14:59 / 23.05.2023
20591

Днипрога ракета зарбаси оқибатлари ва Белгороддаги диверсантлар. Уруш суратлари

Украинадаги урушнинг 453-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Белгород области губернатори Вячеслав Гладков 22 май куни регион ҳудудига «украин диверсантлари» бостириб киргани ҳақида хабар берди. Россия ва Украинадаги телеграм-каналлар маълумотларига кўра, Россия ҳарбийлари ва кучишлатар тузилмалар ходимлари диверсантлар билан жангга киришган. Гладковнинг сўнгги маълумотларига кўра, чегарадаги аҳоли яшаш манзиллари ўққа тутилиши оқибатида тинч аҳоли вакилларидан камида 12 киши яраланган, эвакуация вақтида кекса ёшли аёл ҳалок бўлган. Регионда аксилтеррор амалиёт режими жорий этилган. 
  • «Диверсия» учун жавобгарликни Украина томонида жанг қилаётган «Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз зиммасига олган.
  • Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасидагилар «Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ўтказаётган амалиётдан мақсад «Украина фуқаролари ҳимояси учун хавфсиз йўлак ташкил этиш» ҳисобланишини айтди. Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк кейинроқ Украина «россиялик партизанлар» томонидан уюштирилган диверсияни шунчаки кузатиб бораётганини маълум қилди.
  • 22 майга ўтар кечаси Днипропетровск области осмонида 15 та дрон ва тўртта қанотли ракета уриб туширилди. Вайронгарчиликлар ва жабрланганлар бор.

Куннинг асосий воқеаси. Белгород областидаги «диверсия»

22 май куни Белгород области Грайворон шаҳар округи ҳудудига, маҳаллий расмийлар маълумотига кўра, «Украина ҚК диверсия-разведка гуруҳи бостириб кирди». Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Дроновка, Глотово, Козинка ва Гора-Подол қишлоқлари ҳудудларида жанглар бошланган, шунингдек «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктига украинлар танки кириб келган.

Губернатор Вячеслав Гладковнинг маълумотларига кўра, тинч аҳоли вакилларидан камида 12 киши ҳалок бўлган, яна бир кекса ёшли аёл эвакуация чоғида вафот этган. Россия телеграм-каналларига кўра, Белгород области ҳудудим мудофаа кучлари аъзоларидан бири ҳам ҳалок бўлган. Области ҳудудида аксилтеррор амалиётлар режими жорий этилган.

«Россияга озодлик» легиони ва «Россия кўнгиллилар корпуси» ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олган — украин разведкаси буни тасдиқлаган ва амалиётдан мақсад «Украина фуқаролари ҳимояси учун хавфсиз йўлак ташкил этиш» эканини айтган. Аммо Украина президенти офиси маслаҳатчиси Михайло Подоляк украин ҳукумати бу воқеаларга бевосита алоқадор эмаслигини маълум қилди.

Кремлдагилар бу ҳодисани Украина қуролли кучларининг «диққатни Бахмут йўналишидан чалғитиб, Украина томонининг Артёмовскни йўқотишидан сиёсий таъсирни минималлаштириш»га уриниши деб баҳолади.

«Россия кўнгиллилар корпуси» аъзоси «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктида Россия ФХХга тегишли бўлган зирҳли транспортёр (БТР) ёнида
«Россия кўнгиллилар корпуси» аскарлари Белгород областидаги «Грайворон» назорат-ўтказиш пунктида
Диверсантлар яна бир БТР-80 зирҳли транспортёрини ўлжа қилиб олишган.

Днипро ўққа тутилиши оқибатлари

22 майга ўтар кечаси Россия қўшини Днипро бўйлаб ёппасига зарбалар йўллади. Област маъмурияти раҳбари Сергей Лисак хабар қилишича, регион устида жами 15 та дрон ва тўртта қанотли ракетани уриб туширишга муваффақ бўлинган. Ҳужум вақтида тинч аҳоли вакилларидан етти киши жабрланган. Шунингдек, Лисакнинг маълумотига кўра, област ҳудудида учта хусусий уй ва тўққизта кўп квартирали уйлар, болалар боғчаси, дўконлар ва маъмурий бинолар шикастланган. Олтита автомобил яксон этилган. Днипронинг ўзида учта хусусий корхона бинолари зарбага учраган (айнан қандай корхоналар эканига аниқлик киритилмаган).

Днипро бўйлаб ракета зарбасидан кейин ҳосил бўлган улкан ўра атрофида турган қутқарувчилар ва ҳарбийлар
Seth Herald / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Днипрода россияликларнинг ракетаси келиб тушган жойлардан биридаги ўт ўчирувчилар
Seth Herald / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Ўт ўчирувчилар қисми ва лаборатория жойлашган бинонинг кўриниши — бу ерда 27 ёшли йигит жароҳат олган
Seth Herald / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Днипроликлар зарба келиб тушган бино харобалари орасида
J. Daniel Hud / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги окопларда қолаётган украин ҳарбийлари

Украина ҚК жангчиси Бахмут атрофидаги хандақда. Россия томонининг шаҳар тўлиқ эгаллангани ҳақидаги баёнотларига қарамай, Украина ҚК жангчилари олдинги чизиқларда қолмоқда. Украина қўмондонлигига кўра, Бахмут учун жанг давом этмоқда.
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Украин ҳарбийлари россияликлар позициясини танкка қарши гранатомётдан (РПГ) ўққа тутишга тайёрланмоқда
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Гранатомётдан ўт очаётган украиналик жангчи
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Окопдаги украин аскари
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Ирпинда Бэнкси чизган граффити

Киев областининг Ирпин шаҳрида яшовчилар британиялик кўча рассоми Бэнкси чизган граффитини томоша қилмоқда — бу ушбу таниқли рассом Киев областининг Россия босқинидан жабр кўрган шаҳарларида қолдирган етти граффитидан биридир. Ирпинда гимнасткачи қиз тасвирланган граффити чизилган бинони бузишга тўғри келди, аммо бино деворининг Бэнкси иши акс этган қисми сақлаб қолинди ва яқин атрофдаги хиёбонга кўчириб ўтказилди.
Oleksii Chumachenko / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp images / Vida Press
Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top