Ғазода кескинлашув: Исроил икки кундан бери сектордаги позицияларга зарба бермоқда
Фаластинликлар ракета ҳужуми билан жавоб қайтармоқда.
Ғазодагилар Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг «Исломий жиҳод» гуруҳи позициялари ва нишонларига йўллаган зарбаларига жавобан Исроил томон 60 дан ортиқ ракета учирди.
Исроил расмийларига кўра, ракеталарнинг аксарияти уриб туширилган. Битта ракета Ғазо чегарасидан атиги 1 км узоқликдаги Сдерот шаҳрида жойлашган бўш уйга келиб тушган. Ашкелонда бомба бошпанасига югурган икки киши жароҳатланган, яна уч киши стрессдан азият чеккан.
10 май куни Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Ғазодаги «Исломий жиҳод» нишонларига қаторасига иккинчи кун зарбалар берди. Оқибатда камида икки киши ҳалок бўлди ва бир киши жароҳатланди.
Исроил армияси ракета зарбалари жангариларнинг позицияларига, жумладан Исроилга ракета отилган жойларга берилганини таъкидламоқда. Баъзи гувоҳларнинг айтишича, Ғазо секторининг шимолий қисмида, тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларда ҳам портлаш овозлари эшитилган.
Шу билан бирга, Исроил армияси Ғазо жанубидаги Хон-Юнус ҳудудида «Исломий жиҳод»нинг ракета отувчи қурилмага эга бўлган машинасида кетаётганларга зарба берганини айтди.
Бир соат ўтгач, ЦАХАЛ (Исроил мудофаа армияси) ҳудуддаги «Исломий жиҳод»га тегишли ракета тузилмаларига зарба бера бошлаганини эълон қилди ва буни эҳтимолий қарши зарбаларнинг олдини олиш билан изоҳлади.
Бир кун олдин Исроил армияси ҲАМАС назорати остидаги Ғазо секторида жойлашган нишонларга қатор зарбалар берганди. Оқибатда «Исломий жиҳод» гуруҳининг уч нафар дала қўмондони ҳалок бўлди. Фаластин томонига кўра, улар билан бирга яна камида 12 нафар оила аъзоси вафот этган.
Исроил ўз фуқаролари ва мамлакат хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган жангариларга қарши операция бошлаганини эълон қилди.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ўз ёрдамчилари билан учрашувда шундай деди: «Менинг кўрсатмам шуки, биз кампанияни янада кенгайтириш ёки ҳозирда ҳам, келажакда ҳам жуда кучли зарбаларга тайёр туришимиз керак».
«Менимча, бу ерда бизда устунлик бор», дея қўшимча қилди у.
«Биз уларнинг ракета учиришини кутмаймиз, – деди Исроил хавфсизлик вазири Ави Дихтер. – Агар зарбаларнинг олди олинса ёки барҳам берилса, ракета учирувчиларга зарба берилса, буларнинг барчаси охир-оқибат тийиб туришга ёрдам беради».
Аввалроқ, «Исломий жиҳод» вакили Довуд Шиҳаб Исроилга жавоб муқаррар равишда қайтарилиши, кечикиш эса «тактика» туфайли эканини айтди.
«Биз ўз тактикамиз ва ҳисоб-китобларимиздан келиб чиқиб, жавоб бериш вақтини танлаяпмиз. Чунки жавоб жиноят ҳажмига мос келиши керак», деди у.
Аввалроқ, Исроил аскарлари оккупация қилинган Ғарбий Соҳилдаги Кабатия шаҳрида ўзларига қарата ўт очган икки фаластинликни отиб ўлдирган эди. Исроил ҳарбийларининг билдиришича, рейд чоғида аскарлар бир кишини қўлга олган, шундан сўнг ўзларига қарата машинадан ўқ узилган.
«Аскарлар икки ҳужумчига жавобан ўқ узди ва уларни йўқ қилди», дейилади армия хабарида.
«Исломий жиҳод» ушбу ҳужумчилар ўз аъзолари эканини даъво қилди.
Ғазода корхоналар ва мактаблар ҳамон ёпиқ. Шунингдек, Исроил Ғазо билан иккита назорат-ўтказиш пунктини ёпиб қўйган. Бу эса товарлар, ёнилғи ва инсонпарварлик ёрдами ўтиши, шунингдек, Ғарбий Соҳил ва Исроилдаги шифохоналарга даволанаётган беморлар кириб чиқишига тўсқинлик қилмоқда.
9 май куни Исроил Ғазо чегарасига яқин шаҳарлардаги йўлларни ёпиб, аҳолига бомба бошпаналарига яқин туришни маслаҳат берди ва захирадаги аскарларнинг бир қисмини ҳарбий хизматга чақиришини эълон қилди.
ҲАМАС раҳбари Исмоил Ҳония 9 май куни Ғазода «раҳбариятнинг ўлдирилиши қаршиликнинг кучайиши»га олиб келишини айтди.
9 май кунги ҳаво ҳужумларидан сўнг, Ғазода узоқ вақтдан бери воситачи бўлган Миср, бундай ҳаракатлар «вазиятни кескинлаштириши, оқибатда назорат остидан чиқиб кетишига олиб келиши» мумкинлигини айтди.
Мавзуга оид
10:45 / 09.11.2024
Ливан: Исроилнинг UNIFIL ва Ливан армияси ҳарбийларига ҳужумлари уруш жиноятлари ҳисобланади
17:40 / 08.11.2024
«Маккаби» мухлислари Амстердамда Фаластин байроғини ёқиб, тартибсизлик келтириб чиқаришди ва сўнг таксичилар тақибига учрашди
17:32 / 08.11.2024
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
14:13 / 08.11.2024