«Марказий Осиё - Хитой» газ қувурининг Ўзбекистондан ўтган қисми зарарлангани айтилди
Бунга Туркманистоннинг «Галқиниш» газ конидаги авария сабаб бўлиши мумкин.
Туркманистондаги «Галқиниш» конида газни олтингугуртдан тозалаш мосламалари ишламай қолди. Катта миқдордаги олтингугурт билан ифлосланган газ «Марказий Осиё - Хитой» газ қувурига тушди. Оқибатда қувурнинг Ўзбекистондан ўтган қисми зарарланди. Бу ҳақда Turkmen.news хабар берди.
Қайд қилинишича, 17 майга ўтар кечаси Хитойнинг CNPC компанияси мутахассислари Туркманистон-Ўзбекистон чегарасидаги газ қувурида олтингугурт борлигини аниқлаган. «Туркменгаз» давлат концерни томонидан ўтказилган текширувда олтингугуртдан тозаланмаган газ ушбу қувур орқали бир неча кун давомида Хитойга етказилгани маълум бўлган.
Олтингугурт қувурлар учун хавфли бўлиб, уни емириб юборади. Оқибатда газ сизиб чиқиш ҳолатлари юз бериши мумкин.
Turkmen.news хабарига кўра, тўрт кун давомида қувурнинг Ўзбекистондан ўтувчи 80 километр узунликдаги қисмида газ сизиб чиқиши қайд этилган. CNPC Туркманистондан ҳодисага муносабат билдиришни, айбдорларни жазолашни талаб қилган. Келгусида Хитой товон пулини ҳам ундириб олмоқчи.
Манбаларга кўра, газ тозалаш иншоотларининг ишдан чиқишига реактивлар ва эҳтиёт қисмларнинг ўз вақтида харид қилинмагани сабаб бўлган.
20 май куни «Туркменгаз» раҳбарияти хитойлик ҳамкорларга носозлик бартараф этилгани ҳақида маълум қилган. Бироқ, бу ҳақиқатга тўғри келмайди, ҳозир газ фақат 20 фоизга тозаланмоқда, деб таъкидламоқда нашр.
Бу Туркманистондаги «Галқиниш» конида йил бошидан бери иккинчи йирик авария. Январь ойида юз берган яна бир техноген авария оқибатида Туркманистондан Ўзбекистонга табиий газ етказиб бериш бир неча кунга тўхтаб қолган эди.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024