Жаҳон | 13:58 / 18.05.2023
8789
2 дақиқада ўқилади

Украина, Туркия ва Россия “ғалла битими”ни узайтиришга келишиб олди

“Ғалла битими”нинг муддати яна икки ойга — 18 июлгача узайтирилди. Буни Киев, Анқара ва Москва вакиллари ҳам тасдиқлади. Битим нафақат узайтирилади, балки кенгайтирилади, деди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған.

Фото: rg.ru

Украина донини экспорт қилиш бўйича Қора денгиз келишуви қайта очилди, унинг амал қилиш муддати яна икки ойга - 18 июлгача узайтирилди. Бу ҳақда 17 май, чоршанба куни Украина, Туркия ва Россия вакиллари маълум қилди. "Шартнома бўйича ҳамкорларимиз - Туркия ва БМТнинг саъй-ҳаракатлари туфайли дунё Украина маҳсулотларини олишда давом этади. Биз шерикларга уларнинг бузилмас ва мақсадли позицияси учун миннатдормиз, яъни шартнома келажакда ишлаши керак, у барча томонлар томонидан имзоланган ", деди Украина инфратузилма вазири Олександр Кубраков.

Келишув узайтирилгани ҳақида биринчи бўлиб Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилган бўлса, кейин бу маълумотни Россия ТИВ вакили Мария Захарова тасдиқлади. Эрдўғаннинг айтишича, энди ғалла аввалроқ келишилган Черноморск, Одесса ва Южнийдан эмас, балки Миколайивдан ҳам экспорт қилинади. Украина бир неча ойдан бери Миколайивни Қора денгиз ташаббусига қўшишни талаб қилмоқда.

Шу билан бирга, Киев ташаббуснинг самарали ишлашини таъминлашга чақириб, "Россия бир неча ойдан бери кетма-кет яратаётган" муаммоларни кўрсатди. Александр Кубраков апрел ойининг ўрталаридан бошлаб Россия Федерацияси ташаббус ишини чеклай бошлаганини, май ойидан эса Украина портларига юклаш учун кетаётган кемаларни рўйхатга олиш ва текширувдан ўтказишдан бош тортиб, амалда уни тўсиб қўйганини эслатди. “Ҳозирда Туркия ҳудудий сувларида 70 га яқин кемалар кутиб турибди, уларнинг 90 фоизи дунёни фермерларимиз маҳсулоти билан таъминлашга тайёр кемалар”, — деди Украина инфратузилма вазири.

Ўз навбатида, Россия ТИВ келишувни амалга оширишдаги “бузилишлар”ни эълон қилди, улар “имкон қадар тезроқ тузатилиши керак”.

Мавзуга оид