Иқтисодиёт | 21:04 / 18.05.2023
33536
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Хитой билан савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказмоқчи 

Ўзбекистон ва Хитой ўртасида қишлоқ хўжалиги, энергетика, IT ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик бўйича қатор шартномалар имзоланди. 

2023 йилда Ўзбекистон Хитой билан савдо айланмасини 10 млрд долларга етказмоқчи. Ўтган йили икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси 20 фоизга ошган эди. Бу ҳақда инвестиция, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов маълум қилди. Унинг Сиан шаҳрида ўтказилган хитой-ўзбек бизнес форумидаги сўзларини Хитойнинг CGTN телеканали келтирди. 

Тадбир доирасида Хитойнинг ишбилармон доиралари ва Ўзбекистоннинг соҳага таллуқли идоралари вазирликлари умумий лойиҳа ва режаларни батафсил муҳокама қилишди. Унинг якунида томонлар қишлоқ хўжалиги, энергетика, IT ва бошқа соҳаларда ҳамкорлик бўйича қатор шартномаларни имзолади. 

«Биринчи навбатда қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича шартномаларни имзоладик. Бу 6 ГВт қувватга эга. Бу лойиҳалар Ўзбекистонни ривожлантириш учун мўлжалланган. Бу минтақанинг барча мамлакатлари билан ҳамкорликда амалга оширилади», деди энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов. 

«Иккала мамлакатда ҳам ўз хомашё базаси бор. Агар саноат бўйича идеал кооперация яратсак, мамлакатлар ичидаги эркин бозорларни тўлдиришимиз мумкин. Бу мамлакатлар логистика бўйича жуда қулай жойлашган. Хитой қуруқликдаги йўллар орқали Марказий Осиёдан Европага кўприк ўрнатиши мумкин. Бу товарларни тезкор етказиб бериш имкониятини пайдо қилади», деди Савдо-саноат платаси раиси Даврон Ваҳобов. 

«Хитойнинг кўплаб соҳалардаги технологик ривожланиши ҳайратланарли. «Бир поезд – бир йўл» лойиҳаси давлатлар ўртасида ягона ҳудуд яратиш учун жуда яхши майдонча ҳисобланади ва таълим, фан ва технологияларни ҳамкорликда ривожлантириш имконини беради. Биз аллақачон ходимлар алмашиш устида ишлаяпмиз. Талабаларимиз Хитойда таълим олмоқда», деди олий таълим, фан ва инновация вазири ўринбосари Шаҳло Турдиқулова.

Мавзуга оид