Жаҳон | 09:55 / 08.05.2023
8213
2 дақиқада ўқилади

"Досье": Россия "украиналиклар" номидан ЕИда акциялар уюштирган

Парижда Москва томонидан уюштирилган “украиналиклар”нинг “антитурк” ҳаракатлари Франция, Туркия ва Украинани низога олиб келиши керак эди, деб ёзади Европа ОАВ ва "Досье" маркази.

Фото: AP

Россия ҳукумати Европа Иттифоқида НАТО бўйича ҳамкорлар, хусусан, Франция ва Туркия ўртасида низо чиқариш, шунингдек, бу мамлакатлардаги украиналикларга душманлик қилиш мақсадида дезинформация кампаниялари уюштирган. Бу ҳақда 7 май, якшанба куни мухолифатчи Михаил Ходорковский томонидан молиялаштириладиган "Досье" маркази ва Европанинг бир қанча нашрлари, жумладан Süddeutsche Zeitung (Германия), Le Monde (Франция) ва бошқалар хабар берди. Дезинформация кампаниялари Россия ҳуқуқ-тартибот идораларининг "Досье" маркази томонидан кўриб чиқилган ҳужжатларида тасвирланган.

Хусусан, бу ҳужжатларда Парижда украиналикларни тасвирлаган одамлар томонидан уюштирилган митинг ҳақида маълумотлар бор. Украина байроқлари фонида юзлари яширинган номаълум одамлар нацистлар саломи каби қўлларини кўтарган, уларнинг ёнида инглиз тилида Туркия президентига мурожаат ёзилган плакат бўлган: "Эрдўған, зилзила россиялик сайёҳлар учун қасосдир. Алания кейингиси бўлади!" Бошқа суратларда ниқоблилар томонидан ёқиб юборилган Туркия байроғи ва Stop Erdogan, Alanya Next шиорлари акс этган.

Журналистлар томонидан ўрганилган ҳужжатларда Туркия, Франция ва Украина ўртасида низо чиқариш, шунингдек, Шимолий Атлантика алянсининг Киевни қўллаб-қувватлашини заифлаштириши мумкин бўлган ушбу ва шунга ўхшаш ҳаракатлар сценарийлари мавжуд. "Досье" маркази ва Европа оммавий ахборот воситалари Россия томонидан уюштирилган ушбу ҳаракатлардан камида биттаси ҳақиқатан ҳам март ойида Парижда бўлиб ўтганини, аммо оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмаганини таъкидламоқда. Шунга қарамай, Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари буни муваффақият деб баҳолаган, дея таъкидлади журналистлар. Улар томонидан ўрганилган ҳужжатларда “украиналиклар”нинг “антитурк” ҳаракатлари учун бошқа бир қатор эҳтимолий жойлар берилган: Ҳаага, Франкфурт-Майн, Брюссел.

Мавзуга оид