Жаҳон | 20:31 / 03.05.2023
50835
10 дақиқада ўқилади

Россия портлашлар ичида — темирйўлларда, нефт базалар ва аэродромларда нималар бўлмоқда?

Россиянинг чегарадош ҳудудларида бир неча кундан буён портлашлар серияси кузатилмоқда. Брянск областида поездлар релслардан чиқиб кетди. Краснодар ўлкасида дронлар нефт базаларига ҳужум қилди.

Россияда инфратузилма объектларида портлашлар сезиларли даражада кўпайди - сўнгги беш кун ичида иккита нефт база ҳужумга учради, Брянск областида иккита поезд темирйўллардаги портлашлар туфайли издан чиқиб кетди. Чоршанба кунига келиб Кремл президентнинг Кремлдаги қароргоҳига дронлар орқали ҳужум қилишга уриниш бўлганини маълум қилди. Россия ҳукумати бу ҳолатларнинг барчасини украиналик диверсантлар ҳаракати билан боғламоқда, Украина томони эса одатдаги каби масъулиятни ўзидан соқит қилмоқда. Буларнинг барчаси Украинанинг кутилаётган қарши ҳужуми фонида содир бўлмоқда. Бу воқеаларни қандай изоҳлаш мумкин?

Икки нефт база, икки юк поезди, аэродром, электр узатиш линияси

Севастополдаги ёнғин, 2023 йил 29 апрел. Фото: Reuters / Scanpix / LETA

29 апрел

Аннексия қилинган Қримнинг Севастопол шаҳридаги Казачя бухтадаги нефт базада шанба кунига ўтар кечаси  портлаш ва унинг ортидан йирик ёнғин юзага келганди. Маҳаллий расмийларнинг маълумотига кўра, иккита дрон ҳужуми оқибатида ёнилғи тўлдирилган тўртта цистерна ёниб кетган, аланга 2000 кв. метрдан ортиқ майдонни қамраб олган.

Украина разведкаси маълумотига кўра, Севастополдаги портлаш оқибатида 40 минг тонна нефт маҳсулотлари сақланган 10 та резервуар йўқ қилинган.

Украина армияси «Жануб» оператив қўмондонлиги матбуот котиби Наталя Гуменюк телеэфир вақтида Қримдаги нефт базадаги ёнғин «барча кутаётган кенг кўламли ҳужумга тайёргарликнинг бир қисми» эканини айтди. Киев Севастополдаги нефт базага қилинган ҳужум учун тўғридан тўғри жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

1 май

Ленинград области Гатчинский райони Сусанинский посёлкасида электр узатиш линияси портлатилди. Регион раҳбари Александр Дрозденкога кўра, яна бир электр узатиш линиясида ҳам портловчи қурилма топилган ва зарарсизлантирилган. 

Дрозденконинг сўзларига кўра, «диверсия» ва «портловчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси» моддалари бўйича жиноий иш қўзғатилган. 

Гумонланувчилар қўлга олингани ҳақида маълумот берилмаган. Телеграм-каналларга кўра, улар Москвада яширинган бўлиши мумкин.

Росгвардия Шимолий-ғарбий округи матбуот хизмати

1 май куни Брянск области «Унеча - Рассуха» темирйўл линиясининг 136-километрида содир этилган портлаш оқибатида беларусларнинг нефт маҳсулотлари ва ёғоч ортилган поезд вагонлари издан чиқиб, ёниб кетди.

Baza телеграм-канали маълумотига кўра, портловчи қурилма учта жойга ўрнатилган бўлган. Асосий портлаш кучи 10 килограмм тротил эквивалентига тенг бўлган, қолган иккитаси — тахминан 200 граммдан. Портлаш рўй берган жойда 2,5 метр чуқурликдаги ва 1,5 метр диаметрга эга ўра ҳосил бўлган. 

2 май

Белгород областида Прилес қишлоғи ҳудудида мудофаа истеҳкомлари қурилаётган жойга дрон орқали портловчи қурилма ташланди. Baza манбасига кўра, бунинг оқибатида 46 ёшли ишчи контузияга учраган. Ҳодиса ҳақида расмий маълумот берилмаган. 

Нашрнинг ёзишича, яна бир учувчисиз учар қурилма Россия-Украина чегарасига бир километр масофадаги Алес қишлоғига ҳужум қилган. Дрон ташлаган ўқ-дори оқибатида бир экскаватор шикастланган.

Шу куни кечқурун Брянск областида темирйўлда яна портлаш содир бўлди. Регион раҳбари Александр Богомазга кўра, Снежетьская станцияси ҳудудида «номаълум портловчи қурилма ишга туширилган». Одамлар жабрланмагани, локомотив ва бир қанча вагонлар издан чиқиб кетгани айтилган. Гувоҳлар бир неча портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар беришган. 

Россия тергов қўмитаси Брянск областида темирйўлдаги портлаш оқибатлари акс этган видеони намойиш этган.

«112» телеграм-каналига кўра, таркибдаги 20 вагон релсдан чиқиб кетган. Mash манбаси ёзишича, вагонларда пропан ва оҳак бўлган. Шунингдек, издан чиққан вагонлардан олтингугурт ва селитра тўкилган.

Mash манбаси Брянск областида 1 ва 2 май куни рўй берган портлашлар турли «диверсия-разведка гуруҳлари» томонидан амалга оширилгани ҳақида айтган. Канал маълумотига кўра, регион ҳудудида бундай гуруҳлар бир қанча— «ҳозирда уларнинг барчасини қидиришмоқда». 

Нашрнинг тасдиқлашича, 1 май кунги портлаш уч-беш кишидан иборат гуруҳ томонидан содир этилган. Бу гуруҳ «Красний Рог — Почеп» йўналишида режалаштирилган ва олди олинган ҳужумга ҳам алоқадор бўлиши мумкин. 

3 май

Чоршанбага ўтар кечаси Россия ҳудудидаги нефт базаларда беш кун ичида иккинчи ёнғин рўй берди. Краснодар ўлкаси Таман порти яқинида нефт базада нефт маҳсулотлари сақланувчи резервуарда ёнғин чиқди. Ёнғин майдони 1,2 минг кв. метрни ташкил этган, алангани ўчириш учун бешта ўт ўчириш поездлари жалб этилган.

Краснодар ўлкаси раҳбари Вениамин Кондратьев қурбонлар ва жабрланганлар йўқлигини маълум қилди. Расмийлар ёнғинга нима сабаб бўлгани бўйича хабар беришмади, аммо йирик нашрларнинг бу дронлар ҳужуми ортидан рўй берганини ёзиб чиқишди. Кўп ўтмай дронлар ҳужуми акс этган видео ҳам пайдо бўлди.

Аэродромга ҳам ҳужум бўлганми?

Astra ва Baza каналлари манба келтирмаган ҳолда, 3 майга ўтар кечаси Украина ҚК дронлари Брянск области Дубровский районидаги ҳарбий аэродромга ҳужум қилгани ҳақида ёзишди. Ҳужумда бешта дрон иштирок этган: улардан иккитаси аэродром ҳудудига бостириб кирган, яна иккитаси уриб туширилган, бешинчиси топилмаган. Astra нашри аниқлик киритишича, 41495-ҳарбий қисмнинг 566-алоҳида ҳарбий-транспорт авиация полки ҳужумга учраган. 

Ҳужум натижасида фойдаланишда бўлмаган Ан-124 транспорт самолёти шикастланган. Astra манбасига кўра, дрон самолётнинг қанотига келиб урилган. 

Расмийлар ҳодиса юзасидан маълумот бермаган.

Ленинград областининг Гостилици қишлоғида аэродромда ёнғин чиққан. ФВВ хабар беришича, ёнғин тўғрисидаги хабар эрталабки соат 7 да келиб тушган, аэродром ҳудудида покришкалар ёнган, ёнғин майдони 15 квадрат метрни ташкил этган. Ленинград области расмийлари икки вертолёт ангардан эвакуация қилингани, техникаларга шикаст етмагани ҳақида маълум қилган. 

Гостилици аэродроми — Шимолий-Ғарбий федерал округдаги энг йирик умумавиация аэродроми ҳисобланади. Бу ерда 100 дан ортиқ самолёт жойлаштирилган — улар очиқликда туради.

Бу ҳарбий аэродромларга илк бор ҳужум қилиниши эмас.

Саратов областида стратегик авиация самолётлари жойлаштирилган Энгелс аэродроми ўтган йилнинг декабрида камида икки бор дронлар ҳужумига учраган. Бу ердаги Ту-95МС стратегик бомбардимончилари Украина ҳудуди бўйлаб ёппасига зарбалар беришда қўлланади.

Бундан ташқари, декабр ойида Рязан областидаги Дягилево аэродромига ҳам зарба берилган, ўшанда уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганди.

BBC шарҳловчиси Павел Аксенов:

Кремлга дронлар билан зарба беришга уринилиши - сўнгги кунлардаги ҳодисалар занжирида энг жиддий эътиборга молик воқеа бўлди.

Бу ҳодисалар ўз табиатига кўра бир-биридан жиддий фарқ қилади, улар турли объектларда - ҳокимият марказларида, темирйўлларда, электр узатиш линияларида, аэродромларда, нефт сақланувчи базаларда рўй берган. Қўлланган методлар ҳам жуда хилма-хил - дронлар орқали зарбалар, ўт қўйиш, портловчи қурилмаларни ўрнатиш.

Уларни вақт ва жой бирлаштиради - Москва марказидаги ҳодиса ва Ленинград областидаги электр узатиш линиясидаги портлашдан ташқари барча ҳодисалар ёки Украинанинг Россия билан чегарадош областларида, ёки аннексия қилинган Қрим ҳудудида содир бўлган. Ва бу воқеалар фронтнинг икки томонидагилар ҳам Украина қуролли кучларининг юриши бошланишини кутаётган вақтда рўй бермоқда.

Украина қуролли кучлари «Жануб» оператив қўмондонлиги пресс-атташеси Наталия Гуменюк очиқчасига зарбалардан камида биттаси - Севастополдаги нефт базага қилинган ҳужум - йирик юришга тайёргарликнинг элементи ҳисобланишини айтди. Унинг сўзларига кўра, Украина ҚК  шу тариқа Россия армияси логистикасини издан чиқаришга ҳаракат қилмоқда ва бу зарба россияликларни нисбатан хавфсизроқ жой излаб тарқалишга мажбур қилишга қаратилган.

Бундай очиқ баёнотга қарамай, бу воқеалар ортида аслида ким турганини айтиш қийин. Илгари бу каби ҳодисалар ҳақидаги хабарларда Украина қуролли кучлари таркибига кирмайдиган гуруҳлар тилга олинарди - масалан, Киевдагилар Беларусдаги Мачулишчи аэродромида Россиянинг радар самолётига ҳужум маҳаллий партизанлар томонидан содир этилганини айтишганди. Шунга қарамай, вақт ва жой бирлаштирувчи бу ҳодисалар умумий режанинг бир қисми ва Украинадаги уруш ҳамда бўлажак қарши ҳужум билан боғлиқлиги ҳақидаги гапларда жон бор.

Ҳозирги ҳолатда бундай диверсиялардан мақсад чиндан ҳам логистика ва таъминотни издан чиқариш бўлиши мумкин, аммо бу ҳужумлар Россия расмийлари, жумладан махсус хизматлар ва қуролли кучларни, уларнинг раҳбарияти ва шахсий таркибни турли жойлардаги турли таҳдидлар билан чалғитишга қаратилганини тахмин қилиш ҳам мантиққа тўғри келади. Бундай турлича зарбалар хавфсизлик тизимига ортиқча юклама бериши ва унинг оператив фаолиятини имкон қадар қийинлаштириши мумкин. Ва Кремлга тунги ҳужум ҳам шу мантиққа тўла мос келади.

Мавзуга оид