Жаҳон | 11:53 / 03.05.2023
6579
2 дақиқада ўқилади

ЕИнинг бешта давлати Украинадан тўртта маҳсулот импортини тақиқлади

Европа Иттифоқи Украинанинг тўртта қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Украинага қўшни мамлакатларга олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйди. Бундай ҳолда, транзит давом этиши мумкин. Болгария, Венгрия, Полша ва Словакия Украинадан маҳсулот олиб киришга қўйилган тақиқларни бекор қилади.

Фото: Anadolu agency

Еврокомиссия Украинадан тўртта қишлоқ хўжалиги маҳсулоти – буғдой, маккажўхори, рапс ва кунгабоқар уруғларини Европа Иттифоқининг бешта давлати – Болгария, Венгрия, Полша, Руминия ва Словакияга импорт қилиш бўйича фавқулодда вақтинчалик чоралар кўрди. Ушбу маҳсулотларни импорт қилиш 2023 йил 2 май, сешанбадан 5 июнгача тақиқланган. Бу давлатлар орқали Европа Иттифоқининг бошқа давлатларига ёки Европа Иттифоқидан ташқарида товарлар транзити давом этиши мумкин.

Шу билан бирга, Европа Комиссияси ушбу чораларни 5 июндан кейин қайта тиклашга тайёр, аммо истисно вазият сақланиб қолиниши керак, дея маълум қилди Брюссел: "Бу чоралар Европа Иттифоқига аъзо бешта давлат дуч келган логистикадаги жиддий тўсиқларнинг истисно ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда зарур".

Бунга параллел равишда Болгария, Венгрия, Полша ва Словакия буғдой, маккажўхори, рапс ва кунгабоқар уруғлари ҳамда Украинадан келадиган бошқа маҳсулотларга нисбатан бир томонлама тақиқларни олиб ташлашга ваъда берди, дея хабар қилди Европа комиссияси.

Бундан ташқари, Брюссел Европа Иттифоқи қишлоқ хўжалиги жамғармасидан юқорида қайд этилган бешта давлатга 100 миллион евролик молиявий ёрдам пакетини ажратади. Бу иккинчи транш бўлади - биринчиси 56 миллион еврони ташкил этди ва учта давлатга берилди: Полша, Болгария ва Руминия.

Европа Иттифоқи Украинанинг бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан ички бозордаги вазиятни ўрганади. Бундан ташқари, Европа Комиссияси Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг транспорт "бирдамлик линиялари" орқали бошқа ЕИ мамлакатларига ва ундан ташқарига транзитини енгиллаштириш чораларини кўришга ваъда берди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид