Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хитой Пекиндаги элчихоналардан Украина билан бирдамлик белгиларини олиб ташлашни сўради
ХХР хорижий элчихоналардан ўз биноларининг фасадидаги “тарғибот”ни олиб ташлашни сўради, бироқ ҳеч ким бу талабга бўйсунмади, деб хабар берди Kyodo.
Япониянинг Kyodo агентлиги 16 май, сешанба куни Хитой пойтахтидаги “кўплаб дипломатик манбаларга” таяниб ёзишича, Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Пекинда жойлашган халқаро ташкилотлар ва хорижий элчихоналардан ўз биноларининг фасадларидан “сиёсий ташвиқот” учун фойдаланмасликни сўраган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги, афтидан, ўзини Россия босқинидан ҳимоя қилаётган Украина билан бирдамлик белгиси, биринчи навбатда, байроқлар, ёзувлар ва бошқа белгиларни назарда тутган.
Бундан ташқари, 10 майдаги хабарномада Хитой расмийлари элчихоналар ва ташкилотларни “давлатлар ўртасидаги зиддиятларнинг олдини олиш” чораларини кўришга чақирган. Ҳужжатда, шунингдек, элчихоналар ва халқаро ташкилотлар “Хитой қонунлари ва қоидаларига риоя қилишга мажбур” экани, Хитой эса Дипломатик муносабатлар тўғрисидаги Вена конвенциясига мувофиқ уларнинг дипломатик иммунитетини ҳурмат қилиши таъкидланган.
Хитой расмийларининг мурожаати Европа ва бошқа минтақалар дипломатларининг салбий муносабатига сабаб бўлди, уларнинг ҳеч бири белгиларни олиб ташламади, деб ёзади Kyodo. Европалик дипломатлардан бири Пекин позициясини танқид қилиб, муайян давлатнинг ўз позициясини билдиришига халақит берадиган асослар йўқлигини айтди.
Таъкидланганидек, Хитой пойтахтидаги кўплаб дипломатик миссиялар ўз биноларига Украина байроғи тасвири ва хитой ва инглиз тилларида ёзувлар, хусусан, #StandWithUkraine ҳештегини бу давлат билан бирдамлик белгиси сифатида ўрнатди. Бу, биринчи навбатда, Канада, Германия ва Полша элчихоналарига тегишли.