Жаҳон | 11:58 / 22.05.2023
6313
2 дақиқада ўқилади

Берлинда икки россиялик аёлнинг эҳтимолий заҳарланиши текширилмоқда

Берлин полицияси Германия пойтахтида диссидентлар йиғилишидан кейин соғлиғи билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилган икки россиялик журналистда заҳарланиш аломатларини ўрганмоқда.

Фото: picture-alliance/dpa/P. Zinken

Германия пойтахти Жиноий ишлар бошқармаси (LKA) давлат ҳимояси масалалари билан шуғулланувчи бўлими апрел ойи охирида Берлинда бўлиб ўтган инсон ҳуқуқлари бўйича анжуманда иштирок этган икки россиялик мухолифатчи журналистнинг заҳарланиши эҳтимоли бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда 20 май куни Германиянинг Welt am Sonntag (WamS) газетаси маҳаллий полицияга таяниб хабар берди.

“Мавжуд маълумотлар асосида иш қўзғатилди”, деб жавоб берди ҳуқуқ-тартибот органи вакили нашр сўровига. Кейинчалик тергов бошлангани ҳақидаги маълумотни AFP ва Reuters агентликлари ҳам тасдиқлади. Полиция давом этаётган терговга асосланиб, бошқа тафсилотларни келтирмади.

Ўтган ҳафта Россиянинг "Агентство" портали 29-30 апрел кунлари Берлинда россиялик мухолифатчиларнинг ЮКОС нефт компанияси собиқ раҳбари Михаил Ходорковский томонидан ташкил этилган учрашувининг икки иштирокчиси соғлиғида муаммолар борлиги ҳақида хабар берди.

Улардан бири - яқинда Россиядан чиқиб кетган. "Агентлик" исмини келтирмаган журналист тадбир давомида батафсил очиқланмаган аломатларни бошдан кечирган. Унинг сўзларига кўра, улар конференциядан олдин ҳам пайдо бўлган бўлиши мумкин. Журналист 2020 йил август ойида заҳарланган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний даволанган Берлиндаги Charité клиникасига мурожаат қилди.

Иккинчи жабрланувчи - АҚШда жойлашган Free Russia Foundation нодавлат ташкилоти раҳбари Наталя Арно. Фаол Россиядаги вазият бўйича учрашувлар учун Прагага боришдан олдин Берлиндаги анжуманда қатнашган. У ерда ўткир безовталикни ҳис қилган. Семптомлар бошланишидан бироз олдин Арно Прагадаги меҳмонхонаси эшиги очиқ эканлигини ва хонада “арзон парфюмерия ҳиди”га ўхшаш ғалати ҳид борлигини аниқлаган, деди "Агентства" суҳбатдошларидан бири.

Мавзуга оид