G7 Хитойни урушни тугатиш учун Россияга босим ўтказишга чақирди
Хирошима саммити коммюникесида G7 етакчилари Пекинни Москвага Россиянинг Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетишига таъсир ўтказишга ундаган.
«Катта еттилик» мамлакатлари етакчилари Россия урушни тўхтатиб, Украинадан қўшинларини олиб чиқиб кетиши учун Хитойни Москвага босим ўтказишга чақирди. Бу ҳақда 20 май, шанба куни эълон қилинган «Катта еттилик»нинг Хирошимадаги саммити коммюникесида айтилади.
«Биз Хитойни ҳудудий яхлитликка, БМТ Низоми тамойиллари ва мақсадларига, жумладан, Украина билан тўғридан тўғри мулоқотга асосланган кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам тинчликни қўллаб-қувватлашга чақирамиз», — дейилади ҳужжатда. «Катта еттилик» давлатлари Украинага дипломатик, молиявий, ҳуманитар ва ҳарбий ёрдамни янада фаоллаштиришларини, шунингдек, Россияга ёрдам берганлар учун «харажатларни» оширишларини қайд этишди.
G7 етакчилари Хитойнинг «халқаро ҳамжамиятдаги ўрни ва иқтисодиёти ҳажмини» ҳисобга олган ҳолда, Пекин билан «глобал муаммолар ва ўзаро манфаатли соҳаларда» ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидладилар. Коммюнике Пекинни ҳамкорликка, жумладан, иқлимни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, қашшоқ мамлакатлар муаммоларини ҳал қилиш ва иқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларида ҳамкорликка чақиради.
G7 етакчилари алоҳида тарзда «халқаро ҳамжамият хавфсизлиги ва фаровонлиги учун Тайван бўғозидаги тинчлик ва барқарорлик муҳимлигини» таъкидладилар. «Катта еттилик» мамлакатлари Тайванга нисбатан принципиал муносабатида «ҳеч қандай ўзгариш йўқлигини» таъкидлаб, Пекин ва Тайпей ўртасидаги можарони «тинч йўл билан ҳал қилишга» чақирди. «Биз зўравонлик йўли билан статус-квони ўзгартиришга қаратилган ҳар қандай бир томонлама уринишларни қатъиян рад этамиз», — дейилади коммюникеда.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024