20:15 / 05.05.2023
16837

Кремлга дрон ҳужуми ортида Украина турган бўлиши мумкин — манба

Баъзи ғарб таҳлилчиларининг фикрича, Кремлга дрон ҳужуми ортида Украина турган бўлиши мумкин. Россия бунда расман Украинани айбламоқда. Украина барча айбловларни рад қиляпти.

Фото: ТАСС

Бу фикрни CNA таҳлилий ташкилотининг Россия тадқиқот дастури директори Майкл Кофман билдирди. Бу ҳақда Financial Times ёзди.

Унинг фикрича, дрон зарбаси рамзий мақсадга эга ва Кремль кучини заифлаштириш, шунингдек, Россиянинг заифлигини намойиш этишга қаратилган.

Газетанинг ёзишича, бундан бошқа нарсалар қатори воқеа акс этган видеоёзувлар ҳам далолат беради. Айрим экспертларнинг фикрича, бундай ўлчамдаги дронлар жиддий зарар етказиш учун етарлича портловчи моддаларни олиб юролмайди. Бундан ташқари, улар Россия президентига суиқасд қилиш учун юборилган бўлиши даргумон, чунки Владимир Путин кечалари Кремлда камдан-кам бўлади.

Шу билан бирга, экспертлар орасида Россиянинг ўзи Кремлга зарба берилишини саҳналаштирган бўлиши мумкин, деган фикр бор. Анонимлик шарти билан FT билан гаплашган юқори мартабали Ғарб дипломати бу версияга қўшилмаган. Унинг сўзларига кўра, бундай зарба Кремль манфаатларига тўғри келмайди, чунки Россиядаги энг қўриқланадиган жойлардан бирининг заифлигини намойиш этиш «Владимир Путинга катта сиёсий зарар етказади».

Шу билан бирга, Украинанинг Кремлга ҳужум қилганига ишонадиган экспертлар дронлар Россия ҳудудидан учирилган деб ҳисобламоқда. Мисол учун, АҚШ Мудофаа вазирлиги разведка агентлиги директори содир бўлган воқеанинг фотосуратлари ва видеоларига асосланиб, «дрон оператори ҳужум жойини кўриб турган бўлиши керак» деб хулоса қилган. Нашрнинг яна бир манбаси дронлар Москва вилояти ҳудудидан учирилганини тахмин қилган.

Шу билан бирга, Россия стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Руслан Пухов украинапараст гуруҳлар Кремлга ҳужум уюштириши мумкинлигини, Украина раҳбарияти эса уларнинг режалари ҳақида билмаслиги мумкинлигини таъкидлади.

3 майга ўтар кечаси президент Владимир Путиннинг Кремль қароргоҳига иккита дрон ҳужум қилди. Россия расмийлари воқеа ҳақида фақат куннинг иккинчи ярмида хабар берди. Кремль матбуот хизмати ҳужумни «режалаштирилган террорчилик ҳаракати ва Россия президенти ҳаётига суиқасд» сифатида баҳолаганини айтди. Россия расмийлари воқеада Украинани айблади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ҳужум ортида АҚШ турганини айтди.

Украина расмийлари дрон ҳужумига алоқадорлигини рад этмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский Украина «на Путинга, на Москвага ҳужум қилмаяпти», деди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби Россиянинг даъволарини «кулгили» деб атади. «Қўшма Штатлар бу ҳодисада ҳеч қандай иштирок этмади. Песков ёлғон гапиряпти», деди у.

Мавзу
Кремлга дронлар ҳужуми
Май ойида украин дронлари Кремлгача етиб борди.
Барчаси
Top