Тошкентда йўловчи автобус буткул ёниб кетди
«Ашхобод» истироҳат боғи чорраҳаси яқинида Меrсedes benz автобусида ёнғин чиқди. Ҳодисага электр симларидаги қисқа туташув сабаб бўлган.
21 май куни тармоқларда Меrсedez benz русумли 96-автобусда ёнғин рўй бергани акс этган видеолар тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг маълум қилишича, 2-aвтобус саройи филиали тасарруфидаги бу автобус 2012 йил ишлаб чиқарилган бўлиб, тасарруф бошидан буён 882 минг 589 км масофани босиб ўтган.
Қайд этилишича, автобус ҳайдовчиси Яшнобод тумани «Ашхобод» истироҳат боғи чорраҳасидан ҳаракатланиб бораётган вақтда транспортнинг электр симларида қисқа туташув юзага келиб, электр симларининг ёниши содир бўлган. Бу ҳолатда ҳайдовчи бирламчи ёнғин ўчириш воситаси ёрдамида зудлик билан ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилган, аммо ёнғин кучайиб, уни ўчиришнинг имкони бўлмаган. Автобус тўлиқ ёниб кетган.
Воқеа жойига ёнғин-қутқарув бўлинмалари ходимлари етиб бориб, ёнғинни бартараф этишган. Ҳодиса оқибатида жабрланганлар ва жароҳат олганлар йўқ.
«Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» АЖнинг ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда», – дейилади хабарда.
Автобус ёнғинлари одатга айланмоқда
Жорий йилда бунгача ҳам бир неча бор жамоат транспортининг эски таркибларидаги Меrсedez benz автобусларда ёнғинлар кузатилганди. 26 январ куни Тошкент ҳалқа йўлидан қатновчи, Чорсу-Чилонзор буюм бозори йўналишидаги 147-автобусда ёнғин келиб чиққанди.
2 кун ўтиб, 28 январда Яккасарой тумани «Қушбеги» МФЙ Шота Руставели кўчасида Меrсedez benz’да ёнғин содир бўлганди.
29 апрелда эса Ракат маҳалласи Муқимий кўчасида ҳаракатланиб кетаётган Меrсedez benz’да ҳам ёнғин юзага келган эди.
Мавзуга оид
15:51 / 07.11.2024
Шаҳарлараро автобус йўналишларида зарарни қоплаб бериш режалаштирилмоқда
15:37 / 07.11.2024
Хоразмда кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлди
13:06 / 06.11.2024
Тошкентдаги автобусга номаълум шахслар салон аёл ва эркаклар учун ажратилгани ҳақидаги постерни ёпиштириб кетди
14:57 / 05.11.2024