Иқтисодиёт | 20:02 / 04.05.2023
43258
4 дақиқада ўқилади

Мамаризо Нурмуродов 165 млн сўмдан ортиқ ўтказмалар шубҳа остига олинишига изоҳ берди

Янги тартибга кўра, банк картасидаги айланма суммаси бир ой ичида 165 млн сўмдан ошса, банклар бу операцияларнинг шубҳали бўлиши мумкинлигини кўзда тутади. Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродовнинг Kun.uz мухбирига айтишича, бу фақат жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши чора бўлиб, пул ювишга қарши курашиш бўйича халқаро экспертлар тавсияси асосида жорий этилган.

Апрел ойи бошида тижорат банкларида ички назорат қоидаларига ўзгартиришлар киритилган эди.

Унга кўра, банк карта эгаларининг қуйидаги операциялари шубҳали деб баҳоланади:

  • мижознинг банк картасидан банк мобил иловаси орқали бир вақтдан кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида БҲМнинг 500 бараварига (165 млн сўм) тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларини бир ёки бир нечта банк карталарига ёхуд электрон ҳамёнларга ўтказилиши;
  • Мижознинг банк картасига бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддатда БҲМнинг 500 бараварига тенг ёки ундан ошадиган умумий суммада пул маблағларининг бир ёки бир нечта банк карталаридан ёхуд электрон ҳамёнлардан келиб тушиши;
  • 5 та ва ундан ортиқ банк картасидан (электрон ҳамёндан) банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларининг ўтказилиши (ёки келиб тушиши);
  • 1 та банк картаси (электрон ҳамёндан) банк мобил иловаси орқали бир вақтда ёки кўп маротаба 30 кундан ошмаган муддат давомида 5 та ва ундан ортиқ хорижий банк картасига ёки хорижий электрон ҳамёнга пул маблағларининг ўтказилиши (ёки келиб тушиши).

Шубҳали деб баҳоланган операцияларга оид маълумотлар ваколатли давлат органи бўлган Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментига берилади.

Жамоатчилик фаоллари бу янгилик эълон қилиниши билан бу онлайн омонатчилар ҳам шубҳа остига олиниши ёки бир жисмоний шахс ўз картасидан бошқа картасига 165 млн сўмдан кўп маблағ ўтказишига ҳам шубҳа билан қаралиши борасида хавотир билдирди.

Марказий банк янги қоидалар жисмоний шахсларнинг омонатлари электрон ҳамёнларига ёки банк карталарига қайтарилиши, шунингдек, товар ва хизматлар учун тўловларга татбиқ этмаслиги ҳақида баёнот берди.

Шундай бўлса-да, қоидаларга мувофиқ, банклар 165 млн сўмдан ортиқ операциялар ҳақида департаментга маълумот бериши керак.

МБ раиси Мамаризо Нурмуродов 4 май куни Марказий банкда бўлиб ўтган матбуот анжумани доирасида Kun.uz мухбирига бу янги тартиб ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, бу янгилик Пул ювишга курашиш бўйича молиявий чоралар ишлаб чиқувчи халқаро гуруҳ (ФАТФ) тавсиялари асосида жорий этилган.

“ФАТФ талабларига кўра, шубҳали операциялар бўйича банк тизимида ички назорат талабларига асосан, назорат олиб борилади. Бу қанақа операция бўлишидан қатъи назар. Масалан, сиз билан бизнинг валюта айирбошлаш операциямиз бўладими ёки бошқа амалиётимизми, доимий равишда банкнинг ички назоратида бўлади. Бу айтилган 165 млн сўмдан юқори бўлган картадан картага ўтказмалар ҳам. Бу ерда фақат жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш билан боғлиқ хатарлар бўлган тақдирдагина департаментга берилади. Бу департаментга берилди дегани ўша шахсга нисбатан жиноий иш очилди деган нарсани билдирмайди. Фақат шубҳали тоифага мансуб бўлгани учун департаментга берилади”, – деди у.

Нурмуродов бу умумэътироф этилган тавсиялар экани, нафақат Ўзбекистон, балки жаҳондаги бошқа давлатлар ҳам ФАТФ талабаларидан келиб чиқиб фаолият юритишини қайд этди.

“ФАТҚ томонидан биз билан ўтказилган мониторинг жараёнида шунақа тавсиялар берилган. Биз буни шу жараёнда инобатга олганмиз. Буни ҳеч қанақа аҳолининг омонатидаги ўзгаришлар ёки пул ўтказмалари билан боғлаш тўғри эмас”, – деди регулятор раҳбари.

Мавзуга оид