Жаҳон | 17:52 / 19.05.2023
11269
2 дақиқада ўқилади

Володимир Зеленский Араб давлатлари лигаси саммитига борди

Фото: AP

Reuters агентлигига кўра, Зеленскийнинг Саудия Арабистонига ташрифидан кўзланган мақсадлардан бири араб давлатларини Украина томонига ўтказишга уринишдир.

Украина президенти Володимир Зеленский 19 май, жума куни Араб давлатлари лигаси саммити очиладиган Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрига етиб борди. 

Зеленский Саудия Арабистонига Франция ҳукумати самолётида учиши ҳақида аввалроқ Reuters манбаси хабар берган эди. Агентлик суҳбатдошининг сўзларига кўра, Зеленскийнинг Саудия Арабистонига ташрифидан кўзланган мақсадлардан бири Россия билан можарода ҳамон нейтрал позицияни эгаллаб келаётган мамлакатларни Украина томонига тортишга уринишдир. 

Бу Украина давлат раҳбарининг Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан бери араб минтақасига биринчи ташрифидир.

Зеленский ўзининг Telegram-каналида Саудия Арабистонига келганини тасдиқлади. 

«Мен Араб давлатлари лигаси саммитида нутқ сўзлайман. Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашаман ва бошқа икки томонлама музокаралар ўтказаман», деб ёзади у. 

Президентнинг сўзларига кўра, музокаралар «тинчлик формуласи» ва келгуси қишда Украинанинг энергия хавфсизлигини таъминлаш масалаларига ҳам тегишли бўлади. 

Мавзуга оид