21:21 / 06.05.2023
19780

Украина Patriot ёрдамида Россиянинг гипертовушли ракетасини уриб туширди 

Украина ҳарбийлари аввалроқ «Кинжал»ни уриб тушириш воситалари йўқлигини тан олган эди. 

Фото: AP

Украина ҳарбий ҳаво кучлари 6 май куни Американинг Patriot мудофаа тизимидан фойдаланган ҳолда Киев осмонида Россиянинг гипертовушли ракетасини уриб туширганини маълум қилди. Бу ҳақда AP ёзди. 

Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондони Микола Олешчук сўзларига кўра, «Кинжал» баллистик ракетаси Украина пойтахтига тунги ҳужум чоғида уриб туширилган. Бундан ташқари, Украина биринчи марта Patriot мудофаа тизимларидан фойдаланган. 

«Ҳа, биз «ноёб Кинжал»ни уриб туширдик. Бу 4 май куни тунда Киев вилояти осмонида содир этилган ҳужум пайтида содир бўлди», деди у. 

Олешчукнинг айтишича, Х-47 ракетаси МиГ-31К самолёти томонидан Россия ҳудудидан учирилган ва Patriot ракетаси билан уриб туширилган. 

«Кинжал» - энг янги ва илғор қуроллардан бири. Россия ҳарбийларига кўра, ракета 2 минг километргача, товушдан 10 баравар юқори тезликда учади, бу эса уни уриб туширишни қийинлаштиради. 

Украина ҳарбийлари аввалроқ «Кинжал»ни уриб тушириш воситалари йўқлигини тан олган эди. 

«Улар Patriot Американинг эскирган қуроли, Россияники эса дунёдаги энг зўр қуроллар эканини айтишди. Хўш, энди бу қурол гипертовушли ракеталарга қарши самарали ишлаши ҳақида далиллар мавжуд», деди Украина Ҳарбий ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат. 

Унинг сўзларига кўра, «Кинжал»нинг муваффақиятли уриб туширилиши «Россия учун юзга берилган зарба». 

Украина апрель ойи охирида биринчи Patriot ракеталарини қабул қилиб олди. Аммо нечта тизим олингани ва улар қаерда жойлаштирилгани номаълум. Улар АҚШ, Германия ва Нидерландия томонидан етказиб берилган. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top