Спорт | 22:34 / 02.05.2023
28571
3 дақиқада ўқилади

Forbes дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиларини эълон қилди 

Forbes талқини бўйича энг юқори даромадли эркак спортчилар рейтингида етакчи ўзгарди - бу йил рўйхатни Криштиану Роналду бошқариб турибди. Ўтган йилги етакчи Лионел Месси бу сафар иккинчи ўринни эгаллади. Дунёдаги энг кўп маош оладиган спортчилар учлигига фақат футболчилар киради. 

Фото: Forbes

Португалиялик футболчи Криштиану Роналду Американинг Forbes журнали томонидан тузилган энг юқори даромадли спортчилар рўйхатида биринчи ўринни эгаллади. Унинг сўнгги 12 ойдаги умумий даромади 136 миллион долларга баҳоланган. Роналду бу маблағнинг атиги учдан бир қисмини – 46 миллион долларни футбол майдонида ишлаб топган. Португалиялик футболчи 2022 йил ноябрь ойида «Манчестер Юнайтед»ни тарк этиб, 2023 йил январида Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клубига ўтган эди. Яна 90 миллион доллар — Роналдунинг стадиондан ташқаридаги, шу жумладан рекламадан тушган даромади. 

Рейтингнинг иккинчи қаторида унинг ўтган йилги етакчиси - 35 ёшли аргентиналик футболчи Лионел Месси жой олди. Унинг йиллик даромади ўзгармаган – 130 миллион доллар. Бу қийматнинг ярмини Adidas, Budweiser, PepsiCo ва бошқа брендлар билан тузилган реклама шартномаларидан олган. 

Яна бир футболчи, 24 ёшли франциялик Килиан Мбаппе дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчилари учлигига кирди. У ўтган йили 120 миллион доллар ишлаб топган бўлса, шундан 100 миллион доллари футбол майдонидан келган. 

Шунингдек, рейтингдан учта баскетболчи, жумладан, «Лос-Анжелес Лейкерс»дан Леброн Жеймс (тўртинчи ўрин, 119,5 миллион доллар), «Голден Стейт Уорриорс»дан Стефен Карри (саккизинчи ўрин, 100,4 миллион доллар) ва «Финикс Санс»дан Кевин Дюран (10, 89,1 миллион доллар) ўрин олган. 

Рейтингга икки гольфчи ҳам кирди: америкалик Дастин Жонсон (олтинчи қатор, 107 миллион доллар) ва Фил Миккелсон (еттинчи қатор, 106 миллион доллар). Forbes уларнинг рейтингга киришини кутилмаган сюрприз деб атайди ва буни Саудия Арабистони томонидан молиялаштириладиган PGA Tour мусобақасига ўтиши билан баҳолайди. Forbes ҳисоб-китобларига кўра, Миккелсон шартномани имзолаш учун 200 миллион доллар кафолат олган, Жонсон эса 125 миллион доллар. 

Рейтингнинг ўртасида - бешинчи поғонада - мексикалик боксчи Канело Алварес (110 миллион доллар). Швейцариялик теннисчи Рожер Федерер 95,1 миллион доллар билан тўққизинчи ўринни эгаллади. 

Рейтингни тузишда Forbes 2022 йилнинг 1 майидан 2023 йилнинг 1 майигача спортчиларнинг иш ҳақи ва барча мукофот пуллари ва бонусларини ҳисобга олган. 

Дунёнинг энг кўп маош олувчи ўн нафар спортчининг йиллик умумий даромади 1 миллиард доллардан ошган.

Мавзуга оид