Жаҳон | 16:10 / 04.05.2023
10046
2 дақиқада ўқилади

Россияда давлат молиялаштирилиши қисқарганидан кейин авиарейслар бекор қилиняпти

2022 ва 2023 йилларда расмийлар минтақавий парвозлар дастурини бюджетдан молиялаштириш ҳажмини сезиларли даражада қисқартирди, авиакомпаниялар рейсларни бекор қилишга мажбур, деб ёзади «Известия». 

Фото: Picture Alliance

Россия авиакомпаниялари давлат молиялаштирилиши қисқариши сабабли мамлакат ичидаги парвозларни бекор қилмоқда. «Известия» газетаси 4 май, пайшанба куни соҳадаги уч манба ва Россия Транспорт вазирлигига яқин манбага таяниб, 2022 йилда ҳукумат Москвани айланиб ўтувчи минтақавий рейслар дастури учун субсидияларни бюджет тақчиллиги туфайли 9 миллиард рублдан 7,5 миллиард рублгача камайтиргани тўғрисида хабар берди. Аксарият рейслар Омск ва Тюмен вилоятлари, Татаристон, Санкт-Петербург, Доғистон ва Шимолий Осетияда бекор қилинди. 

2023 йилда Транспорт вазирлигига умумий харажатларни 5 фоизга қисқартириш бўйича топшириқ берилган, бу эса минтақавий парвозлар дастурини молиялаштиришнинг 17 фоизга қисқаришига олиб келди, деб ёзади «Известия». Авиакомпаниялар минтақалар билан қўшма молиялаштириш бўйича шартнома тузмаган йўналишлар ушбу дастурдан чиқариб ташланди, деди суҳбатдошлардан бири. 

Бундан ташқари, Кемерово-Чита ва Нижний Новгород-Петрозаводск рейслари бекор қилинди, «Россия» авиакомпанияси Санкт-Петербургдан Тоболскка ҳафталик икки рейсни амалга оширишдан бош тортди. 

Россиянинг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери Россия авиация секторига мисли кўрилмаган санкциялар жорий этилди. Европа, шунингдек, АҚШ ва бир қатор бошқа мамлакатлар ҳаво кенгликларини ёпишдан ташқари, Россия компанияларига самолётлар ва эҳтиёт қисмларни ижарага бериш ва сотишни тақиқлади, Россиядан ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш деярли бутунлай тўхтатилган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид