Жаҳон | 11:03 / 23.05.2023
5997
3 дақиқада ўқилади

АҚШ F-16 ҳақида: ҳарбий операциялар бўйича қарор Киев томонидан қабул қилинади

Украина F-16'дан фойдаланган ҳолда ҳарбий операциялар ўтказиш бўйича қарорларни ўзи қабул қилади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаменти вакили айтиб ўтди.

Фото: Omar Marques/Getty Images

“Биз украиналикларга Украина чегараларидан ташқаридаги ҳужумлар Американинг F-16 қирувчиларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилишига йўл қўймаслигимизни ёки буни рағбатлантирмаслигимизни жуда аниқ айтдик”, деди АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Мэтью Миллер брифингда. У 22 май куни кечқурун бўлиб ўтган тадбирда Киевга берилган Америка қуролларидан Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун фойдаланиш имконияти ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

“Аммо мен бир қадам орқага чекиниш ва барчага эслатиш муҳим деб ўйлайман: бу урушни айнан Россия бошлади ва тинч аҳолига – мактаблар, шифохоналар, фуқаролик инфратузилмаси объектларига Россия ҳужум қилишда давом этяпти. Демак, украиналикларнинг ўзи ҳарбий амалиётларини қандай ўтказишни ҳал қилиши лозим. Аммо бу урушда тажовузкор - айнан Россия”, - деди у.

Аввалроқ Миллер худди шу саволга жавоб берар экан, АҚШ президенти Жо Байденнинг Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари яқин ойларда украиналик учувчиларни F-16 қирувчи самолётларини бошқаришга ўргатишни бошлаши ҳақидаги ваъдасини эслатиб ўтганди.

Бундан олдин Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Украина яқин орада F-16 қирувчи самолётларини олишига умид билдирди. 

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Брюсселдаги йиғилиши олдидан у Киевга замонавий қирувчи самолётлар етказиб бериш бўйича коалиция тузиш қарорини олқишлади ва украиналик учувчиларни тайёрлаш бошланганини айтди, деб ёзади «Укринформ» ўз мухбирига таяниб.

АҚШ президенти Жо Байден 19 май куни Япониянинг Хирошима шаҳрида бўлиб ўтган G7 етакчилари саммитида Вашингтон украиналик учувчиларни АҚШда ишлаб чиқарилган F-16 қирувчи самолётларида ўқитиш режаларини қўллаб-қувватлаши ҳақида маълум қилди. 

CNN ва AFP таъкидлашича, учувчилар ўқитилаётган вақтда Украина самолётни қачон қабул қилиши, шунингдек, уни ким ва қанча қирувчи билан таъминлаши ҳақида қарорлар қабул қилинади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид