Ўзбекистон | 21:57 / 09.05.2023
59830
11 дақиқада ўқилади

“Қонун ўзгартирилиши шарт” – фаоллар нашид эшитгани ёки уни улашгани учун қамалиб кетаётганлар иши ҳақида

Кеча, 8 май куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг 2-босқич талабаси, 21 ёшли Жаҳонгир Улуғмуродов 3 йилга қамалди. У 2022 йилда синфдошлари мавжуд телеграм гуруҳга YouTube'даги диний қўшиқ – нашида учун ҳавола юборган.

Нашида Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси билан “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган” деб топилган.

Умуман, бу телефонидан диний қўшиқ топилгани ё уни кимгадир юборгани учун қамалаётган илк ўзбекистонлик эмас. Охирги вақтларда айни сабаб билан қамалаётганлар сони кўпайиб бормоқда.

Kun.uz мухбири телефонида нашид сақлагани ё уни кимгадир улашгани учун қамалиб кетаётганлар сони ошиб бораётгани, Жиноят кодексидаги бунга сабаб бўлаётган моддалар, ундаги бўшлиқлар ва жамоатчиликнинг бу борадаги эътирозлари мавзусида жамоатчилик фаоллари билан интервю ўтказди.

Интервю меҳмонлари ҳуқуқшунос, адвокат Раззоқ Алтиев, Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов ва сиёсатшунос, жамиятшунос Камолиддин Раббимов бўлди.

— Мен ёзилган илмий қоидаси бўйича ўқийман, нашид деб ислом динида маълум йўналишда ва чолғу асбоби билан айтиладиган мусиқа асари тушунилади. 

Хўш, ҳуқуқда, қонунчиликда нашид нима ўзи? Қайси нашид жамият, давлат, тузум учун хавфли ва қайсиниси аксинча? Буни аниқлаш чегаралари қандай? Нега сўнгги вақтларда бу каби айблов билан қамалаётганлар сони Ўзбекистонда кескин кўпайиб бормоқда?

Раззоқ Алтиев:

— “Нашид” арабчада қўшиқ, мадҳия деган маъноларни беради. Сўнгги вақтларда жамиятда нашида тақиқланган, деган тушунча пайдо бўляпти. Аслида, нашида деган истилоҳ қонунларимизда йўқ. Ақидапарастик, сепаратистик ғояларга асосланган диний мазмундаги материалларни ноқонуний тайёрлаш, тарқатиш, олиб кириш каби ҳолатлар тақиқланади. Бу масала ўзи долзарб масала.

Тақиқланган мазмундаги материални сақлаган ва бу тарқатиш мақсадида бўлса, жавобгарликка тортилади. Дейлик, араб тилини билмаса, шунчаки ўша қўшиқ ёқиб қолган бўлса, шуни ким биландир бўлишиш ҳолатлари ҳам бўлади.

Абдураҳмон Ташанов:

— Биринчи маъмурият даврида ҳукуматнинг маънавий-ҳуқуқий қиёфаси диний экстремизм билан боғлиқ бўлиб қолган эди. Афсуски, ҳозир ҳам мана шу тенденциянинг хавфли босқичида турибмиз. Ўтган йили Инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамиятига Тошкент шаҳар Учтепа туманида мактаб ўқувчилари экстремизмда айбланиб қамалгани ҳақида хабар келганди. Ҳа, уларнинг жазоси кейинроқ енгилига алмаштирилди, лекин бу тенденция ривожланиб бориб 19-20 ёшдаги ёшларни узоқ муддатга қамаш бошланди. Ўтган йили 19 ёшли йигит 12 йил-у 3 ойга қамалди. Бу ҳолат тинимсиз ўсиб боряпти. Бизга етиб келмаётган маълумотлар қанча ҳали. Айтганимдек, Каримов давридаги тенденция бошланишида турибмиз. Ҳукуматдагилар буни ўйлаб кўриши керак. Бу масаланинг бир томони. Ҳали қонунчиликни таҳлил қилиш ва ўзгартириш киритиш масалаларини ҳам кўриш керак. Уч-тўртта фаол эмас, катта-катта сиёсий институтлар ишлаши керак бу билан.

Камолиддин Раббимов

Камолиддин Раббимов:

— Ислом дини биз учун 14 асрлик қадрият. Жамиятнинг тафаккури, дунёқараши ва ўзини англаши замирида Ислом туради. Иккинчидан, бугун глобаллашган ахборот даври. Бугунги ижтимоий тармоқларда шу қадар катта ахборот оқиб ўтадики, инсонлар уларни кўришга, англашга вақти йўқ. Бугунги кундаги муаммо ахборот дефицити (етишмаслик) эмас, балки ахборотни англаш. Учинчидан эса бизда ҳокимият ўзгаргани билан, куч ишлатар тизимларнинг ҳуқуқий онги, тафаккури ўзгаргани йўқ.

Нашид исломий мазмундаги қўшиқ, унда ҳар хил нарсалар куйланади. Агар тақиқланган мазмунда бўлса, унинг хавф даражаси аниқланиши керак: давлатга, конституцион тузумга хавфи таҳлил этилиши керак. Бутун дунёда бундай вазиятда ҳуқуқшунослар материалнинг бошқаларга зарари, конституцион ҳуқуққа таҳдид қилиш-қилмаслигини аниқлайди. Дунё ҳуқуқшунослигида экстремизм деган термин ишлатилмайди, чунки бу нарсани аниқлаш, малакалаш жуда мураккаб. Терроризм, радикалликни аниқ кўриш, сезиш мумкин, лекин экстремизм ундай эмас. Экстремизм деб айблов қўйилганда «менимча, сенинг миянгда кайфият ўзгаряпти, ёмонлашяпти» деган маъно англашилади. Нашид эшитаётгани учун бундай қамаб юбориш жуда кулгили нарса, аслида. Эшитган одам уни тушуняптими, ҳаракатлари ўзгаряптими ёмон тарафга, нимадир қиляптими — буларни кузатиш йўқ. Шунчаки эски тизимдагидек қамаб юбориляпти. Ҳокимиятнинг легитимлигига катта зарба беради бу.

— Бугун интернет ривожланган замон. Тармоқлар очиқ. Одамлар ўзига ёққан қандайдир мусиқа, қўшиқни интернетдан юклаб олиб эшитиши, уни қайсидир танишига юбориши мумкин. Унинг маъносини эса доим ҳам суриштиравермаймиз. Дейлик, у хорижий тилдаги қўшиқ бўлса, ҳамма ҳам чет тилини билмайди. Бу маънода аслида мен ҳам, сиз ҳам, ҳаммамиз жамиятда потенциал жиноятчилармиз.

Хўш, давлат одамларни улар ичидаги хавфли материаллар учун жазолаш, қамашдан аввал, ватандошларда ўша тақиқланган материаллар борасида тушунчаларини шакллантириб бериши керак эмасми?

Одамларда билим, дунёқараш, тушунчани етарли ҳимоя қилмай, назоратни қилиб бермай туриб фақат жазо йўлидан бормаяптими бугун давлат? Яъни бу ерда мақсад одамларни нотўғри, хавфли маълумотлардан ҳимоя қилишми ё фақат қамашми?

Раззоқ Алтиев

Раззоқ Алтиев:

— Давлат қатъий белгиланган қоидалар асосидагина жавобгарликка тортиши мумкин. Фуқаро ўзи учун аниқ мажбурият ёки тақиқ сифатида белгиланмаган ҳаракатларни содир этишга ҳақли бўлади. Ўзи тушунмаган нарсани эшитса, ўша тилни билмаса, бу ҳолатда жавобгарлик бўлмаслиги керак. Амалдаги қонунда ҳам бартараф қилиб бўлмайдиган тушунмовчиликлар шахс, фуқаро фойдасига ҳал бўлиши керак, деб ёзиб қўйилган. Конституцияга киритилди бу. Шахснинг онгидаги нарсалардан хабардор бўлмайди ҳеч ким, унинг ҳаракатлари мақсадини кўрсатиб беради. Шунинг учун жиноят фақат амалда, ҳаракатда бўлсагина жавобгарлик келтириб чиқаради.

Бизда кимдандир шундай материал топилса, ўша материални дин бўйича экспертизага топширишади. Тақиқлангани маълум бўлса, у жавобгарликка тортилади, бўлди. Бундай ҳолатда матн қайси тилдалиги, айбланувчи уни тушунган-тушунмагани каби омиллар бор, аслида.

Жавобгарликнинг ҳам турлари бор. Бирор бир тақиқланган материални сақласа, енгил жавобгарлик бўлади. Агар интернет орқали тарқатса, оғирлашади. Масалан, икки шахс ўртасида Telegram орқали бўлишиш бўлса ҳам, интернет орқали тарқатиш айблови қўйилади. Оддий тасодифан юбориш ҳолатлари ҳам бўлиши мумкин. Мақсадлими, мақсадсизми — булар ўрганилмайди. Баъзи ҳолатларда материалда умуман таҳдид, давлатчилик ҳақида гаплар бўлмайди. Яна бир ҳолат бор: бирорта шахснинг маърузаларини эшитишни тақиқлаб қўйишади. Лекин айни бир ҳолатда ўша одамнинг тарқатилган ёки сақланган маърузасида умуман тақиқланган нарса бўлмаслиги мумкин. Лекин барибир айбдор деб топилади. Қонунчилик нуқтаи назаридан тўлалигича тақиқлай олмаймиз бир шахсни. Ўша одам фақатгина радикал ғояси учунгина жавобгар бўлиши керак, бошқа гаплари учунмас. Оддий яхши нарса гапирилган маърузалар ҳам ўша радикал маърузалар билан бир хилда баҳоланяпти бизда. Айтилган гапларнинг нимаси хавфли эканини исботлаб бериш керак қонунчиликда. Ҳар бир материал индивидуал таҳлил қилиниши керак, бир шахсни тўлиқ тақиқлаш эмас.

Тарқатиш мақсадида сақлаш айблови ҳам баҳсли. Сақланаётган материалнинг тарқатиш ёки тарқатмаслик учун сақланаётганини қандай билади? Дейлик, бир материалнинг кўп нусхаси бўлса, у тарқатиш учун бўлади, тўғри. Лекин битта бўлса, билиб бўлмайди буни. Қонунчиликдаги бўшлиқ билан ва ҳуқуқ органлари ходимларининг малакасизлиги билан боғлиқ муаммолар бор. Жавобгарлик киритиш мезонлари ҳам бор. Аммо сўнгги вақтларда Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексига жавобгарлик киритиш тартиби мезонларидан чекиниш ҳолатлари бўляпти. Алтернатив тартибга солиш мумкин бўлган ҳолатда жиноий жавобгарликка тортиш ёки ижтимоий хавфи ошириб кўрсатилиб жавобгарликка тортиш ҳолатлари бўляпти. Ва мана шундай муаммоларни келтириб чиқаряпти.

Абдураҳмон Ташанов

Абдураҳмон Ташанов:

— Экстремизмга қарши курашиш сиёсатини шакллантираётганда бу масалалар ўйланиши керак эди. Парламентдаги депутатлар шу нарсаларни ўйлаши лозим эди. Қонун чиқаришдан олдин бўлиши керак эди бундай баҳслар. Экстремизмга қарши кураш тизимида прокуратура, экспертлар, судлар бор. Лекин экспертлар ким? Уларнинг иши нимадан иборат? Мен ҳали бирорта бундай экспертни кўрганим йўқ. Бу ерда уларнинг барчаси бир хилда ишлаяпти машинадек. Агар уларнинг ишида фарқ бўлганда, дейлик, экспертлар ҳуқуқ органлари ходимларининг ишига яхши маънода халақит берарди, бир-бирини тийиш, назорат қилиш бўларди. Демак, бу сиёсат шаклланиб бўлган. Бу сиёсатни ўзгартириш керак. Каримов давридагидек доғ қолмасин.

Бу ҳолатлар одамларда қўрқув уйғотади, фобия юзага келади. Экстремизмга қарши кураш идоралари ходимларида исломофобияни шакллантиради. Катта қарама-қаршиликлар келтириб чиқаради. Қонунларни такомиллаштириш керак. Демократияга иддао қилаётган бўлсак, энди бу масалаларни ўйлаб кўриш керак. Одамлар зарар кўради, лекин давр ўтади ва катта зарарни шу нарсани шакллантирган ҳукуматнинг ўзи кўради.

Камолиддин Раббимов:

— Бундай ҳолатда энг муҳим институт — Суд ҳокимияти институти. Уларда ҳуманизм бўлиши керак. Биринчидан, ўша нашидни тарқатувчи шу нарсани англайдими? Иккинчидан, тарқатган бўлса, мақсадлими ёки йўқ? Мана шу саволлар қўйилиши керак. Ҳозир куч ишлатар тизимлар ва суд ҳокимияти машина бўлиб одамларни қиймалаб ташлаяпти. Инсон тақдирини ўйлаш йўқ.

Юқорида экспертлар номаълумлигини айтди Абдураҳмон Ташанов. Давлатнинг экспертиза тизими марказлашган ва очиқ бўлиши керак. Биз ҳуқуқий демократик давлатмиз, шунинг учун Дин ишлари бўйича қўмита зиддиятли вазиятларда инсонларнинг диний ва виждон эркинлигини таъминловчи хулосалар берадиган ташкилот бўлиши керак. Дунёвий давлат деган нарсани ҳокимият диндан узоқлаштириш сифатида талқин қилади. Дунё давлатларида бундай эмас. Давлатнинг вазифаси дин ва виждон эркинлигини таъминлаб бериш. Бизда тарихий омиллар ҳалиям таъсир ўтказмоқда. Халқаро ҳуқуқий меъёрлар мутлақо бошқача ишлаяпти.

Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид