“Энг катта хато шу ерда” — иқтисодчи сув тежовчи технологияларга ўтишдаги бюрократия ҳақида
Томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини самарадорлик эмас, бюрократик воситалар орқали жорий этишга ҳаракат қилиняпти, дея фикр билдирди иқтисодчи Отабек Бакиров. “Тежамкор технологияларга қанча тез ўтишни бошласак, шунча яхши. Лекин бу жараён ихтиёрийлик, иқтисодий самарадорлик ва бозор қоидалари асосида кечиши керак”, – дейди у.
Сув муаммоси йилдан-йилга чуқурлашиб бораётган шароитда Ўзбекистон учун тежамкор технологиялардан бошқа альтернативалар мавжуд эмас, дея фикр билдирди иқтисодчи Отабек Бакиров.
У Савдо-саноат палатасида банклар, кластерлар ва шу соҳага дахлдор қатор идоралар иштирокида ўтган йиғилишдан кейинги хулосалари билан ўртоқлашди.
“Ўзимгаям қизиқ бўлгани учун четроқдан жой олиб, томонларнинг баҳсларини тингладим. Эътиборлиси, бунда Савдо-саноат палатаси ўзига хос медиаторлик қилди. Эшитганларим ва кузатганларим бўйича айрим хулосалар билан бўлишсам.
Биринчидан, кластерлар сув билан боғлиқ вазият тобора оғирлашиб бораётгани ва пахтачиликда томчилатиб, ғаллачиликда ёмғирлатиб суғоришга ўтиш заруриятини чуқур англаб туришибди. Лекин бу ўта харажатли вазифа экани мотивацияни сусайтирмоқда. Шу сабабли кафиллик шартнома шартларини келишиб олишни исташаяпти. Бу қанчалик тўғри ёки нотўғри эканлигига тўхталиб ўтирмайман.
Иккинчидан, банклар (бу ўринда асосан Агробанк) тежамкор технологияларни кредитлар ҳисобидан молиялаштиришга тайёр. Лекин бу борада рисклар жуда баланд. Банкирлар фермер ва кластерларнинг қарз юки ошиб бораётгани, ликвидли таъминот таклифи йўқлиги, тежамкор технологияларни жорий қиладиган субъектларнинг аҳволи янада оғирлашиши мумкинлигидан хавотирда. Илгари шу мақсадда олинган кредитларнинг катта қисми муддати узайтирилгани таъкидланди.
Учинчидан, тежамкор технологияларни ўрнатган ва муваффақиятга эришган ёки зарарга кирган фермерларнинг бу бўйича фикрлари қизиқ эди. Лекин учрашувда фермерларнинг ё уларнинг вакиллари иштирок этмади.
Тўртинчидан, давлатнинг позициясида тежамкор технологияларга ўтишда маъмурий-бюрократик йўлдан юришга мойиллик сезилади. Яъни ҳар бир кластер ва ҳудуд учун режа-топшириқ ўрнатиш, жараённи ҳокимлар орқали назорат қилиш, кўрсаткичларга иқтисодий самарадорлик эмас, бюрократия воситаларида эришишга истаклар бор. Менимча, энг катта хато ҳам шу ерда.
Назаримда, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришда, айтайлик, қуёш панелларини ўрнатишдаги кампаниябозлик сингари иррационалликка йўл қўйилиши хатарлари мавжуд. Умид қиламанки, Савдо-саноат палатаси медиатор ўлароқ шу эҳтимолий хатолар ҳақида қарор қабул қилувчиларга батафсил маълумот етказади.
Шахсий фикрим шуки, тежамкор технологияларга қанча тез ўтишни бошласак, шунча яхши. Лекин бу жараён ихтиёрийлик, иқтисодий самарадорлик ва бозор қоидалари асосида кечиши керак. Бунинг учун асосий мотивацияни аллақачон энг қиммат ресурсга айланган сувнинг реал нархи белгилаши зарур. Сувнинг асл нархига рўпара келган кластер ва фермерни тежамкор технологияга ўтишга мажбурлашга асло ҳожат қолмайди”, – дея ёзди Отабек Бакиров.
Ўзбекистон Сув хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонга 7 миллиард куб метр сув етишмаслиги прогноз қилинмоқда.
Мавзуга оид
20:46 / 07.11.2024
Президент 10 та сел сув омбори қуриш ишларини бошлашни буюрди
19:07 / 07.11.2024
2025 йилда каналларни бетонлаштиришга 800 миллиард сўм ажратилади
18:21 / 07.11.2024
Президент сув таъминоти оғир туманларда суғоришни «ақлли тизимга» ўтказишни буюрди
16:42 / 03.11.2024