Жаҳон | 11:58 / 01.05.2023
5700
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Гутерриш ўз ўринбосарини Суданга юборди

БМТ Судандаги можаро авж олганидан кейин ҳуманитар вазиятдан хавотирда. Жаҳон ташкилоти бош котиби ўринбосари Мартин Гриффитс БМТнинг ёрдам кўрсатиш қобилиятини жойида баҳоламоқчи.

Мартин Гриффитс / Фото: Reuters

Судандаги вазият ёмонлашаётгани фонида БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ўзининг ўринбосари, ҳуманитар ва фавқулодда вазиятлар бўйича координатори Мартин Гриффитсни ушбу Африка давлатига юборди. Бу ҳақда Гриффитснинг ўзи 1 май, душанбага ўтар кечаси Twitter’да ёзган.

"Хартум ва бутун Суданда тўқнашувлар бошланганидан икки ҳафта ўтиб, ҳуманитар инқироз бўйича вазият ўзининг чегарасига етди. Антонио Гутерришнинг илтимосига кўра, вазиятни қандай зудлик билан юмшатишимиз мумкинлигини баҳолаш учун минтақага боряпман", деди у ўз постида.

Худди шу куни БМТ бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик ҳам худди шундай баёнот билан чиқди. "Суданда шиддат билан кучайиб бораётган ҳуманитар инқирозни ҳисобга олиб, БМТ бош котиби зудлик билан ўзининг ҳуманитар масалалар бўйича ўринбосари Мартин Гриффитсни минтақага жўнатмоқда. Бўлаётган воқеалар миқёси ва тезлиги мисли кўрилмаган даражада, - деди Дюжаррик. - Бунинг Судан халқига ва бутун минтақага ҳозирги ва узоқ муддатли таъсиридан жуда хавотирдамиз".

30 апрел куни БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури Судандаги ҳуманитар инқироз иқлим ўзгариши туфайли қийин аҳволда бўлган Шарқий Африканинг бутун минтақасига тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирди.

“Бу мамлакатда (Судан) жанглар бошланишидан олдин ҳам аҳолининг учдан бир қисми очликдан азият чеккан, ҳозир у ерда ҳамма нарса етишмаяпти, озиқ-овқат нархлари эса осмонга кўтарилган”, деди Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Германиядаги директори Мартин Фрик.

Мавзуга оид