Суриштирув: Кореяга ишга юборишдаги коррупцион схема қандай ишлаши фош бўлди
Kun.uz суриштирувида қатнашган кўнгилли фуқаро Кореяга миграцияга юбориш масаласини ҳал қилувчи “учар” билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида “100 фоизлик натижа” усуллари ва унинг баҳоси очиқ айтилди. Савол туғилмоқда: нега ҳамма кўриб-билиб турган уюшган жиноятчиликнинг олди олинмаяпти? Ёки бунга чора кўрадиган идораларнинг ўзлари ҳам уларга шерикми?
Kun.uz ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммоларни ўрганишда давом этади. Ўтган кўрсатувда тил имтиҳонлари жараёнида юз бераётган шубҳали ҳаракатлар, “ўринга кириш” деб номланадиган ҳолатларга ишора қилувчи далилларкўрсатилганди. Аммо бу ҳолатлар бўйича ҳуқуқ-тартибот идоралари суриштирув бошлагани аломатлари кўринмади, гўё ҳеч нарса бўлмагандек.
Изланишлар давомида бир тадбир ўтказдик: ходимимиз ўзини гўё Жанубий Кореяга боришга интилаётган талабгор ролини ўйнаб, пул эвазига Кореяга юборувчи гуруҳларни излади ва бу иш ўз натижасини берди.
Суҳбатдан маълум бўлдики, талабгор тилни билмаса ҳам, пулини берса имтиҳонга киритишади ва жавобларни айтиб туришади.
“Биз 5-10 йилдан бери шу иш билан шуғулланамиз, шерикларимиз бор. Битта болани имтиҳондан ўтказишимиз 6 минг (АҚШ доллари назарда тутиляпти - таҳририят) бўлади. Юз фоиз ўтказиб берамиз. Икки хил йўлимиз бор. Имтиҳондан бир кун олдин Тошкентга келади. Меҳмонхонамиз бор, ўша ерда тушунтиралади унга. Ўзим кириб ечиб чиқаман деса, камера ва кўринмас қулоқчин берилади ҳамда қандай ишлатилиши тушунтирилади. Бир кун олдин репетиция бўлади. Иккинчи куни уни бизнинг одамларимиз имтиҳонга олиб боради. Эшик тагида ҳам, ичкарида ҳам, Миграция агентлигида ҳам одамларимиз бор. Қўлидаги камера орқали саволлар бизнинг планшетга келиб туради, биз жавобларни айтамиз.
Иккинчи йўли, агар мен камера олиб киролмайман, қўрқаман деса, ўрнига одам киритамиз. Фақат бунда талабгор имтиҳонга кириб чиққан куннинг ўзида 6 000 доллар бериши керак.
Миграцияда одамларимиз бор, иккинчи босқичда, суҳбат пайтида уларнинг қўлида рўйхат бўлади, шунчаки кириб чиқишади. Муаммо қилишмайди, сабаби еган оғиз уялади”, деган суҳбат давомида юборувчи “учар”.
Меҳнат қилиб тил ўрганганлар-чи, нега улар кўп ҳолларда имтиҳонни аъло топширган тақдирда ҳам кетолмай қоляпти? Юборувчи “ташкилот”нинг тушунтиришича, бунинг сабаби – коррупцион пулларни берганлар приоритетда туради – аввало улар Жанубий Кореяга кетишга ҳақли.
Дарвоқе, шу кунларда тўлов 12 минг долларга чиқибди.
Бу ишлар оқибатида тил билмайдиганлар ўзга давлатга ишга боради ва табиийки, у ерда улар на иш берувчининг, на ўша давлатнинг талабларини кўнгилдагидек бажара олади. Отнинг калласидек пулни бериб, ниятига эришганларнинг аксари у ерга қарзга ботган ҳолда етади ва тезроқ қарзини узишга уринади. Муқим иш жойини ташлаб, нолегал тарзда кўпроқ ҳақ тўлайдиган жойни излашга мойил бўлади. Ўзбекистондан борган меҳнат мигрантларига нисбатан Корея иш берувчиларининг муносабати шунга мос шаклланади. Оқибатда Ўзбекистонга квота сони кўпайтирилмайди.
Бу ўринда мавжуд Миграция агентлиги ўрнида жамоатчилик назорати остида фаолият юритадиган ташкилот тузиш мақсадга мувофиқ. Жамоатчилик ўлароқ лоақал битта ташкилотни назорат этишнинг имкони бор.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид
17:47 / 22.11.2024
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
20:54 / 19.11.2024
Испания ҳар йили 300 минг мигрантни қонунийлаштириш ниятида
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
18:08 / 18.11.2024