Жаҳон | 16:37 / 19.05.2023
6367
3 дақиқада ўқилади

Лондон Россияга қарши янги санкциялар киритди

86 нафар жисмоний ва юридик шахсга нисбатан чеклов чоралари қўлланилган. Улар орасида банклар, «Росатом»га алоқадор ташкилотлар, транспорт компаниялари, ҳарбий-саноат комплекси корхоналари бор.

Фото: Reuters

Британия 19 май, жума куни Россияга қарши янги санкциялар киритди. Рўйхатлардан 86 нафар жисмоний ва юридик шахс жой олган. Ҳукумат пресс-релизида таъкидланганидек, янги санкциялар илғор ҳарбий технологиялар ва Россиянинг «қолган даромад манбалари»га қаратилган.

Хусусан, Россиянинг бешта кредит ташкилоти санкциялар остида қолди - Тинькофф Банк, Росбанк, «Дом.РФ», Бутунроссия минтақавий тараққиёт банки ва Металлинвестбанк. Янги санкциялар пакети, Лондонга кўра, «Россияни жаҳон молия тизимидан янада яккалаб қўяди».

«Росатом» билан боғлиқ тўққизта ташкилот ҳам чеклов чораларига дучор бўлди. Улар орасида UMATEX (Россияда углерод асосидаги композит материалларнинг энг йирик ишлаб чиқарувчиси) ва Троицк инновациялар ва термоядровий тадқиқотлар институти бор (ТРИНИТИ, лазер технологиялари билан шуғулланади). 

Санкциялар, Британия ҳукуматига кўра, Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётлари учун «стратегик аҳамиятга эга бўлган секторда асосий рол ўйнашда давом этаётган» компанияларга ҳам таъсир қилади. Улар орасида «Северстал», АФК «Система», «Полюс», Магнитогорск темир-пўлат заводи, ТМК, ОМК, Челябинск темир-пўлат заводи («Мечел» гуруҳи) ва Россия мис компанияси, Брянск машинасозлик заводи, «Мотовилихинские заводы» компанияси бор. 

Шунингдек, транспорт хизматлари билан боғлиқ 24 нафар жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан чеклов чоралари жорий этилди. Рўйхатга Pawell Shipping Co ва Давлат дон оператори (Запорижжя вилоятининг Россия назоратидаги қисмида ташкил этилган давлат дон компанияси) киради. Буюк Британия уларни «Украина донини тизимли ўғирлаш»да айблади. Шунингдек, Россиянинг олтита юк ташиш компаниясига, жумладан, Британия ҳукумати ишини «Совкомфлот» билан боғлайдиган Sun Ship Management компаниясига нисбатан санкциялар жорий этилди. FESCO транспорт гуруҳи ҳам энди чеклов чоралари остида. 

Санкциялар остида қолган шахслар орасида Россия мис компанияси асосчиси Игор Алтушкин, «Калашников» концерни бош директори Владимир Лепин, Запорижжя атом электр станцияси раҳбари Олег Романенко, «Газпром нефть» директорлар кенгашининг 13 нафар аъзоси, «Транснефт» директорлар кенгашининг беш аъзоси, «Государственный зерновой оператор» давлат унитар корхонаси раҳбари Никита Бусела бор. 

Мавзуга оид