22:24 / 05.05.2023
33727

Фото: ФИФА президенти Шавкат Мирзиёевга фамилияси туширилган футболка совға қилди

Ўзбекистон президенти мамлакатда ФИФАнинг йирик тадбирларини ўтказишни таклиф этди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Халқаро футбол федерацияси раҳбари Жанни Инфантино билан 5 май куни ўтказган учрашувда мамлакатимизда футболни оммалаштириш ва йирик тадбирларни биргаликда ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

«Нуфузли глобал спорт ташкилоти раҳбари мамлакатимизда футболни ривожлантириш, унга ёшлар ва қизларни кенг жалб қилиш, истеъдодларни тарбиялаш, оммабоп ва замонавий инфратузилмани яратиш, малакали мураббийлар ва соҳа мутахассисларини тайёрлаш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади ва тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Жанни Инфантино Ўзбекистон етакчисини ёшлар терма жамоамиз яқинда Осиё Кубогида ғалаба қозонгани билан самимий табриклади. Бу соҳада амалга оширилаётган амалий ишлар самарадорлигининг навбатдаги тасдиғи эканини таъкидлади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Учрашувда Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА ўртасидаги яқин ва сермаҳсул ҳамкорлик юксак даражада экани, унинг доирасида бугунги кунда мамлакатимизда замонавий футбол кластерини ташкил этиш чоралари кўрилаётгани  алоҳида мамнуният билан қайд этилган.

Ўзбекистонда жаҳон миқёсидаги спорт тадбирлари ва биринчиликларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш, миллий терма жамоани тайёрлаш, инфратузилмани ривожлантириш ва Ассоциациямиз салоҳиятини оширишга техник кўмакни кенгайтириш ҳамда иқтидорли футболчиларни селекция қилиш тизимини ишлаб чиқиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

ФИФА раҳбари Ўзбекистон президентига Мирзиёев фамилияси ва 24 рақами акс этган футболка совға қилган.

Top