Жаҳон | 12:01 / 20.05.2023
5777
2 дақиқада ўқилади

Полша Хитойни Россиянинг Украинага қарши тажовузини қоралашга чақирди

Варшаванинг Хитой Ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили билан учрашув якунлари бўйича баёнотида Пекин “Россияга халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишга қайтиш учун босим ўтказишига” умид билдирилган.

Фото: AP

Полша Хитойни Россиянинг Украинага ҳужумини қоралашга чақиради, деди ташқи ишлар вазири ўринбосари Войцех Гервел Варшавада Хитой ТИВнинг махсус вакили Ли Хуэй билан учрашувда. Полша ТИВ томонидан 19 май, жума куни чоп этилган пресс-релизда айтилишича, Гервел Хитой “Россияга халқаро ҳуқуқ тамойилларига риоя қилишга қайтиш учун босим ўтказишига” умид билдирди.

Бундан ташқари, Войцех Гервел бу урушда тажовузкор бўлган Россия ва қурбонга айланган Украина мақомини тенглаштиришга қаратилган ҳар қандай уринишларни номақбул деб атади. "Можароларни тўхтатиш ва тинчликни тиклаш халқаро ҳуқуқ тамойилларига, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига асосланиши керак. Биз президент Зеленскийнинг тинчлик режасини зиддиятни ҳал қилиш учун асос сифатида қўллаб-қувватлаймиз. Россия томонидан ноқонуний босиб олинган ҳудудларни қайтариш эса адолатли тинчликка эришишнинг ягона мақбул ечимидир", - деди Полша ташқи ишлар вазири ўринбосари.

Шунингдек, у Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиш таҳдидини кескин қоралади. Бу факт хавфли прецедент яратади ва дунёнинг бошқа қисмлари учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. “Полша Хитойнинг ушбу қуроллар ёрдамида дунёни шантаж қилаётган тажовузкор давлат Россияга қарши аниқ ҳаракатларига умид қилмоқда”, - деди Гервел.

Ўз навбатида, Ли Хуэй Украинадаги вазият “ҳеч кимнинг манфаатларига жавоб бермаслигини”, аммо Пекинга кўра, “оддий ечим йўқлигини” айтди. Шу билан бирга, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг махсус вакили ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокараларига қайтиш зарурлигини таъкидлаб, “Украинадаги инқирозни сиёсий йўл билан ҳал қилиш бўйича Хитойнинг позицияси”ни эслатиб ўтди.

Мавзуга оид