Жаҳон | 15:58 / 22.05.2023
10719
3 дақиқада ўқилади

Арманистон бош вазири Ереваннинг КХШТдан чиқиб кетиши билан таҳдид қилди

Фото: Getty Images

КХШТга аъзоликнинг «ҳеч нарса бермаслиги» Ереванга хавфсизлик масалаларини муҳокама этишга тўсқинлик қилмоқда, деди Арманистон бош вазири Никол Пашинян. У Арманистон ташкилотдан чиқиши ёки аъзолигини музлатиб қўйиши мумкинлигини истисно этмади.

Арманистон бош вазири Никол Пашинян ўз мамлакатининг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидан (КХШТ) чиқиши эҳтимоли ҳақида маълум қилди. Бу масала ҳозир муҳокама қилинмоқда, деди Пашинян 22 май, душанба куни Ереванда бўлиб ўтган матбуот анжуманида. «Мен Арманистон де-юре КХШТдан чиқиши ёки аъзолигини музлатиб қўйиши мумкинлигини инкор эта олмайман. Лекин бу фақат КХШТ Арманистондан чиққани қайд этилган тақдирдагина содир бўлади», - деди у.

Шу билан бирга, Никол Пашинян КХШТ кузатув миссияси Арманистонга келмаётганига ишора қилди. «КХШТнинг Арманистондан чиқиши ҳақида гапирганда, мен ташкилотнинг Арманистон олдидаги мажбуриятларини назарда тутяпман», деб тушунтирди у. Бундан ташқари, бош вазирнинг таъкидлашича, КХШТ аъзосининг «ҳеч нарса бермайдиган» расмий мақоми Ереванда хавфсизлик масалаларини муҳокама этишга тўсқинлик қилмоқда. «Сизнингча, бизга бошқа давлатлардан қурол-яроғ ва ҳарбий техника олиш бўйича таклифлар келмадими? Албатта, бундай имконият бор эди, лекин бу имкониятнинг ёпилиши асосан Арманистоннинг КХШТга аъзо бўлиши билан боғлиқ бўлди», — дея қўшимча қилди у.

Шу билан бирга, Пашинян Озарбойжоннинг Арманистон томонидан тан олинган ҳудудига Тоғли Қорабоғ ҳам киришини маълум қилди. «Шуни қайд этиш муҳимки, Ереван Тоғли Қорабоғ арманларининг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги масалалари Боку-Степанакерт музокаралари форматида муҳокама этилиши кераклигини эълон қилади», — деди у.

2022 йил ноябрида Никол Пашинян КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши декларацияси ва Ереванга ёрдам кўрсатиш бўйича қўшма чора-тадбирлар лойиҳасини имзолашдан бош тортган эди. У бу қарорини ташкилот томонидан «Озарбойжоннинг Арманистон ҳудудий яхлитлигига қарши тажовузига сиёсий баҳо берилмагани» билан изоҳлади. Январь ойида Ереван мамлакатда КХШТ машғулотларини ўтказишдан бош тортган эди.

Мавзуга оид