Ўзбекистон | 11:38 / 05.05.2023
30814
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳудудига нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутиляпти 

Бугун кундуз куни Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво кам булутли, қуруқ ва илиқ бўлиши кутилмоқда, ҳаво ҳарорати +24...+29 даража атрофида бўлади. 

Фото: Kun.uz

“Ўзгидромет” хабарига кўра, фақат Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий, Қашқадарё вилоятларида баъзи жойларда бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Республика шимолида ҳаво ҳарорати +18...+23 даражагача пасаяди.

6 майда республика ҳудудига Каспий денгизи ҳудудларидан нам ва нисбатан салқин ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Ўзбекистон бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +18...+23 даражагача пасаяди, бу май ойининг боши учун бўлган меъёрдан 3-5 даражага пастдир.

7 майда республика марказий ва шарқий вилоятлари бўйича баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечаси +8...+13 даражагача пасаяди, кундузи ҳарорат +20...+25 даража атрофида бўлади. Республиканинг айрим жойларида дўл ёғиши мумкин.

5 майда шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда, 6 майда республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда шамол 22-25 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 5-7 май кунлари вақти-вақти билан момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлиши мумкин. Баланд тоғларда (2000 метрдан юқорида) ёмғир қорга айланиши мумкин. Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 5-7 май кунлари сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Пойтахтда бугун кундуз куни ҳаво асосан бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол тезлиги 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +25...+27 даражани ташкил этади.

Шанба куни кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади, 12-15 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат кечаси +10...+12 даража, кундузи +20...+22 даража бўлади.

Якшанба куни куннинг иккинчи ярмида бироз қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Шамол 5-10 м/с тезликда эсади. Ҳарорат кечаси +10...+12 даража, кундузи +22...+24 даража бўлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид