қилганман. Чунки на акам ва на опа-сингилларим ёрдам қўлини чўзиш у ёқда турсин, бир оғиз булар қаёққа боради дейишмади. Отам ётоқда бўлганлари учун улардан умид қилишнинг ўзи хато эди. Аммо онам нега бундай қилганларини ҳалигача тушунмайман.

Кўчиб ўтганимизнинг эртасигаёқ хотиним уйда нарса пишириб бозорга олиб сотиб келди. Мен эса арава тортдим. Орттирганига иккита нон билан бир кило гўшт олиб келибди. Шуни олиб бориб ота-онангизни кўриб келинг, деди. Сен-чи, десам, мен ҳозир боролмайман, тўғри тушунинг, деди.

Бир оз вақт ўтганидан сўнг “Cизлар келинглар, домларингга кичкина аканг кўчиб ўтади, шу уйда қоласизлар”, деб онам чақириб олди. Аввалига хотиним кўнмади. Уйни номимга ўтказиб беришгандан сўнг уйимизни акамга бериб, қайтиб бордик.

Бу вақтда катта акамнинг хотини онам билан чиқишмай квартира олиб чиқиб кетганди. Акам ҳам унинг ортидан борганди. Шундан сўнг яна рўзғоримиз аввалгидек ўта бошлади. Вақти-соати билан яна фарзандли бўлдик. Лекин бир кун яшаб нобуд бўлди. Шундан сўнг бир ўғилли бўлдик. Худога шукур, у яшаб кетди. Шу фарзандим туғилганидан сўнг аёлимни тушуна бошладим. Урмайдиган бўлдим. Анча кеч бўлса ҳам инсофга кирдим.

Бу орада отам вафот этди. Отамнинг вафотидан сўнг онам бизга “чиқиб кетинглар, катта акангни олиб келаман”, деб қолди. Миям қизиб, нима дейишимни, нима қилишимни билмай қолдим. Уйдан чиқиб кетдим. Хотинимнинг кўзига қаролмасдим. Автовокзалга бориб дуч келган автобусга чиқдим. Бу ерлардан, онамнинг бизга қилаётган ноҳақликларидан узоқларга кетиб қолсам, дердим. Бир вақт хотиним боламни етаклаб автобус эшиги олдига келди. Ҳамма ёқдан қидириб, шу ердан топибди.

“Қаёққа кетяпсиз, мени иккита бола билан уйсиз ташлаб, уйимни олиб беринг-да, кетаверинг”, деди. У билан қайтдим. “Нега ниятингизни шу вақтгача айтмадингиз? Топганимизни олдингиз, на ўзингиз уй-жой қилиб бердингиз, на бизнинг ниятимиз шундай, ўзларинг уй-жой қилинглар, дедингиз”, деб хотиним биринчи марта онамга қарши бош кўтарди. Онамнинг мазаси қочди. Кечаси билан уларга қараб чиққан аёлим эрталаб онам ўзига келиши билан, “нима бўлса бўлсин, кетамиз, дадаси”, деди. Ижарага уй олиб чиқиб кетдик, бироқ ҳовли менинг номимда эди.

Ўғлим қаттиқ касал бўлиб қолди. Нарса еса ютолмай, еганини қусиб, ҳолдан тойди. Докторларга кўрсатсак, Самарқандга олиб бормасаларинг бўлмайди, дейишди. Топганимиз ижарага, рўзғорга кетарди. Уйга қарз сўраб бордим, аммо бир нажот топмадим.

Умидсиз қайтиб келдим. Хотиним аҳволимни кўргандан тушунди. Уйига телефон қилиб болам ўлиб қолса нима қиламан, деб йиғлади. Уйларида турган сигирни сотиб, пулини олиб келишди. Самарқандга боришдан олдин томоғини ҳам бир кўрсатайлик, нимадир тиқилиб қолмадимикан, деди қайним.

Томоғида кичкина суяк бўлакчаси санчилиб қолган экан. Олдириб келишимиз билан ўйнаб кетди. Шу билан Самарқандга ҳам бормадик. Пулни қайтиб бергандик, олишмади. Бир иш бошланглар, юришиб кетса қайтарарсизлар дейишди.

Сомса пишириб сота бошладик. Кунига мингтагача кетадиган бўлди. Насибамиз шунда бўлган экан. Қарзимизни ҳам қайтардик. Бироз ўзимизни тиклаб олганимиздан сўнг ота ҳовлимизнинг этагидан уй кўтардик. Болаларимизни ўқитдик. Онам ётиб қолганларида аёлим ўзи қаради, ундан рози бўлиб кетдилар.

Энди ёш ўтганда ўша даврларни эслаб, қилган ишларимдан афсусланаман. Аёлимни вақтида тушунганимда, авайлаганимда бугун соғлиғини йўқотмаган бўлармиди, болаларимиз ҳам икки эмас олти нафар бўларди. Тақдир деймиз-у, тақдиримизга ўзимиз сабабчи бўларканмиз. Ҳозир ўғлимга ҳам, жиянларимга ҳам айтаман. Эсинг бўлса, хотинингни урма. Ўзинг учун асра. Бир умр керак бўлади.

Ёшликда шу ақл қаёқда эди, дейди хотиним. Унга осон тутмайман. Кунда дори ичади, укол олади, лекин юзимга солмайди. Менинг тақдиримни ёшлар ўқисин, хотинини урмасин. Қайноналар ўқисин, келинига азоб бераётганда ўғли ҳам қийналишини билсин”, дея ҳикоясини якунлади отахон.

Чарос Маннонова суҳбатлашди.

Мавзуга оид